Ишчиларни малакасини ошириш – бу уларнинг касбий ва иқтисодий билимларини, ишни бажариш ва маҳоратини кетма-кет такомиллаштириш, мавжуд касблар бўйича усталигини ошириш учун ўқитишдир. Ишчиларнинг малакасини ошириш бўйича ўқитиш: ишлаб чиқаришнинг иқтисодий курсларида; хўжалик юритиш мактабларида; мақсадли курсларда; меҳнатнинг илғор усуллари мактабларида ҳамда бригадирлар курсларида амалга оширилади.

Ишлаб чиқаришнинг иқтисодий курслари ишлаб чиқариш талабига биноан, ишчиларни касбий ва иқтисодий билимларини чуқурлаштириш ва кенгайтириш, уларни юқори таъриф разряди олишлари учун маҳоратларини ошириш мақсадида ташкил этилади. Бу курслар малака имтиҳони топшириш билан якунланади. Хўжалик юритиш мактаблари корхона иш берувчисининг касаба уюшмаси ҳамкорлигида ташкил қилган, ишчиларни касбий ва иқтисодий умумий тайёрлашнинг асосий шакли ҳисобланади.

Мақсадли курслар бевосита корхонанинг ўзида, ўқув марказлари ёки бошқа ўқув юртларида янги техникалар, ускуналар, материаллар, технология жараёнлари, хўжалик юритиш усуллари, ишларни ташкил қилишни илғор шакллари, меҳнат қонунлари, ускуналарни техник ишлатиш ёки меҳнатни мухофаза қилиш қоидалари, маҳсулотлар сифатини ошириш билан боғлиқ масалалар ва бошқаларни ўргатиш учун ташкил этилади.

Пахта тозалаш корхоналарига ишга қабул қилинган барча ишчиларга, ишлаб чиқаришнинг хавфлилик даражасидан қатъий назар, мустақил равишда ишлашга фақат меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ўқитилиб, билимлари текширилгандан сўнг рухсат этилади. Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ўқитиш: меҳнатни мухофаза қилишнинг умумий масалалари бўйича назарий ўқитиш ва касб бўйича ишларни бажаришда махсус хавфсизлик масалалари ҳамда турли хил йўл-йўриқ беришда назарий ва амалий ўқитишларни ўз ичига олади. Меҳнатни мухофаза қилишнинг умумий масалалари бўйича барча ишчилар ўқитилади. Техника хавфсизлиги ва саноат санитариясининг махсус масалалари бўйича пахтани қайта ишлаш корхоналарининг барча касб ишловчилари алоҳида ўқитилади.

Пахта тозалаш корхонасини иш берувчиси ишга қабул қилинган ишчини бир ойдан кечиктирмай, касбий тайёргарлигидан қатъий назар меҳнатни мухофаза қилишнинг умумий масалаларига ва ишларни хавфсиз бажариш усулларига ўқитиши керак. Хавфлилиги турлича бўлган касблар ишловчиларини уларнинг хусусиятларини ҳисобга олиб ўқитиш амалга оширилади. Меҳнат хавфсизлигига ўқитиш ва йўл-йўриқ беришни ташкиллаштириш пахта тозалаш корхонаси раҳбари зиммасига, бўлинмалар бўйича эса уларнинг бошлиқлари зиммаларига юклатилади.

Ишчиларни ўз вақтида ва меҳнатни мухофаза қилиш бўйича сифатли ўқитиш ва йўл-йўриқ ўтказиш устидан назорат қилиш корхонани меҳнатни мухофаза қилиш бўйича мухандиси зиммасига юкланади. Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ўқитиш ва касблар бўйича маҳоратни ошириш ишлари, корхоналар томонидан ташкиллаштирилган махсус курсларда, муайян касб ишчилари учун тармоқ намунавий дастурлари асосида, маҳаллий шароитлар ҳисобга олиниб корхона бош муҳандиси тасдиқлаган, дастур асосида амалга оширилади.

Ишчиларнинг меҳнатни мухофаза қилиш бўйича билимларини текшириш, корхона иш берувчисини касаба уюшмаси билан келишилиб тасдиқлаган буйруғи асосида, ташкил этилган комиссияси томонидан амалга оширилади. Комиссиянинг таркиби қуйидагича бўлиши тавсия қилинади:

Комиссия раиси – корхона бош муҳандиси;

Комиссия аъзолари: корхонани меҳнатни мухофаза қилиш бўйича муҳандиси, смена устаси, бош механик, бош энергетик, корхона касаба уюшмасининг вакили (меҳнатни мухофаза қилиш бўйича вакил).

Билимларни текшириш 3 кишидан кам бўлмаган комиссия томонидан амалга оширилади. Билимлари текширилганда қониқарсиз баҳо олган ишловчилар, қайтадан ўқитилмасдан ва қониқарли баҳо олгунларича, мустақил ишлашга қўйилмайди. Билимларни текшириш журнал ва гувоҳномада қайд этилади ҳамда ишловчига қўл қўйдирилиб гувоҳнома берилади. Кейинчалик барча ишловчиларнинг билимлари, комиссия томонидан ҳар йили бир марта текширилиб, гувоҳномада қайд этилиб борилади.