Зарарли меҳнат шароитлари таъсири келтириб чиқарадиган касалланиш касбий касалланиш (касб касаллиги) дейилади. Касб касалликларига сурункали чанг бронхити, титраш касаллиги, ўткир моддалар билан заҳарланишлар ва б.қ. киради.
Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари физикавий, кимёвий, биологик ва психофизиологик синфларга гуруҳланади.
Физикавий омилларга ҳаракатланаётган машина ва механизмлар, ўткир қирралар, иш жойини ер (пол) сатҳидан баландда жойлашганлиги, тепадан тушган ёки отилган нарсалар, юқори даражали зарарли аэрозоллар, газлар, ионлаштирувчи ва бошқа нурланишлар, электр занжири кучланиши, магнит ва электромагнит майдонларининг кучланганлиги, статик электрланиш, шовқинлар, титраш, юқори ёки паст ҳарорат, ҳавони намлиги, силжиши, ионлашуви, атмосфера босими, табиий ёритилганликни йўқлиги ёки етишмаслиги, ёруғлик оқимини ўчиб-ёниши, тўғри ёки қайтган ёрқинлик ва бошқалар киради.
Кимёвий омилларга турли агрегат ҳолатидаги ўткир моддалар: дихлорэтан, ацетон, бензол ва бошқа эритувчилар; метан, корбонат ангидрид, ацетилен ва бошқа газлар; лаклар, краскалар, эмаллар; дори воситалари ва бошқа кимёвий моддалар киради.
Биологик омиллар турли биологик объектларни: патоген микроорганизмлар (бактериялар, вируслар, қўзиқоринлар ва б.қ.), шунингдек, макроорганизмлар (ўсимликлар ва ҳайвонлар) ни ўз ичига олади.
Психофизиологик омилларга физикавий (статик ва динамик) ва асаб-психик зўриқиш (ақлий ўта кучланиш, меҳнатни монотонлиги, эмоционал зўриқиш ва б.қ.) киритилган.
Пахта тозалаш корхоналари ишлаб чиқариш жараёнларида тан жароҳатланиши олишлар қуйидаги хавфли омиллар сабабли: пахта тозалаш корхоналари технологик ускуналарини ҳаракатга келтирувчи электр токи ва электрқурилмалардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя қилинмаганликдан; технологик машиналарни ҳаракатланувчи ишчи органлари (шеткали, қозиқли, аррасимон тишли барабанлар, шнеклар, валчалар, аррали валлар ва б.қ.) ва уларни ҳаракатлантирувчи қисмлари (валлар ва бириктирувчи муфталар, тишли, занжирли, тасмали, червякли узатмалар ва уларнинг деталлари- ғилдираклар, занжирлар, тасмалар, шкивлар, ва б.қ.) хавфсизлиги таъминланмаганлигидан; пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш қоидалари талаблари бузилганлигидан; 45 градусдан юқори ҳароратда қиздирилган сиртлар ва агрессив таъсир этувчи кимёвий моддалар (ишқорли ва кислотали аккумляторлар учун натрий ва калий ишқорлари ҳамда сульфат кислотанинг ишлатилиши) билан ишлашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаганликдан; бехосдан юқоридан нарсаларнинг тушишидан; суянчиқлар билан жиҳозланмаган нарвонлардан фойдаланишдан ва бошқалардан содир бўлиши мумкин.
Инсон саломатлиги ва ҳаёти учун доимий ёки вақти-вақти билан хавф содир бўладиган ҳудуд хавфли зона деб аталади. Пахта тозалаш заводларида хавфли зона: пахта ғарамидан 3—4 метр масофагача доимий хавфли зона мавжуд – пахта ғарами қулаб кетиши мумкин; лентали транспортер остида, ғарам бузгич стреласининг иш зонаси остида, машиналар юритмалари яқинида ҳам хавфли зона бўлади; дориланган уруғлик чигитни қопларга солиш жойида зарарли чанг чиққанлиги сабабли, хавфли зона ҳосил бўлади.
Вақти-вақти билан содир бўладиган хавфли зонага гидропресс камераси олдида тола тойини итариб чиқаргич ҳаракат қиладиган зона ва иш камераси фартугини олганда жин ёки линтер олдида содир бўладиган хавфли зоналар киради.
Хавфли зона ўз чегарасини ўзгартириши мумкин: лентали транспортер фермасининг эгилиш бурчаги ва туриш жойига кўра, пахта ғарамининг баландлигига кўра хавфли зонанинг чегаралари ўзгариши мумкин.
Ҳимояловчи ва сақловчи воситаларнинг вазифалари ва турлари.