. Масалан, ўқувчиларда техник ижодкорликнинг ривожланиши, тажриба ишларида қатнашиш мактаб шароитида асосан технология фани машғулотлари жараёнида ва шу таълим асосида ташкил қилинган синфдан ташқари ишларда содир бўлади. Материалларга ишлов бериш, машиналарда хизмат кўрсатиш ва шу кабиларга доир амалий билим ва кўникмаларнинг шаклланиши ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. Меҳнат фаолияти – ўқувчиларни ҳар томонлама ривожлантириш-нинг муҳим воситасидир. Физиологик нуқтаи назардан олганда технология фани машғулотларида тўғри ташкил қилинган меҳнат фаолияти бола организмининг жисмоний ривожланишига ёрдам беради. Тиббий соҳа мутахассислари томонидан ўтказилган тадқиқотлар устахоналардаги амалий ишларни синфда ўтказиладиган машғулотлар билан алмаштириб туриш ўқувчиларнинг меҳнат қобилиятини оширишини кўрсатди. Технология фани машғулотлари жараёнида жисмоний фаолият ақлий фаолият билан омухталашади. Ўқувчиларнинг буюмларни конструкциялаш, уларни тайёрлаш технологиясини ишлаб чиқиш ва бошқа қатор ижодий вазифаларни ҳал қилишларига тўғри келади. Шундай қилиб, технология фани машғулотлари фикрлаш фаолияти билан бирга амалга ошади, бу эса ўқувчиларнинг ақлий ривожланишига имкон беради.

Технология фани машғулотларининг ғоявий-сиёсий, ахлоқий тарбия учун ҳам аҳамияти катта. Ижтимоий фойдали нарсалар яратиб, унумли меҳнатда қатнашиб ўқувчилар ўзларини ишлаб чиқариш қатнашчилари деб ҳисоблайдилар. Улар давлат мулкига, хусусий ва моддий мулкка қандай эътибор билан муносабатда бўлиш талабига ҳақиқатда тушуна бошлайдилар, меҳнат кишиларини ҳурмат қила бошлайдилар, улардан намуна олишга ҳаракат қиладилар. Технология фани машғулотлари жараёнида эстетик тарбия учун шароитлар яратилади. Агар ўқувчилар чиройли буюмлар ясашса, жамиятга фойда келтирганларидан маънавий қониқиш ҳосил қиладилар ва эстетик завқ ҳам оладилар. Шу билан уларда бадиий дид ҳам тарбияланади, мазмун ва шаклларнинг уйғунлиги ҳақида тўғри тасаввурлар таркиб топади. Ниҳоят, учинчи даражадаги вазифалар ҳар бир машғулот мавзуси доирасида ифодаланади [209; 12-б.].

Технология фани дарслари жараёнида ўқитувчининг ўрни. Технология фанидан амалга ошириладиган таълим ва тарбия ишларида ўқитувчи шахсининг аҳамияти ҳамда ўрнига ҳам тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Маълумки, умумий ўрта таълими мактабларида педагоглар ўқувчиларга маълум фанлардан дарс берувчи, касб ўргатувчи ва ўқувчиларни тарбияловчилардир. Ўқув жараёни такомиллаштириш, ўқувчиларнинг замонавий технологик жараёнларни ўзлаштириб олишлари уларга боғлиқдир. Педагоглар ўқувчиларга таълим ва тарбия беришда асосий ролни ўйнайди.

