Пахта қабул қилиш масканларида қуйидаги ишлар бажарилади: хўжаликлардан келтирилган пахтани сифат кўрсаткичлари (намлиги, нотозалиги, нави) намуна олиниб аниқланилади; тарозида тортилиб массаси аниқланилади; қабул қилинган пахта намлиги ва нотозалигига қараб ҚТЦ (қуритиш тозалаш цехи) яқинидаги (агар намлиги ва нотозалиги юқори бўлса) ёки сақланадиган омборга жойланади ёхуд майдончаларга ғарамланади; ҚТЦ -да ишланадиган пахта қуритилади ва тозаланиб қайтадан омборга жойланади ёки майдончага ғарамланади; пахта ғарамларининг ёнлари текисланиб таралади, пасти қирқилади; ғарам усти брезент билан ёпилади; ғарамда тунел қазилади; қизишганлик даражаси вақти-вақти билан пахтани ҳароратини ўлчаб аниқлаб турилади ва сарғайиб сифатсизланмаслигини олдини олиш учун пахта ғарамлари шамоллатилиб нам ҳаво сўриб турилади; заводга жўнатиш учун пахта ғарами бузилиб автотранспорт ёки трактор прицепларига ортилади. Ундан ташқари пахта тайёрлаш масканида заводдан келтирилган уруғлик чигитларни тушириш, омборга жойлаштириш, уруғлик чигитларга экишдан олдинги ишлов бериш ва хўжаликларга етказиб бериш; омборлар, машина ва механизмлар, маскан бинолари ҳамда йўлларини таъмирлаш; масканга янги ҳосил пахтасини қабул қилиш бўйича ташкилий-тайёргарлик ва бошқа ишлар бажарилади.

Хом-ашё ҳолатини кетма-кет ўзгартирилиши, ўзгартириш ҳаракатлари тўплами кетма-кетлиги ва ҳолат ўзгаришининг ривожланиш босқичларига жараён дейилади.

Хом-ашёни қайта ишлаб маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган узвий боғланган жараёнлар тўпламига ишлаб чиқариш жараёни дейилади.

Ишлаб чиқаришда бажариладиган, хом-ашё, материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар ёки маҳсулотларга ишлов бериш (қайта ишлаш) ва маҳсулотларни олиш усулари ва услублари тўпламига технология дейилади.

Технология, фан-техника тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида, энг кам вақт ва ресурслар сарфини талаб этадиган, энг кўп самарали ва тежамли ишлаб- чиқариш жараёнларини аниқлайди.

Замонавий ишлаб-чиқаришни ривожлантиришнинг асосий йўналишларига узликсиз (оқимли) жараёнларга ўтиш, чиқиндисиз технологияларни қўлланилиши, хом-ашё, материаллар, энергия ва ёқилғидан мажмуили (комплекс) фойдаланиш, технология жараёнларини механизациялаштириш ва автоматлаштириш киради.

Маълум технологияни бевосита бажарилишини таминлайдиган ишлаб чиқаришнинг қисмига технология жараёни дейилади.

Пахта қабул қилиш масканида бажариладиган асосий жараёнлар ва уларни бажариш машина ва механизмлари ҳамда асбоб ускуналари 6.1-жадвалда келтирилган.


6.1- жадвал

Пахта қабул қилиш масканларида бажариладиган асосий жараёнлар ва уларни бажариш машина ва механизмлари ҳамда асбоб-ускуналари




Пахта тозалаш заводи ҳудудини пахта хом-ашёси, асосий ишлаб-чиқариш, тайёр пахта маҳсулотлари, ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи ишлаб-чиқариш ҳамда маъмурий бино зоналарига бўлиш мумкин. Бу зоналарнинг жойлашуви заводнинг нормал ишлашига халақит бермаслиги, ёнғин ва техника хавфсизлигига ҳамда санитария-гигиена талабларига зид бўлмаслиги, шунингдек, уларни жойлаштиришда шамолнинг кўпчиллик ҳоллардаги йўналиши, кун чиқиш ва кун ботиш томонлари, аҳоли яшайдиган масканларнинг қайси томонда бўлиши инобатга олинади. Пахта тозалаш заводи ва завод қошидаги пахта тайёрлаш маскани ҳудудий жиҳатдан туташ жойлашганлиги сабабли, завод ҳудудининг масканга туташмаган қисмини атрофи камида 2 м- ли мустаҳкам девор билан тўсилиб дарвоза билан таъминланган ва завод ҳудудида пахтани дастлабки қайта ишлашнинг асосий узликсиз технологик оқими жараёнлари олиб бориладиган – тайёрлов масканларидан келтирилган пахтани дастлабки қайта ишлашга тезкор узатиш учун тўплаш омборлари ва пахта ғарамлари майдончалари, заводнинг пахтани қуритиш, тозалаш, жинлаш ва толани тозалаш, чигитни линтерлаш ва линтни тозалаш, толали чиқиндиларни тозалаш, толали маҳсулотларни тойлаш бўлинмалари, техник чигит омбори, уруғлик чигитни тайёрлаш цехи ва уни сақлаш омбори ҳамда барча жараёнларни ҳаракатга келтирувчи – электр энергияси таъминоти бўлинмаси мавжуд. Асосий жараёнларга ёрдамчи ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатувчи бўлинмалар – арраларни тайёрлаш, транспорт цехлари ва механика-таъмирлаш устахонаси, маҳсулотларни сифат кўрсаткичларини аниқлаш лабораторияси, ўт ўчириш депоси ҳамда толали тойлар сақланадиган омбор ёки платформа, ёқилғи ва ёнилғи, моддий омборлари хизмат кўрсатади ва жараёнларнинг узликсиз олиб борилишини таъминлайди. Заводда маъмурий бино, ошхона, корхона ҳудудига ўтказиш пункти, механизмларни сақлаш бостирмаси, қозонхона, ҳожатхона, ювиниш хоналари ва бошқа хизмат кўрсатувчи хоналар жойлаштирилган ҳамда технологик оқим бўлинмалари ўт ўчиришнинг гидрант системаси, сув минораси, ёритиш прожекторлари билан тегишли тарзда таъминланган. Пахта тозалаш заводини электр энергияси билан таъминлаш учун унинг ҳудудида махсус 10/0,4 ва ундан юқори кВ-ли трансформатор ўрнатилган подстанция қурилган.