Тартибсизлик ва муаммолар айнан бизнинг ижтимоий эҳтиёжларимиз сабаб келиб чиқади. Ижтимоий эҳтиёжлар ақл истакларидан келиб чиқади. Бу ижтимоий эҳтиёжлар табиий қоидаларга амал қилмайди. Чунки уларда мантиқ йўқ, чунки улар самарадорликка хизмат қилмайди. Улар бизнинг муҳимлигимизга хизмат қилади.

Ўз ижтимоий эҳтиёжларимизни тартибга солиш учун биз ижтимоий қоидалар жорий қиламиз ва ижтимоий тартиб яратишга уринамиз. Аввал айтиб ўтилгандек, агар кўчадаги ҳаммага ўз шахсий муҳимлигига эргашиб, истаганча тез юришга, ўзини ва машинасини кўз-кўз қилишга қўйиб берилса – бу жуда хатарли тартибсизликни келтириб чиқаради. Шу хатарни бартараф қилиш учун ҳам бизга ижтимоий тартиб керак.

Ижтимоий эҳтиёжларни назорат қилиш учун яратилган ана шу қоидалар жамланмаси – сиёсатдир. Ижтимоий тартиб оилада, ўқиш ёки иш жамоасида, маҳаллада ва бутун жамиятда таъсис этилади. Биз оиламиз доирасида ҳам сиёсат қиламиз: фарзандлар учун қоидалар, масъулият тақсимоти, интизом ва бошқа ижтимоий тартиб белгилари оиладаги сиёсат элементларидир.

Умумий қоидага бўйсуниши керак бўлган одамлар гуруҳи қанча катта бўлса, сиёсат ҳам шунча кенг қамровли, қоидалар ҳам шунча кўп бўлади. Бир нечта шахсдан ташкил топган оиладаги сиёсат ўнта қоидага асосланса, йигирмадан ортиқ шахс тўпланган мактаб синфида юзлаб қоидалар амал қилади. Бутун жамиятни эса минг-минглаб қоидалар тартибда сақлашга ҳаракат қилади.

Оиладаги сиёсат нимага қаратилган бўлади? Ҳамма ўз вазифасини бажаришига, ҳеч ким масъулиятсизлик қилмаслигига, ҳар ким ўз ўрнини билишига – бир сўз билан айтганда, ижтимоий адолатга. Оиладаги сиёсат оила аъзоларининг вақти ўз шахсий эҳтиёжлари ва оила эҳтиёжлари ўртасидан адолатли тақсимланишига хизмат қилади.

Масалан, мен билим олиб, олий маълумотли бўлмоқчиман. Бу менинг шахсий ўсишим учун керак, келажагимни таъминлашга ҳисса. Лекин бунга эришиш учун мен кўпроқ ўқишим ва изланишим керак. Кунимнинг кўп қисми шунга сарф бўлади. Натижада оилам эҳтиёжларига мен қўшишим керак бўлган ҳиссам эътиборсиз қолади.

Баъзи оилалар бундай зиддиятни янги қоида таъсис қилиш билан ҳал қиладилар. Янги келишув тузилади: ота-она фарзандига билим олиш учун кўпроқ бўш вақт ажратиб, оилани таъминлашни ўз бўйнига олади, фарзанд эса улғайиб, маълумотли бўлгач эса ота-онаси елкасидан бу юкни олади ва уларга беғам кексалик тақдим этади. Шу усулда оиладаги сиёсат тартибга солинади ва ижтимоий адолат тикланади.

Давлат ҳам кўпинча шундай иш тутади: ёшларга илм олиш ва фойдали мутахассис бўлгунча вақт ва шароит беради. Бепул ўрта таълимни таъминлайди, талабаларга стипендия билан кўмаклашади. Кейинчалик, мутахассис бўлиб, ишга киргач, фуқаро бу ёрдам эвазига давлат ва жамиятга фойда келтириш билан ўз қарзини узади.

Бу оиладаги ва жамиятдаги сиёсат қанчалик ўхшаш ҳолат эканига бир мисол. Аслида ҳаётимизнинг ҳар бир даражасида биз сиёсат билан яшаймиз. Кундалик юриш-туришимиз, одамлар билан муомаламиз, орзу-интилишларимиз ҳаммаси ижтимоий тартибга амал қилади. Бунга қисман маданият, анъаналар, ижтимоий андазалар ва, албатта, давлатнинг сиёсати (у қабул қилган қонунлар) ўз таъсирини ўтказади.

Бизнинг туғилишимиз сиёсат: чақалоқ туғилганда маълум маросимлар қилинишини ижтимоий тартиб тақозо этади. Улғайишимиз сиёсат: ота-она ва жамият онгимизга ижтимоий тартибга хизмат қилувчи дастурларни ёзиб боради. Таълим олишимиз – катта сиёсат: айнан таълим бизга ижтимоий тартиб ҳақида энг кенг билимларни беради. Сиз мактабда фақат ёзиш ва ўқишни ўрганмайсиз – сиз мактабда жамият аъзоси бўлиш, ижтимоий тартибга амал қилишни ўрганасиз. Бизнинг турмуш қуришимиз, фарзандли бўлишимиз, ишга киришимиз – ҳаммаси сиёсат. Бунда ижтимоий тартибга амал қилмасдан иложимиз йўқ. Бизнинг бу дунёни тарк этишимиз – сиёсат: ижтимоий тартиб белгилаган усулда ерга кўмильишимиз керак.