Одамларни яхши-ёмонга ажратиш – муҳимлик белгиси. Ўйлайманки, шахсиятингизни сиз муҳимлик касалидан даволаб улгургансиз. Яхши инсон бўлиш ҳақида қайғуриш керак эмас – чунки «яхши одам» деган тушунчанинг ўзи мавҳум. Ўз шахсиятингизни жамият чизиб берган «яхши одам» қолипига солишга уринманг. Чунки жамиятнинг «яхши» ва «ёмон» қолиплари тинимсиз ўзгариб туради. Ўзингиз билан узоқ курашдан сўнг, яхши одам қолипига кирганингизда – жамият янги қолипни ўйлаб топган бўлади. Бу ҳам «йирик ҳисобда ютқазиш» бўлади.
Бунёдкор одам бўлиб, бунёдкор ишлар қилиш ҳақида қайғурган афзал. Бунинг учун эса сизга биргина нарса – шахсий куч керак. Тўғри – моддий куч ҳам зарар қилмайди: танангизни чиниқтирсангиз, обрў ва бойлик орттириш учун ҳаракат қилсангиз, билим овига чиқсангиз – бунинг ҳеч бир зарари йўқ. Лекин шахсий куч сизнинг энг муҳим ўлжангиз бўлиши лозим. Моддий куч тўплаш йўлида хотиржам ва бахтли яшаш учун сизга айнан шахсий куч керак бўлади.
Асосийси, моддий куч ортидан қувиш учун, шахсий кучдан воз кечиб, охир оқибат йирик ҳисобда ютқазмаслик. Шахсий ожизлик – бизни «ёмон» одамлар сирасига қўшади. Шахсий ожизлик билан биз буюк ёлғоннинг бир қисми – бузғунчи бир қисмига айланамиз. Шахсий ожизликнинг ёмонлиги ана шунда.
Мазмунли жонзот
Яхши-ёмон ҳақидаги ёлғонга эргашиб, бизда бир зарарли одат авж олади: биз ўз борлигимизга асос қидирамиз. Одамзот ўз мавжудлигини аҳамятсиз, оддий ҳолат деб қабул қила олмаслигига сабаб – мазмунсиз ҳаёт ёмон, мазмунли ҳаёт яхши деб билишидир.
Аммо биз ўз борлигимизга муҳимлик тусини беришга қанча ҳаракат қилмайлик, табиатда бир сир ўзгармас қолади – дунёда ҳеч нарса мазмунга эга эмас. Инсон мазмунли ёки мазмунсиз ҳаёт яшаб ўтмайди – инсон оддий ҳаёт яшаб ўтади.
Умрдан мазмун излаш – муҳимлик белгиси. Жамият ёки шахсий комплекслар таъсирида ақл ҳаётга мазмун беришга уриниши инсоннинг инсонийлик мағрурлигидан келиб чиқади. Биз ўзимизни бошқа жонзотлардан муҳимроқ деб билганимиз учун, бу дунёдаги тутган ўрнимизга ортиқча аҳамят берамиз.
Табиатни ҳолис кузатсангиз, унда мазмунга эга ҳеч нарса топа олмайсиз. Йиртқичнинг ўлжасини тутиб ейишида ҳеч бир чуқур маъно йўқ. Триллионлаб жонзотлар туғилади, яшайди ва бу дунёни тарк этади. Уларнинг бу ҳаётида алоҳида бир аҳамят ёки мазмун йўқ: улар яхши ёки ёмон ҳаёт яшамайди. Улар, шунчаки, яшайди.
Одам ҳам ҳудди шундай: бизнинг борлигимиздан ҳам қандайдир бир яширин илоҳий мақсад ёки мазмун мавжуд эмас. Яшашнинг яшашдан бошқа маъноси йўқ.
Менга мазмунли ҳаётни таърифлаб бера оласизми? Илм чўққиларини эгаллаб, оламшумул кашфиётлар қилиб яшаш мазмунли ҳаётми? Балки, худони танишга интилиб, авлиёнамо ҳаёт тарзини юритиш мазмунлироқдир? Ўзидан моддий ёки маънавий мерос қолдирмаган одам ҳаётини чиндан ҳам мазмунсиз дейиш мумкинми? Бундай одам ёмон ҳаёт яшади дея оламизми?
Одам яхши ёки ёмон яшамайди. Одам кучи етган, ўзи уддалаган усулда яшайди. Одам шахсий кучи имкон берган даражада бахтли яшайди. Бунда кучи кўплар муҳимликка берилмасдан, хотиржам яшашни танлайдилар; бунда ожизлар комплекс ва ёлғонлар таъсирида курашиш ва бир умр ўз ҳаётларини мазмунли қилишга интилишни танлайдилар. Бу танловда ҳам ҳеч бир маъно йўқ – бу, шунчаки, бир танлов.
Бу гапларим сизда норозилик уйғотаётган бўлса – демак, сиз ҳали ҳам муҳимлик таъсиридасиз. Ҳаётингизга сунъий муҳимлик бериб, дунёга шунчаки келмаганингизни таъкидлашга сизни нима мажбур қилаётганини яхшилаб таҳлил қилиб кўринг.
Яхши-ёмон ўйини биз – одамларга ўзимизни бошқа жознотларга таққослашга, бу қиёслашда ўзимизни юқори ҳисоблашга имкон беради. Одамлар ҳайвонларни «ёмон» деб билгани учун, бир-бирини ҳақорат қилиш учун шу ҳайвон номларидан фойдаланди.