– ҳисобга олиш, назорат ва ўз-ўзини назорат қилиш тизимини амалга оширишни билиши;
– ўқувчиларга таъсир кўрсата олиш, уларда фаолликка қизиқиш уйғота олиш, ўқувчиларга йўл-йўриқлар бера олиш, уларда ишлаш, ўқиш, дам олиш ва бошқа кўникмаларни ҳосил қила олиши;
– жамоа билан оқилона ҳамда самарали ишлай олиши;
– меҳнат қилиш ва дам олиш шароитларини такомиллаштириб, улардан рационал фойдалана олиши лозим.
Маълумки, технология фани дарсларида ўқувчиларнинг амалий ишларини, шу жумладан ижодий фаолиятини ташкил этиш бевосита ўқитувчининг шу соҳага оид билими ва педагогик маҳоратига боғлиқдир. Шу сабабли Технологик таълим таълим йўналишида таҳсил олётган талабалар учун «Технология фанини ўқитишда инновацион педагогик технологиялар» деб номланувчи танлов курс ташкил этиб, бир неча йилдан бери шу соҳада иш олиб бордик [114; 160-161-б.]. Мазкур курс учун 34 соат вақт ажратилган бўлиб, бундан 18 соатида маъруза, 16 соатида эса амалий машғулот ўтилади. Бунда талабаларга умумий педагогика, педагогик маҳорат, педагогик техника, технология ўқитиш методикаси каби фанларда таълим технологияларидан фойдаланиш бўйича умумий ҳолда берилган тушунчалар янада кенгайтирилади, тўлдирилади, мустаҳкамланади ва хусусий ҳолга келтирилади. Бунинг учун аввало мазкур танлов курс бўйича намунавий ва ишчи режа тузилди, сўнгра муаммоли маруза матнлари ва услубий қўлланма тайёрланди [119, 147]. «Технология фанини ўқитишда инновацион педагогик технологиялар» танлов курсини ўрганишга оид ишчи дастур қуйидаги мазмунда тузилди:
1. Маъруза машғулoтлари. Кириш, «Технология фанини ўқитишда
инновацион педагогик технологиялар» танлов курсини ўрганишни ташкил
этиш ва ўқитишдан кўзланган мақсад ва вазифалар. Педагогик технология
ҳақида умумий тушунча, уни юзага келиши. Педагогик технология таърифлари. Янги педагогик технологиялардан фойдаланишга оид айрим адабиётлар тавсифи. Педагогик технологиянинг кўринишлари ва асосий йўналишлари. Педагогик технология тамойиллари ва мезонлари. Технология фани дарсларида янги педагогик технологиялардан фойдаланиш масалалари. Кириш дарсларини ўтказишда қўлланиладиган педагогик технологиялар. Янги билимлар бериш, меҳнат кўникмаларини шакллантириш дарсларида қўлланиладиган педагогик технологиялар. Такрорлаш ва мустаҳкамлаш дарсларида қўлланиладиган педагогик технологиялар. Синов дарсларида қўлланиладиган педагогик технологиялар.
2. Амалий машғулoтлар. Педагогик технология тушунчасининг юзага келиш тарихи ва унга оид таърифлар билан танишиш. Технология фанига оид кириш дарсларини ташкил этишда қўлланиладиган педагогик технологияларни ўрганиш. Янги билимлар бериш, меҳнат кўникмаларини шакллантириш дарсларини ташкил этишда қўлланиладиган педагогик технологияларни ўрганиш. Такрорлаш ва мустаҳкамлаш дарсларини ташкил этишда қўлланиладиган педагогик технологияларни ўрганиш. Синов дарсларини ташкил этишда қўлланиладиган педагогик технологияларни ўрганиш.
Мазкур курсни ўрганиш самарадорлигини аниқлаш мақсадида институтда таҳсил олаётган технологик таълим таълим йўналиши 301-гуруҳ талабалари тажриба гуруҳи, 302-гуруҳ талабалари эса назорат гуруҳи сифатида танлаб олинди. Ўтказилган тажрибаларда мазкур танлов курси ўтилган гуруҳларда бу тушунча ва маълумотларни талабаларнинг ўзлаштириши ҳамда амалда қўллаши юқори даражада бўлганлиги кузатилди. Олинган натижалар 1.1-жадвалда акс этган. Жадвалдаги маълумотлардан кўринадики, «Технология фанини ўқитишда инновацион педагогик технологиялар» танлов курсини ўрганиш бўйича тажриба гуруҳларида олиб борилаётган ишлар яхши самара бермоқда. Шу сабабли бу ишларни янада кенгайтириш, иложи бўлса мазкур курсни «Технологик таълим» таълим йўналиши ўқув режасининг 4-блокига тегишли бўлган махсус фанлар қаторига киритиш зарур, деб ҳисоблаймиз.