Машғулотларда ўқувчиларни техник маълумотлар билан таништиради, ўқувчиларда ишлаб чиқариш кўникмаларини, меҳнат маданияти малакаларини таркиб топтиради. Ишлаб чиқариш таълими бериш жараёнида Давлат таълим стандартлари асосида ҳозирги замон кишиси, комил инсонга хос бўлган фазилатларни тарбиялаб боради. Ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатиб, ўз билим ва тажрибаларини берувчи, бозор иқтисодиётига асосланган ижтимоий-иқтисодий ривожланишда ўзбек моделининг асосий тушунча ва тамойиллари асосида ахлоқий сифатларни таркиб топтириш ҳақида ғамхўрлик қилувчи педагогларнинг ҳалол меҳнати тарбияланувчи-ларга чуқур таъсир кўрсатади. Педагогнинг меҳнати натижаси жамиятни ҳар томонлама камол топган ёш авлодни таркиб топтиришдан иборат бўлган инсон фаолиятининг энг масъулиятли соҳасидир. Биринчи Президентимиз И. А.Каримов таъбири билан айтганда: «Ота-она вужуд меъмори бўлса, ўқитувчи қалб меъморидир» [7; 54-б.]. Шунинг учун ҳам Давлат таълим стандартида педагогларга бир қанча талаблар қўйилган. Бозор иқтисодиётига асосланган ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ўзбек моделини таркиб топтириш, ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялаш масалалари жуда муҳим аҳамиятга эга. Бунда педагогларнинг ўқувчиларни тарбиялаш борасидаги роли ва масъулияти анча ортади. Унинг бутун иши ўқувчиларда Ватанга чексиз муҳаббат, дўстлик, ўртоқлик, ҳақиқатгўйлик, ҳалоллик, камтарлик, бурчга содиқлик, меҳнатга ва жамоат мулкига онгли муносабат, жамоат тартибларини бузувчиларга муросасизлик фазилатларини миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялашга қаратилган. Тарбиячининг ахлоқий қиёфаси бугунги кун талабларига мос бўлиши жуда муҳим. Педагог ўзининг барча ишлари ва ҳатти-ҳаракатларида виждонли, ҳалол бўлиши лозим. Педагог мунтазам равишда ўз илмий ва амалий билимларини тўлдириб бориши керак. Айниқса, муҳандис-педагог ўқувчилар ўртасида обрў ва ҳурмат қозонишга қанчалик ҳаракат қилмасин, агар у ўз фанини юзаки билса, ўз ишига, педагоглик касбига нисбатан унда чинакам меҳр-оқибат бўлмаса, ҳеч қачон ўз мақсадига эриша олмайди. Педагог тарбия ва таълим усулларини мукаммал эгаллаб олиши, таълимнинг хилма-хил ва энг самарали усулларини қўллаши, буюм ҳақида қизиқарли сўзлабгина қолмасдан, уни тайёрлаб ўз маҳоратини кўрсата билиши ҳам лозим. Мунтазам равишда ўқувчиларнинг ўзлаштиришини ва уларнинг ўқув машғулотларига муносабатини, умумий камолоти, хулқ-атвор қоидаларини бажаришларини кузатиш; ўқувчиларда ижтимоий ҳодисаларга қизиқиш уйғотиш, бурч ва масъулият, ҳаққонийлик, камтарлик ҳислатлари, иродавий сифатларни тарбиялаш; ўқувчиларнинг моддий турмуш шароитларини ўрганиш педагог учун жуда муҳим. Педагог бу кузатишларни ёзиб бориши ўқувчиларнинг яхши ва ёмон ҳатти-ҳаракатларини уларни келтириб чиқаради деб тахмин қилинган сабабларни қайд қилиб қўйиши, шунингдек ҳар бир ўқувчига таълим ва тарбия беришни яхшилаш чораларини кўриши зарур. Ҳар бир ўқувчига педагогик тавсифнома ёзиб бериш ўқитувчига ўқувчиларда юз берган ўзгаришларни, уларни таълим ва тарбиясидаги силжишларни таҳлил қилиш, улардаги ижобий сифатларни ўстиришга кўмаклашиш имконини беради. Педагогнинг шахсий намунаси, унинг умумий маданиятлилик даражаси ўқувчиларга жуда катта таъсир кўрсатади. Педагогнинг ўзи жамиятимизнинг маданиятли, билимли, илғор кишиси бўлган тақдирдагина таълим-тарбия вазифаларни муваффақиятли ҳал этиши мумкин. Педагог ўз касбига доир билимлардан ташқари ўқувчиларни ҳозир қизиқтираётган фан ва техниканинг бошқа соҳаларига оид маълумотларни ҳам ўзлаштириб олиши керак. Педагог адабиёт, санъат асарлари билан таниш бўлиши, жисмоний тарбия ва спорт масалаларини тушуниши лозим. Педагог маданиятининг баъзи сифатлари: ташқи қиёфаси, нутқ маданияти, педагогик такт ва техникаси яхши одатлари ҳақида тўхталиб ўтамиз. Жумладан украин педагоги А.С.Макаренькони ёзишича, педагог эстетик жиҳатдан ифодали бўлиши керак [177; 116-б.]. Педагог батартиблик, саранжом ва саришталикда намуна бўлиши жуда муҳим. Яхши педагог машғулотларни ўтказишга ҳам, ўзининг ташқи кўринишига ҳам қаттиқ талабчан бўлади. Дарсда ўнлаб ўқувчиларнинг ўзига қараб туришини у ҳеч қачон унутмайди. Педагогнинг нутқи ишонарли, ифодали ва тушунарли бўлиши керак. Баландпарвоз, дабдабали нутқ одатда кишиларда ишонч ҳосил қилмайди. Ундан ҳам ёмони ўқувчилар бундай нутқни тушунмайди-лар. Қуруқ ва ифодасиз тушунтиришлар ҳам яхши нуқсон эмас. Сўзлаш оҳанги нутқ маданиятининг муҳим омилидир. Секин, равон сўзлаш оҳанги ҳар қандай фикрни исбот қилишда ёрдам беради, албатта, сержаҳллик, асабийлик эса кишида салбий таъсирларни келтириб чиқаради. Дарсда жуда баланд ёки ҳаддан ташқари паст овозда гапириш ярамайди. Баланд нутқ ўқувчиларни толиқтиради, шунинг учун ҳам улар педагог фикридаги изчилликни аста-секин йўқота бошлайдилар. Паст овоздаги нутқни эса эшитиб ва тушуниб бўлмайди, натижада ўқувчиларнинг дарсга бўлган қизиқиши йўқолади. Ўқувчиларни тинглай олиш, жавобини бўлмаслик – ўз фикрларини тугаллаб олиши учун жуда муҳимдир. Педагогик такт ва техника ўқув шароитларида жуда хилма-хил масалаларни ҳал қилиш пайтида ўқувчиларга таъсир кўрсатишнинг энг муҳим воситасидир. Педагогик такт ва техника педагог маҳоратининг белгиларидан биридир, дейиш мумкин. Таълим-тарбиявий жараённинг сифатигина эмас, балки педагогнинг ўқувчилар билан ўзаро муносабатлари, обрўси ҳам педагогик такт ва техникага боғлиқ бўлади.