Энг катта тобелигимиз – албатта, пулга тобеликдир. Ким молиявий муаммолардан ҳолиман деб айта олади? Биз ҳар қандай олди-бердилар пул орқали амалга ошириладиган муҳитда яшаймиз – бунда пулга тобе бўлмаслик иложсиз туюлиши мумкин.

Пульсиз кўчага чиқишни истамаган вақтларингиз бўлганми? «Ҳар эҳтимолга қарши» бўлса ҳам киссамизда қанчадир пул бўлади бари бир. Лекин ҳаётда ҳар нима бўлиши мумкин. Пулингизни йўқотиб, оғир вазиятда қолсангиз, ундан чиқиб кетишга шахсий кучингиз етадими? Бегона одамдан ёрдам сўрашга ҳаддингиз сиғадими?

Ҳаммамиз ҳавас билан томоша қиладиган шпионлар ҳақидаги филмлар қаҳрамонлари – эркин шахс эгаларидир. Улар ҳар қандай вазиятдан чиқиб кета оладилар. Бунда уларга юқори даражадаги тайёргарликлари ёрдам бермайди (одамни ҳаётда учрайдиган ҳамма вазиятга олдиндан тайёрлаб бўлмайди). Уларнинг сири – шахсий эркинликда. Улар жуда кўп ижтимоий ва психологик тобеликлардан қутулишган. Жеймс Бондни пул ташвиши қийнаётганини, ёки у ўзига ишонмаганидан бирор ишни қилишга ҳадди сиғмаётганини, иккиланаётганини тасаввур қилиш қийин. Бондни бизга қаҳрамон қилиб кўрсатган жиҳат ўткир зеҳн, жисмоний қувват ёки чиройли ташқи қиёфа эмас – шахсий эркинликдир.

Бизни тобе қилишга қаратилган омиллар жуда кўп. Биз бошқалар фикрига тобемиз, ижтимоий андозаларга тобемиз, ўз қўрқув ва шубҳаларимизга тобемиз, ижтимоий ва иқтисодий шароитга тобемиз. Бу чекловлар бизни ҳатто олдимизга мақсад қўйишда ва уларга интилишда ҳам кўп нарсадан маҳрум қилади.

Шахсий эркинликка эга одам ҳеч қачон мода бўлган мақсадларга интилмайди. Мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшлар орасида шахсий эркинликка эгалари жуда кам. Уларнинг аксари ўз ҳаёт йўлларини ўзлари эркин танламайдилар – балки омма маъқул кўрган йўлдан борадилар. Ахир, нега кўпчилик иқтисодчи, ҳуқушунос ёки шифокор бўламан дейди-ю, ҳеч ким астроном, мухандис ёки физик бўламан демайди?

Бир нарсани унутмаслик керак: мутахассислар ҳам маҳсулотдек гап – бозорда қанча кўп бўлса, нархи шунча тушаверади. Ўртамеёна иқтисодчи ёки ҳуқуқшунос бўлгандан кўра, моҳир агроном ёки мухандис бўлган афзал. Тўғри, агар иқтисод ёки ҳуқуқ соҳаси айнан сизнинг кўнглингиз тусаган фаолият тури бўлса – бу соҳаларда ҳам юксак маҳоратга эришасиз. Аммо камчилик ўз касбини кўнгли мойиллигига қараб танлайди. Бунга кўп маротаба ўзим гувоҳ бўлганман.

Шахсияти эркин одамнинг яна бир алоҳида хислати бор. У ҳеч қачон унинг шахсий ривожланиши учун бошқалар шароит яратиб беришини кутмайди. Ўзи таълим олаётган ёки ишлаётган масканидан, устозлари ёки ҳамкасбларидан, шарт-шароитдан кўнгли тўлмаётган одам икки хатодан бирига йўл қўйган: ёки у кўнгли истаган соҳани эмас, унга бегона соҳани танлаган; ёки у ўзининг шахсий ўсиши учун бошқаларни жавобгар ҳисоблайди. Бундай одамни на танлов қилишда ва на ўз танловини амалга оширишда эркин деб бўлади.

Шахсий эркинлик нималигини билмаган одам энг номдор ва тан олинган даргоҳларда илм олиб ҳам, ҳеч нарсага эришмайди. Эркин шахс эса ҳар қандай масканда ва шароитда ҳам ўз билимлари ва илмини оширишга имкон топа билади. Бундай одам унинг ҳаётда тутган ўрнини фақат ва фақат унинг танловлари ҳал қилишини билади.

Айнан биз қилган танловлар бизнинг шахсий эркинлигимиз даражасини кўрсатади. Сиз танлов қилишда қанчалик эркинсиз? Қилаётган танловларингизнинг қанчаси айнан сизнинг қалбингиздан чиққан?

Бир хислат шахсий эркинлик билан бирга юради. Бу – шахсий жавобгарлик. Эркин шахсият эгаси ҳар бир қарорга ўзи сергак туриб келганини билади ва ана шу қарори натижаси учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олади. Ҳаётида содир бўлаётган яхши ёки ёмон ўзгаришлар учун ўзидан бошқани жавобгар деб билган одам – шахсий эркинликдан йироқдир.