Миллат деган нарса шу қадар онгимизга маҳкам ўрнашганки, менинг бу гапларим жуда кўпчиликда норозилик уйғотади. Лекин жаҳлингиз босилиб, озгина сергак туриб ўйласангиз – ростдан ҳам соф миллат деган нарса мавжуд эмаслигини англаб етасиз.

Миллатчилик – жуда ҳам хунук одат. Бу илмсизлик ва ожизлик белгиси. Ўзининг келиб чиқишини аниқ билмайдиган одамгина миллатчи бўлиши мумкин. Бу ўзлигини англай билмаган одамга хос.

Миллий муҳимлик – ўз миллий келиб чиқишига ўта катта аҳамият беришдир. Бундай муҳимлик одамни заифлаштиради – чунки бундай одамга унинг миллатини баҳона қилиб таъсир ўтказиш, унинг иродасини назорат қилиш мумкин.

Бугун кўпчиликда (айниқса, ёшларда) давлат – ўзбекларники деган ишонч мавжуд. Албатта, халқимизнинг асосий қисми ўзбек деган ном остида яшайди. Лекин давлат – бутун халқнинг вакили. Давлат мамлакат ҳудудида яшовчи ҳар бир шахснинг манфаатига хизмат қилади. Ҳар ҳолда, жамият фаровон бўлиши учун шундай бўлиши керак.

Бироқ бу гапларни ҳаётга солиштирсак, амалда кўп нарса бошқача. Давлат номидан иш кўрадиган ҳамма ҳам миллатчиликдан ҳоли эмас. Лекин муаммо алоҳида мансабдор шахс одамларни миллатига қараб ажратганида эмас – муаммо буни кўриб турган бошқалар буни оддий ҳол деб қабул қилишида. Муаммо – миллатчилик табиий ҳол деб кўрилишида.

Мен фақат ўзбеклар миллатчи демоқчи эмасман. Миллатчилик одати биз билан бирга яшаётган руслар, тожиклар, корейслар, қирғизлар, татарлар ва бошқа юзлаб элат вакилларида бор. Аммо биз ўзбеклар – мамлакатда кўпчиликмиз. Демак, бизнинг ўзимизга бўлган ишончимиз баландроқ. Ва биз бошқа миллатларни ажратишга унча қўрқмаймиз – бундан уялмаймиз.

Биз қанча миллатчиликка берилсак, юртимизда яшаётган бошқа миллат вакиллари ўзларини шунча катта хатар остида деб биладилар. Натижада улар ўз ғилофларига ўралиб, ўз миллатларига каттароқ аҳамият бера бошлайдилар. Бу эса уларнинг жамиятдан бегоналашишига – жамиятнинг ичида жиддий бўлиниш пайдо бўлишига олиб келади. Бўлинганни эса бўри ейди.

Бугун руслар юртида меҳнат қилаётган юртдошларимизга қилинаётган муомалани кўриб, миллатчиликдан ҳоли бўлиш жуда қийин. Руслар ҳам ўз юртида кўпчиликни ташкил қилгани учун, уларнинг орасида бошқа миллат вакилларини камситишдай ожизликка борадиганлар кўп топилади. Лекин қайсидир шахслар ожиз бўлганига жавобан биз ҳам ожизликни танласак – бу сергак танлов бўлмайди.

Биз кучли бўлишни танлашимиз керак. Миллат сифатида эмас – халқ сифатида бир бўлишимиз, хилма-хиллигимиздан ўзимизни кучли қилиш учун фойдаланишимиз керак. Юртдошларимизни миллатига қараб эмас – жамият учун келтирган фойдаси, меҳнатига қараб ҳурмат қилишни ўргансак, буюк халқ бўламиз.

Давлат – халқнинг вакили, миллатнинг эмас. Узоқни кўзлаган давлатчилик «мильлат» тушунчаси устига қурилмаслиги керак. Чунки миллат доим ўзгариб туради. Бундай давлат ўз ғилофига ўралишга, дунёда юз бераётган жараёнлардан узилиб қолишга маҳкум. Бундай давлатнинг асосини ташкил қилган «мильлат» тушунчаси глобал олди-бердиларга дош бера олмайди. Миллат устига қурилган давлат ана шу миллатни ўзгаришсиз сақлаб қолишга ва шу билан ўз мавжудлигини таъминлашга интилади. Бу эса халқни тушкунликка олиб келади.

Бугун ўзбек тилини бошқа тиллардан кириб келган сўзлардан «тозалаш»га интилиш ҳолати кузатилмоқда. Бу аҳолининг баъзи қатламларида миллий муҳимлик авж олганидан далолат. Энг ачинарлиси, бундай таклифлар ўқимишли, дунёқараши нисбатан кенг шахслардан чиқмоқда. Сергак ва маънавий бутун одам тилимиз ўнлаб тилларнинг қоришмаси эканини, тил тинимсиз ўзгариб, янгиланиб ва бойиб боришини билади. Бу жараённи ортга қайтаришга интилиш – самарасиз ва зарарли ҳаракат. Бунга сарфланган кучни бошқа – бунёдкорроқ мақсадга йўналтирилса, жамият учун қанча фойдали ишлар қилса бўлади.