Ишлаб чиқариш жараёнларида ёнғин ва портлаш хавфи бўлмаслиги, шунингдек, зарарли моддалар отқиндилари билан атроф муҳит ифлосланмаслиги ҳамда зарарли физик омиллар (шовқин, вибрация ва б.қ.) манбаи бўлмаслик чораси кўрилади.
Пахта тозалаш корхоналарида бажариладиган технология жараёнлари турли-туман бўлсада, шунинг билан бир қаторда умумий талаблар мавжуд бўлиб уларнинг амалга оширилиши: зарарли таъсир кўрсатувчи хом-ашё, материалар, тайёр маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш чиқиндилари билан ишчиларнинг бевосита ишлашини бартараф этиш; ишлаб чиқаришнинг зарарли ва хавфли омиллари вужудга келиши мумкин бўлган технология жараёнлари ва операцияларини, кўрсатилган омиллар вужудга келмайдиган ёхуд кам миқдорда вужудга келадиган жараёнлар ва операциялар билан алмаштириш; ишлаб-чиқаришнинг хавфли ва зарарли омилларини бартараф этиш мумкин бўлмаганда комплекс механизациялаштириш, автоматлаштириш ёки масофадан бошқаришни қўллаш; иш зонасига зарарли моддалар, иссиқлик ва намликни таъсирини бартараф этиш учун ишлаб чиқариш ускуналарини зич беркитиш (герметизациялаш) ва иссиқликдан ҳимоялаш; ишловчиларни турли хил табиатли зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан ҳимоялаш учун ускуналарни жамоавий ҳимоя воситалари билан жиҳозлаш; яхши бошқарувчанликка эришиш, автоматлаштиришни кенгроқ қўллаш учун мураккаб кўп босқичли жараёнларни хавфсизроқ кам ёки бир босқичли жараёнлар билан алмаштириш; иш режимининг турғунлиги ва соддароқ ростланиши эвазига даврий жараёнлардан узликсиз жараёнларга ўтиш; ишлаб чиқариш ускуналарини сигналлаш ва ўз вақтида ўчириш йўли билан аварияларни олдини олиш; ишловчиларни ҳимоялашни таъминлайдиган, технология жараёнлари ва ускуналарида иш тартибини узликсиз назорат қилиш ва бошқариш тизимларини қўллаш; ёнғин ва портлаш хавфи бўлган авария ҳолатларида, зарарли моддаларнинг ЧРК (чегаравий рухсатли концентрацияси) дан ёки айрим технология операцияларида бошқа зарарли ёки хавфли ишлаб чиқариш омилларининг таъсири рухсатли даражадан ошиб кетганда, технология жараёнларини ўз вақтида маълумот олишини таъминлайдиган қурилмалар билан жиҳозлаш; ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омилларини пайдо бўлишига сабабчи бўладиган ишлаб чиқариш чиқиндиларини ўз вақтида зарарсизлантириш ва чиқариб ташлаш; технология жараёнларига хизмат кўрсатишни ташкиллаштириш, жисмоний ва асаб-психологик зўриқишларни олдини олиш учун меҳнат ва дам олишни рационал тартибини қўллаш хавфсизликни таъминлаш имконини беради.
Шунингдек, технология жараёнларини бажарилишига қўйиладиган хавфсизлик талаблари технологик ҳужжатларда акс эттирилиши ва ишлаб чиқариш отқиндиларидаги зарарли моддалар миқдори атмосфера ҳавосидаги зарарли моддалар миқдорини меёрий даражасидан ошиб кетишига йўл қўймаслик чораси кўрилади.
I.7. Ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омилларидан ҳимоялаш ва сақлаш воситалари
Одамнинг меҳнат фаолияти ишлаб чиқариш шароитларининг маълум муҳитида кечади ва у гигиеник талабларга риоя қилинмаганда одамни ишлаш қобилияти ва соғлиғига номақбул таъсир кўрсатиши мумкин. Одамни ҳаёти ва соғлиғига номақбул таъсир этадиган ҳодиса, жараён ва нарсага хавф дейилади.
Маълум шароитларда ишловчига номақбул таъсири жароҳатланишга ёки бошқа бехосдан соғлиқни тез ёмонлашувига олиб келувчи омил ишлаб чиқаришнинг хавфли омили, номақбул таъсири касалланишга ёки иш қобилиятини пасайишига олиб келадиган омил эса ишлаб чиқаришнинг зарарли омили дейилади.
Хавфли ёки зарарли омилнинг таъсири оқибатида содир бўлган ҳодисага бахтсиз ҳодиса, унинг оқибатида одам организми терисини шикастланиши ва унинг функцияларини бузилишига жароҳат дейилади.