Ишчиларга йўл-йўриқлар бериш ва уларни ўтказилишини ташкиллаштириш. Ишчиларга меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўл-йўриқ беришнинг қуйидаги турлари мавжуд: кириш, иш жойидаги дастлабки йўл-йўриқ, қайта, режадан ташқари ва мақсадли йўл-йўриқ бериш. Буларнинг барчасида ўқитиш ва билимларни текшириш элементлари мавжуд.
Кириш йўл-йўриғи билим даражаси, ушбу касб ёки лавозимдаги иш стажидан қатъий назар, корхонага қабул қилинаётган барча ишловчилар ҳамда хизмат сафарига юборилганлар, ишлаб чиқаришга ўқиш ёки амалиёт ўтишга келган талабалар ҳамда ўқувчилар билан ўтказилади.
Кириш йўл-йўриғининг мақсади – корхона ва меҳнатни мухофаза қилишни умумий қоидалари ва талаблари билан таништириш.
Кириш йўл-йўриғини меҳнатни мухофаза қилиш муҳандиси ёки корхона иш берувчиси буйруғи билан меҳнатни мухофаза қилиш муҳандислиги вазифаси зиммасига юклатилган, муҳандис-техник маълумоти бўлган мутахассис ўтказади.
Кириш йўл-йўриғи 2—3 соат ҳажмида, меҳнатни мухофаза қилишнинг кириш йўл-йўриғини намунавий дастуридан (Илова-5.1) фойдаланилиб ва МХСТ нинг талаблари асосида тузилган дастурга биноан ўтказилади.
Кириш йўл-йўриғи плакатлар ва ўқув қўлланмалари билан жиҳозланган меҳнатни мухофаза қилиш кабинетида ёки бошқа махсус хонада ўтказилади.
Кириш йўл-йўриғини ўтказиш ва билимларни текшириш тўғрисидаги ёзувлар кириш йўл-йўриғини ўтказиш журналида қайд этилади (Жадвал-5.1).
Жадвал-5.1
Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича кириш йўл-йўриғини ўтказилганлигини қайд этиш журнали
Иш жойида дастлабки йўл-йўриқ бериш корхонага ишга қабул қилинган барча ишловчилар, бир бўлинмадан бошқасига ўтказилганлар, хизмат сафарига келганлар, ишлаб чиқариш ўқиши ва амалиётига келган талабалар ва ўқувчилар, биринчи маротаба янги иш бажараётганлар, ишлаётган корхона ҳудудида қурилиш ишларини бажараётган қурувчилар билан ўтказилади.
Дастлабки йўл-йўриғининг мақсади – муайян ускуна билан маълум технология жараёнини бажаришда хавфсизликни таъминлашни аниқ талаблари ва қоидаларини ўрганиш.
Иш жойида дастлабки йўл-йўриқ бериш ҳар бир ишловчи билан алоҳида-алоҳида меҳнатнинг хавфсиз усуллари ва услубларини кўрсатиб ўтказилади.
Иш жойида дастлабки йўл-йўриқ ўтган ва билимлари текширилган барча ишчилар биринчи 6—10 смена мобайнида (иш стажи, тажрибаси бажарилаётган иш хусусиятига кўра) ишни иш устаси кузатувида бажариши, шундан сўнггина назорат варақасига (Илова-5.2) қайд этилиб, мустақил ишлашга рухсат этилиши керак. Назорат варақаси смена бошлиғида (цех бошлиғида) сақланади.
Иш жойида ўтказиладиган дастлабки йўл-йўриқ бериш ҳар бир иш тури ва ишчи касб учун МХСТ талаблари, иш жойида бажариладиган иш хусусиятлари инобатга олинган йўриқномаларга биноан ўтказилади.
Иш малакаси ва иш стажидан қатъий назар ҳар чоракнинг биринчи декадаси мобайнида барча ишловчилар билан қайта йўл-йўриқ ўтказилиши керак.
Қайта йўл-йўриғини мақсади – меҳнатни мухофаза қилиш қоидаларини ишловчини эсига тушириш, йўриқномалар ва қоидалардан билимлар даражасини ошириш ва корхонани ишлаб чиқаришида мавжуд бўлган хавфсизлик талаблари бузилишларини муҳокама қилиш. Қайта йўл-йўриғи ишчи билан алоҳида ёки ишчилар гуруҳи ва иш турларидан иш жойида ўтказилади.
Навбатдан ташқари йўл-йўриқ бериш қуйидаги ҳолларда ўтказилади:
– меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар талаблари ўзгарганда;
– технология жараёни ўзгарганда;
– ускуна, мослама, асбоблар алмаштирилганда, ёки такомиллаштирилганда;
– меҳнат шароити ва меҳнатни ташкил қилиш ўзгарганда;
– ишловчилар томонидан хавфсизлик талаблари бузилганда;
– хавфли ишларни бажаришда 30 кун, одатдаги ишларни бажаришда 60 кун танаффусга йўл қўйилганда.