Ҳар қандай дарахтда бошқа дарахт вакилларини қораловчилар ва улардан нафратланувчилар бор. Илм-фан дарахтида эътиқод соф психологик жараён эканини таъкидлаб, кўр-кўрона илоҳий куч мавжудлигига ишонган дин дарахти вакилларини аҳмоқликда айблайдиганлар бор. Дин дарахтида Дарвин таълимоти бўйича ўзини маймун авлоди ва эвалюция натижаси деб биладиган илм-фан тарафдорларини ўзбилармон дахрий деб қоралайдиганлар бор. Бундай ҳолат шахсий муҳимлик сабаб келиб чиқади.
У ёки бу дарахт вакиллари жамиятда кўпроқ қудратга эга бўлиб қолса, дарҳол бошқа дарахт вакилларига босим ўтказа бошлайди. Тарих бунга жуда кўп исбот келтирган. Ўрта аср Европасида илм-фан дарахти вакиллари Ватикан томонидан қувғин қилиниб, ўзлари ва асарлари оловда ёндирилган. Собиқ иттифоқ даврида эса коммунисм қуриш ваъжи билан илф-фан дарахти вакиллари дин дарахтини таг-томири билан йўқ қилишга урунган. Муҳимликка берилган илм-фан ёки дин вакилларига қудрат берилса, одамзот бошига ана шундай офатлар келади.
Илм-фан ва дин дарахтлари ўртасида яна бир дарахт бор. Унинг вакиллари унча кўп эмас – чунки бу дарахт дин ёки илм-фанчалик катта дарахт эмас. Бу дарахт илм-фан ва дин дарахти уруғлари бирлашишидан униб чиққан. Бу – фалсафа дарахти.
Фалсафа ҳам шунчаки бир дарахт – унинг бошқа дарахтлардан ҳеч бир устунлиги йўқ. Уни танлаган ва муҳимликка берилмаган инсонни у ҳам юксакларга олиб чиқади. Муҳимликка берилган одамни эса, у ҳам нафратпараст курашчига айлантиради.
Фалсафа дарахти илм-фан ёки дин дарахтичалик баланд эмас. Унинг вакиллари ерга яқин яшашади. Улар моддий бойлик ва қудрат ортидан қувмайди, бировлар билан беллашмайди. Шунинг учун уларнинг кўпчилиги инсоният тирмашиб олган дарахтлар ҳаммаси бир ерда ўсишини, уларнинг асоси битта – инсон тафаккури эканини яхши билишади.
У ёки бу дарахт вакили бўлиш – тобеликдир. Илм-фан ёки динни ўз ҳаёти мазмунига айлантирган одамлар қанчалик ўз дарахтларига қарам бўлишларини тасдиқловчи мисолларни ҳар ким келтира олади. Энг катта тобелик шундаки, ҳар қандай дарахт одамга дунё ҳақидаги билимларни яхши-ёмон, тўғри-нотўғрига ажратиб ўргатади. Одамда нима бунёдкор кучга эга-ю, нима вайронкор эканини ўзи мустақил ҳал қилиш имкони бўлмайди. У ўз дарахти белгилаб қўйган ҳақиқатлар асосида яшашга мажбур.
Кучли шахс бўлиш – эркинликни талаб қилади. Аммо у ёки бу дарахтга маҳкам ўрнашиб олган одамни эркин деб бўлмайди. Эркин одам истаган пайт ўз дарахтидан тушиб, бошқа дарахтларни ҳам кўра олади. У ҳеч қачон ўз шахсиятини фақат битта дарахтга боғлаб қўймайди. Эркин одам ерда яшашни ҳам билади.
Бир кун келиб, ҳамма улкан дарахтлар қуласа, биз ҳаммамиз бир хил эканимиз, бир-биримизни қоралаш ва айблашга – бир-биримиздан нафратланишга ҳеч қандай асос йўқлиги ошкор бўлади. Ҳаммамиз яна ерда яшашга ўрганамиз. Ҳозир эса танлаган дарахтимиз шохлари орасида ўтириб, унинг мевасини еб, мевадан қолган данакларни қўшни дарахтдаги турдошларимизга отишдан ўзимизни тия олсак – тафаккуримизни ўзаро фарқларни топиб, уларга асосланиб бир-биримизни ёмон кўришга эмас, умумий жиҳатларимизга эътибор бериб, бир-биримизни ҳурмат қилишга қаратсак – бунёдкор иш бўлади. Бу билан инсонлар ҳам, қанча адашмасин, бунёдкорликда бошқа мавжудотлардан кам эмаслигини амалда кўрсатган бўламиз.
Тилтегмас муҳимликлар
Яхши-ёмон ўйинига одам қанчалик муккасидан кетиши унинг ички ва ташқи муҳимлигига боғлиқ. Муҳимлик бизга яхшини ёмондан «тезроқ» ва «яққолроқ» фарқлашни ўргатади. Муҳимликнинг гапига кириб биз кимнидир улуғлаймиз, кимнидир камситамиз.
Илоҳийлаштириш – ҳар замонда катта офат бўлган. Аслида қадри тенг бўлган дунёнинг таркибий қисмларига ҳаддан зиёт ортиқча аҳамят беришдан келиб чиқади бу ҳолат. Ҳар кимда бунга мойиллик бор – чунки ҳар биримизда ақл бор. Ақл ҳиссиётлар жумбушга келганда завқ олади.