Хавфлилиги юқори ишларни бажарувчиларни ўқитиш («Ўзсаноатконтехназорат» объектларига хизмат кўрсатувчилардан ташқари), бош муҳандис томонидан тасдиқланган дастур асосида бевосита корхонанинг ўзида ўтказилади. Хавфсизлигига юқори талаблар қўйиладиган ишларни бажарувчи ишловчиларни меҳнат хавфсизлигидан ўқитиш дастури ҳажми 20 соатдан кам бўлмаган намунавий дастур (Илова-5.4) асосида ишлаб чиқилиши керак. Дастурда касбнинг барча хусусиятлари ва хавфли ишни хавфсиз бажариш бўйича талаблар акс эттирилиши керак.

Хавфсизлилигига юқори талаблар қўйиладиган ишларни бажарувчи ишловчиларни ҳар йили меҳнат хавфсизлигидан қайта ўқитиш ва аттестациядан ўтказиб туриш керак.

Корхоналарда меҳнатни мухофаза қилиш хонаси (кабинети). Пахта тозалаш корхоналарида, корхонага ишга кираётган ишчи ва хизматчиларга, хизмат сафарига келганларга, амалиёт ўтаётган коллежлар ва олий ўқув юртлари талабаларига кириш йўл-йўриқларини бериш, корхонадагиларни меҳнатни мухофаза қилишдан ўқитиш, меҳнат хавфсизлигига юқори талаблар қўйиладиган касб ишчиларига курслар, семинарлар ва мавзули дарслар ташкил қилиш, ишловчиларни билимларини текшириш, меҳнатни мухофаза қилишдан илғор тажрибаларни тадбиқ қилиш, цехлар ва тайёрлов масканларида меҳнатни мухофаза қилиш бўйича бурчаклар ташкил қилиш ва ҳ.к. вазифаларни бажариш майдони 24 метр квадратдан кам бўлмаган меҳнатни мухофаза қилиш хонаси ташкил қилинади.

Меҳнатни мухофаза қилиш хонаси қуйидагилар: Ўзбекистон республикасининг меҳнат кодекси, меҳнатни мухофаза қилиш қонуни ва бошқа меъёрий ҳужжатлари; меҳнатни мухофаза қилишдан меъёрий-техника ҳужжатлари (тармоқ ва тармоқлараро меҳнатни мухофаза қилиш қоидалари, МХСТ, санитария меъёрлари ва қоидалари ва б.қ); меҳнатни мухофаза қилишдан ишловчиларни ўқитиш ва билимларини текшириш учун ўқув дастурлари, методик ва дастурлаштирилган (ўқитишни техник воситалари ва билимларни текшириш воситалари) қўлланмалар; корхонада ишлайдиган барча ишловчилар учун меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар; меҳнатни мухофаза қилишдан ўқув қўлланмалари; ўқитиш техник восииталари (диапроекторлар, магнитофонлар, назорат-ўқитиш машиналари, назорат-ўлчов асбоблари), меҳнатни мухофаза қилиш бўйича кўргазмали қўлланмалар (плакатлар, схемалар, макетлар ва б.қ.), ўқитиш инвентарлари ва бошқа техник воситалар билан жиҳозланган бўлиши керак.

Меҳнатни мухофаза қилиш кабинети ишини бошқариш ва унинг кундалик ишини ташкил қилиш меҳнатни мухофаза қилиш мухандиси, кабинетни ишини ташкил қилиш ва унинг ишлашини назоратини олиб бориш учун жавобгарлик корхона бош муҳандиси зиммасига юклатилади.

Меҳнатни мухофаза қилиш кабинети иши учун жавобгар шахс қуйидагиларга мажбур:

кабинетнинг йиллик ва ойлик режаларини тайёрлайди;

кириш йўл-йўриғини ўтказади, йўл-йўриқ олганларни рўйхатга олади;

меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ўқитишни ва билимларни текширишни ташкил қилади, билимлари текширилганларнинг ҳисоботини олиб боради (қарорлар сақланади);

меҳнатни мухофаза қилиш соҳасида илғор тажрибаларни ташвиқот қилиш бўйича тадбирлар ўтказади;

меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ишчилар ва мухандис-техник ходимларнинг билимларини текшириш бўйича текширув саволлари ва имтиҳон билетларини ишлаб чиқади; текширув-ўқитув машиналари мавжуд бўлса, билимларни текширишнинг дастурлаштирилган қўлланмаларини даврий равишда янгилаб туради;

корхонанинг цехлари, тайёрлов пунктлари ва ишлаб чиқариш участкаларида меҳнатни мухофаза қилиш бурчакларини ташкил этилиши ва жиҳозланишида ёрдам кўрсатади;

меҳнатни мухофаза қилиш бўйича корхона бўлинмаларини босма ва кўргазмали ташвиқот воситалари билан таъминлайди.