Ҳимояловчи ва сақловчи воситалар одамни хавфли зонага тушиб қолишини ҳамда хавфли ва аварияли ҳолат вужудга келишини бартараф этишга мўлжалланган бўлиб, ҳар қандай ускунага хавфсиз хизмат кўрсатиш имконини беради. Ҳимояловчи ва сақловчи воситаларга:

машинанинг ҳаракатланувчан ёки тегиб кетиш хавфи бўлган қисмларини ёпувчи, юқори ва паст ҳароратдан ҳамда зарарли чанглар ва нурланишлар таъсиридан ишловчиларни жароҳатланиш ва зарарланишдан ҳимояловчи чегараловчилар (ёпгичлар, тўсқичлар);

механизмларни хавфсиз ишга туширувчи ва тўхтатувчи мосламалар (машина иш органларини зудлик билан тўхтатилишини таъминлаш учун электродвигателни электр занжирига тескари улаб айлантириш ҳамда динамик тормозлаш усуллари қўлланилади);

ускуналарнинг юқорида жойлашган қисми ва деталларига хавфсиз хизмат кўрсатилишини таъминлайдиган қурилмалар (иш майдончалари, нарвонлар ва б.қ.);

хавфли омил пайдо бўлганлигидан огоҳлантирувчи қурилма ва асбоблар (манометрлар, огоҳлантириш воситалари ва б.қ.);

хавфни бартараф этувчи қурилма ва асбоблар (тўсқичлагичлар, сақловчи клапанлар, муфталар ва б.қ.);

тўсиқлар, газ баллонлари, ишга тушириш ручкалари ва тугмачалари, симларни белгилаш маркалари ва бошқаларидан ажратиш учун бўялиши ва бошқалар киради.

Тўсқичлагичлар (блокировка) қурилмалари одамни хавфли зонага ўтишига тўсқинлик қилади ёки унинг бу зонада бўлган пайтида хавфли омилни бартараф этади. Электр тўсқичлагичлар технологик ускуна электр юритмасини машинанинг хавфли зоналарида ҳимояловчи тўсиқлар (ёпгичлар) мавжуд бўлганда юргизади.

Зарарли омиллардан ҳимоялаш. Пахта тозалаш корхоналари машина ва механизмларида пайдо бўладиган шовқин, титраш ва чанг зарарли омиллар жумласига киради.

Шовқинни камайтириш тадбирларига: механизмлар ва қурилмаларни кам шовқинли қилиб лойихаланиши ва тайёрланиши; технологик ускуналарни техник соз ҳолатда ушлаб туриш (қўзғалувчан қисмларни ўз вақтида мойланиши, уларни емирилмасидан алмаштирилиши); юқори шовқинли ускунани иш жойларидан ажратишни ташкил қилиш киради.

Шовқинни тарқалиш даражасини камайтиришнинг қуйидаги: тебраниш амплетудасини камайтириш, металл деталларни акустик қаршилиги катта бўлган материаллар билан алмаштириш, думаланиш подшипникларини сирпаниш подшипниклари билан алмаштириш, текис тасмали узатмани понасимон тасмали узатмалар билан алмаштириш, тўғри тишли узатмани қия тишли ва шеврон тишли узатмалар билан алмаштириш, илгариланма-қайтма ҳаракатни айланма ҳаракат билан алмаштириш, барча айланувчан деталларни динамик мувозанатлаш, демпфер материаллардан (резина, пластмасса, кигиз, асбест ва бошқалар) дан фойдаланиш киради.

Пахта тозалаш корхоналарида пахтани ва толали материалларни қувурларда ҳаво билан ташигич вентиляторлари (қуввати 75 квт-гача, n=1450 айл/дақ.), асосий шовқин манбаъси ҳисобланилади ва аэродинамик шовқин ҳосил қилади: унинг шовқинини босими 105 дБа га тенг бўлиб 800—1000 метргача тарқалади. Вентиляторларда шовқин ва титрашни камайтириш учун: вентилятор ғилдирагини (паррагини) мувозанталаш; вал таянчлари ҳолатини назорат қилиб бориш, вентиляторни емирилган шарикли подшипникларда ишлатилишига йўл қўймаслик; вентилятор ғилдирагида ғадир-будирликлар бўлмаслиги, ғилдирак деталалари: парраклар, диск ва халқанинг емирилган ҳолатда ишлатилишига йўл қўймаслик керак. Акс ҳолда, буларнинг ҳаммаси толали массани ёпишиб тиқилишига ва вентилятор мувозанатини бузилишига олиб келади; вентиляторни 50%– дан кам фойдали иш коэффициенти билан ишлаши шовқинга сабаб бўлади, шунинг учун унинг юкланганлиги 50%– дан юқори бўлган ҳолатда ишлатиш керак.