§1.2. Технология фани бўйича давлат таълим стандарти ҳамда ўқув дастурларининг асосий йўналишлари ва уларнинг таҳлили
Маълумки, Марказий Осиё халқлари, шу жумладан, ўзбеклар жаҳондаги энг қадимий халқлар сирасига кириб, улар жаҳон фани, илмий-маърифий ва маданий ривожланишга бебаҳо ҳисса қўшганлар.
Зардуштийлик динининг муқаддас китоби – кўҳна ёзма ёдгорлигимиз бўлган «Авесто”да Ўрта Осиё ҳамда Яқин ва Ўрта Шарқ халқларининг энг қадимги (эрамиздан аввалги II минг йилликнинг охиридан I минг йилликнинг кейинги асрларигача бўлган) даврдаги тарихи, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, турмуши, урф-одатлари, диний-эътиқоди, халқ ҳунармандчилиги, касб-кори, қўшни халқлари билан ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий муносабатлари ёритилган. «Авесто”да болаларни ахлоқий, диний тарбиялашдан ташқари, уларни ўқитиш, илм-маърифат эгаси қилиб тарбиялаш ва ҳунармадчиликнинг сир-синоатларини ўргатиш ҳам таъкидланган.
Чингизхон истилоси даврида Ўрта Осиёда илм-фан ва маданиятнинг ривожланиши юз йиллар ортда қолган бўлса-да, Темурийлар даврига келиб илм-фан ва таълим бериш соҳалари юқори чўққиларга чиқди. Бунга мисол қилиб ана шу даврнинг ёрқин намоёндалари бўлган Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Бобур каби алломаларимизни кўрсатиш мумкин. Ана шу даврларда ҳам болаларни ўқитиш ва уларга таълим-тарбия бериш учун маълум дастурлар, услуб ва йўриқномалар яратилган [162].
1999 йил 16 августда ВМ томонидан умумтаълим мактабларида ўқитиладиган фанлар, шу жумладан, технология (меҳнат таълими) ўқув фани бўйича ҳам ДТС қабул қилинди. 2006, 2010 йилларда бу стандартлар янги таҳрирда фойдаланишга киритилди [165, 198, 209].
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида» ги қонунида [8] мамлакатимиздаги таълим муассасаларида ўқитиш жараёнини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, умумий ўрта таълим мактабларидаги технология фанини ўқитиш жараёнига янгича ёндошиш, дарс самардорлигини оширишга эътибор қаратилган. Ўқувчиларни меҳнатга тайёрлаш жараёнида касб-ҳунарга йўналтиришни янада кучайтириш, уларни замонавий ишлаб чиқариш асослари ёғочга, металлга ва газламага ишлов бериш технологияси, пазандачилик ва қишлоқ хўжалиги асослари, бадиий меҳнат технологияси ва машина элементлари йўналишлари бўйича билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари кўзда тутилган. Технология фанини ўқитиш жараёнига янгича ёндашиш, дарс самарадорлигини ошириш мақсадида технология фани йўналишида Давлат таълим стандарти асосида тузилган ўқув дастурлари ишлаб чиқилган. Умумий ўрта таълим мактабларининг ўқув режасида технология ўқув фанига 5-7-синфларда ҳафтасига 2 соатдан, 8-9-синфларда эса 1 соатдан вақт ажратилган [209, 12-б.]. Мавзулар ўқувчиларнинг ёши, қобилияти, истеъдоди, қизиқишлари, зеҳни, уқуви, билим даражаси ва бошқа психологик, физиологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўрганиб чиқилиши лозим.
Тавсия этилган ўқув дастурлари ичидаги мавзуларни ўқувчиларнинг
ёши, билим даражалари ва бошқа психологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда таҳлил қиладиган бўлсак, ажратилган вақт давомида мавзуларнинг тақсимланишида муаммолар кўзга ташланади. Маълумотларни қабул қилиши даражасини ҳисобга олган ҳолда йўналишлар бўйича бериладиган баъзи мавзулар ўқувчиларни толиқтиради. Берилган айрим мавзулар ҳажми ўқувчилар билими қамровига нисбатан кўп. Ўқув дастурини 5-синф мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, мазкур дастурда айрим мураккаб мавзулар танланган. Масалан, Газламаларга ишлов бериш технологияси йўналишининг «Маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси» бўлимида «Бичиш ва тикиш ҳақида маълумот, гавдадан ўлчов олиш, масштабли линейка, фартук ва рўмол чизмасини чизиш» мавзулари берилган бўлиб, уларни ўрганишга 2 соатдан вақт ажратилган. Юқорида кўрсатиб ўтилган мавзулар 5-синф ўқувчилари учун мураккаблик қилади. Сабаби улар чизмачилик фани ва материалшуносликдан ҳали етарли билимга эга эмаслиги учун юқоридаги мавзуларни ўзлаштиришлари қийин бўлади. Юқоридаги мавзуларни ўзлаштириш учун берилган соат миқдори камлик қилади. Бундан ташқари буюмни конструкциялаш ва моделлаш учун ҳам ажратилган соат камлик қилади. Сабаби, ўқувчилар чизмачилик элементларига оид билим ва кўникмаларга эга бўлмаганликлари учун конструкциялаш элементларини ўзлаштириш қийинчилик туғдиради. Масалан, Газламаларга ишлов бериш технологияси йўналиши дастурида «Фартук конструкциясини тузиш ва моделлаш» мавзусида ҳам чизиқ турлари, ҳам буюмларни масштаб бўйича катталаштириш ва кичрайтириш, ҳам буюм деталларини симметрик ва ассимметрик жойлаштириш каби билим ва кўникмаларига эга бўлишлари лозим. Бунинг учун эса кўпроқ ўқув соатлари ажратилиши лозим. Бундай камчиликлар ўз вақтида бартараф этилмаса – ўқувчиларга ҳам, ўқитувчиларга ҳам бир қанча қийинчиликлар юзага келади.