Технология фани бўйича ДТС, ўқув дастуридаги айрим муаммолар ва уларни бартараф этиш ҳақида. Давлатимизда таълим-тарбия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар секин-аста ўз самарасини бермоқда. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида таълимни босқичма-босқич ислоҳ қилиш жараёнида ютуқлар билан бир қаторида айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланмоқда. Буни меъёрий ҳужжат сифатида тузилган Давлат таълим стандартлари мисолида ҳам кузатишимиз мумкин. Стандартдаги технология фани ўқув дастурини таҳлил қилиб чиқиб юқоридаги хулосага келдик. 1999 йилда тузилган Давлат таълими стандартини таълим тизимида қўлланилганда бир қанча муаммолар юзага келди. Педагоглар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар асосида 2006, 2010 йилларда янги таҳрирдаги стандарт жорий қилинди. Янги таҳрирдаги ДТС асосида тузилган ўқув дастурлари, олдинги стандартдаги ўқув дастурларига нисбатан анча кенгайтирилган, аммо бу камчиликлардан ҳоли дегани эмас [123; 14-15-б.]. Масалан, 5-синф бўйича ўқув дастурларини ўрганиб чиқилганда айрим камчиликлар борлиги аниқланди. Буни, хусусан, 5-синфда Газламаларга ишлов бериш технологияси йўналиши ўқув дастури бўйича таҳлил қилиб кўрсак.

1. Материалшунослик бўлимини ўрганишга 4 соат берилган бўлиб, бунда ўқувчиларга биринчи машғулотда хавфсизлик техникаси қоидалари, санитария-гигиена талаблари ўргатилади. Табиий толали газламлардан пахта ва зиғир толаларидан тўқилган газламалар, уларнинг хусусиятлари ҳақида маълумотлар берилади. 2-машғулотда эса саржа (полотно) тўқиш, газламаларнинг ўнг ва тескари томонларини, бўйлама ва кўндаланг ипларини аниқлаш бўйича амалий ишлар бажарилади. Умуман олганда ўқувчиларга 4 соат мобайнида газламалар ҳақида етарли маълумот бериш мумкин.

2. Асбоб-ускуналар, мосламалар ва улардан фойдаланиш бўлимини ўрганишга 4 соат вақт ажратилган бўлиб, бунда ўқувчиларга қўл ишлари ва уларни бажаришда ишлатиладиган асбоб-ускуналар ҳақида умумий маълумот берилади, 3-назорат иши ўтказилади. Кейинги машғулот амалий машғулот бўлиб, бунда ўқувчилар қўл чокларидан намуналар ва ушлагич тайёрлаш ишлари балан шуғулланадилар. Шу билан бирга дазмол билан ишлаш ва дазмоллаш ишларини ҳам ўрганишлари кўзда тутилган. Бироқ, тажриблар-нинг кўрсатишича, бунда ўқувчиларни дазмоллаш ишларини пухта ўрганиш-лари учун вақт етмайди, бу ишни уйга вазифа қилиб бериш ҳам маъқул эмас. Умуман олганда бу дарсларда ўқувчиларга газламаларга ишлов бериш жараёнида қўлланиладиган асбоб-усуналарни, мосламаларни тузилиши, ишлатилиши ҳақида маълумотлар берилади. Бундан ташқари ўқувчиларга иш ўрнини ташкиллаш, меҳнат хавфсизлиги ва санитария-гигиена қоидалари риоя қилиш ишлари ҳам ўргатилади. Бунга ажратилган вақт мобайнида юқоридаги маълумотларни беришга улгуриш мумкин.

3. Машина, механизм, станоклар ва улардан фойдаланиш бўлимига ўрганишга 4 соат вақт ажратилган бўлиб, бунда ўқувчилар қўл юритмали тикув машиналарининг тузилишини, ишлатилишини, тикув машинасида юзага келган содда носозликларни бартараф этиш ишларини бажаришни ўрганадилар, ипсиз тикишни машқ қиладилар. Берилган вақт

ичида бу маълумотларни ҳам ўқувчиларга етказиб бериш мумкин.

4. Маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси бўлимини ўрганиш-га 36 соат вақт ажратилган бўлиб, бунда ўқувчиларга газламага ишлов бериш технологияси, буюмларни конструкциялаш ва моделлаштириш, буюмларни тайёрлаш, тикув машинасида ишлаш, бахя ва буклама чоклар ҳақида билимлар берилади. Амалий мустақил ишларда фартукни конструкциялаш ва моделлашни бажарадилар. Фартук тайёрлаш технологиясини босқичма-босқич амалга оширадилар. Бу маълумотларни 14 соат ичида бажариш учун ўқитувчидан анча моҳирлик талаб этилади. Чунки бу машғулотларда ўқувчилар фартукни конструкциялашда, чизмачилик фанига оид айрим тушунчаларни, яъни чизиқ турлари, симметрик ва ассимметрик расмлар, чизмачилик асбобларини тузилиши, қўлланилиши, буюмларни проекциялари, техник чизмалари ҳақидаги маълумотларга эга бўлмаганлиги учун буюм чизмасини лойиҳалаш, конструкциялаш, моделлаштириш ишларини бажараётганларида муаммо туғилади. Шунинг учун 2 соат вақт чизиқ турлари, чизмачилик асбобларини тузилиши, қўлланилиши, симметрик ва ассимметрик расмларни фарқлашни ўргатишга ажратилса, яна 2 соат вақт мобайнида буюмларни проекциялаш, масштаб бўйича катталаштириш, кичрайтириш ва буюмларни техник расмларини чизишни ўрганадилар. Ўқув дастурида буюмни конструкциялаш учун ҳам кам вақт ажратилган, биз ўқув дастурини стандартдаги ўқув дастурига нисбатан бошқача тузиб, шу асосда тажриба синфларида синовдан ўтказдик. Натижа ўз самарасини берди.