Кўпчилик ёшлар касб танлашда шу касбнинг «обрўсини» чамалашга уринадилар. Қанча обрўли касб бўлса, шунча яхши. Негадир, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишлаш учун одамга етук ақлий қобилиятлар керак эмас деган хато тушунча ҳалигача жуда кенг тарқалган. Ҳар бир соҳада ақл керак – ахир, ақл самарадорликка эришиш учун энг зўр қурол. Ақлини ишлата билмаган агроном ёки чорвадор ҳосилни нобуд қилиши ёки одамларни заҳарлаб қўйиши мумкин. Зеҳн билан иш тутган агроном ёки чорвадор ўз ишида шундай самарага эришадики, унинг тажрибасини керак бўлса оқ кўйлак кийиб, бўйинбоғ таққанлар келиб ўрганади.
Алоҳида шахслар ўз истакларига кўра соҳа ва касб танлашлари учун давлатдан кўп нарса талаб этилмайди. Давлат бу жараёнга халал бермаса ва ҳар ким ўзи қизиққан соҳасини ўрганиши учун зарур шароитларни яратиб берса бўлгани. Қолганини ҳужайраларнинг ўзи бажаради. Албатта, ҳамма шароит мавжуд бўлса ҳам, баъзи одамлар муҳимликка берилиб, нотўғри касбни танлаши мумкин. Лекин кучли шахсият эгаси бўлишни тарғиб қилиб, биз сергакликни одат қиламиз ва касбимизни ҳам ўз кўнглимиз амрига қараб танлаймиз.
Баъзи ҳолларда танлаган касбимизга интилишимизга бошқа одамлар қаршилик қилмоқчи бўлади. Улар бизга бу касб келажаги йўқлигини, бу касб билан ҳеч бир ютуққа эриша олмаслигимизни айтадилар. Бу касбдан даромад яхши эмаслигини важ қилиб кўрсатадилар.
Лекин ҳар қандай бунёдкор касб борки, у ҳеч қачон қадрини йўқотмайди. Сергакликни сақлаб қолсангиз, севган касбингизда юқори марраларга эришишингиз учун йўллар очилади, шахсий кучингиз сабаб керакли одамлар сизга керакли ёрдамни кўрсатади. Шахсияти кучли одамнинг ҳар қандай соҳада ҳам иши баракали, самарали ва фойдали бўлади.
Бирдан ошиқ соҳага қизиқсангиз – бирини асосий, иккинчисини қўшимча касб қилиб танлашингиз мумкин. Бунинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ. Қайтанга, бир касбингизда иқтисодий муаммолар бўлса, бошқасига суянишингиз осон бўлади. Одатда ўта иқтидорли одамлар кўп соҳада тенгданига фаолият юритишни истайдилар – улар ҳамма нарсани қилиб кўргилари келади. Агар ўзингизда бирдан ортиқ касбга мойиллик сезсангиз – бу иқтидордан тўлиқ фойдаланинг ва ўзингизга икки соҳада ҳам кучли мутахассис бўлишга имкон беринг. Бу билан сиз ўзингиз ва жамиятга икки баробар наф келтирасиз. Бу билан сиз соғлом жамиятнинг соғлом аъзосига айланасиз.
Сиёсий махлуқ
Биз – сиёсий махлуқлармиз. Бу жумланинг асл маъносини англаш учун, сиёсат нималигини, унинг туб моҳиятини англаш лозим.
Бизнинг ақлимиз ҳамма нарсани тартибда сақлашни ёқтиради. Чунки тартиб назоратни осонлаштиради. Ақл эса назорат қилишни жуда яхши кўради.
Бизни болаликдан ҳамма нарсаларимизни тартибда тутишга ўргатишади. Ўйинчоқларимиз, кийимларимиз, ўқув қуролларимизни тартибда сақлаш учун қоидалар жорий қилинади.
Ҳар қандай қоида тартибга хизмат қилади. Тасаввур қилинг, йўл ҳаракати қоидалари бўлмаса. Ҳамма кўчада ўз билганча юрса, транспорт воситалари ҳам истаганча ҳаракатланса. Бу жуда катта тартибсизликни келтириб чиқарар эди.
Табиатга саёз нигоҳ билан қарасангиз, унда тартиб йўқдек туйилади. Аммо ёввойи табиатни диққат билан кузатган одам ундаги ажойиб ва мукаммал тартибга гувоҳ бўлади. Ундаги жараёнлар табиий қоидалар асосида кечади ва оддий ва самарали тартибга амал қилади.
Ҳайвон ва ўсимликларга қандай яшаш, нима қилиш ёки қилмасликни табиат айтади. Улар табиат белгилаган тартибга амал қилиб яшайдилар. Шу боис ҳам ёввойи табиат вакиллари фақат самарали усулда ҳаёт кечирадилар. Улар атроф-муҳит билан зиддиятга бормайдилар.
Биз одамлар эса табиий қоидалар билан қаноатланмаймиз. Чунки бизда табиий эҳтиёждан ташқари ижтимоий эҳтиёжлар ҳам бор. Биз автотранспортни фақатгина бир жойдан бошқа жойга тез етиб олиш воситаси деб билмаймиз. Бизга керакли жойга тез ва хавфсиз етиб олиш – табиий эҳтиёж. Бунга қўшимча бизда яна ижтимоий эҳтиёжлар ҳам бор: ўзимизни кўз-кўз қилиш, кимдандир ўзиш, обрўга эришиш ва ҳоказо. Агар кўчада ҳаракатланаётган ҳамма фақатгина табиий эҳтиёж билан юрса, ҳеч ким ҳеч кимга халал бермайди ва тартиб билан ҳаракатланади.