Мана шу ерда бизнинг табиий таснифланишимиз тугаб, ижтимоий таснифлаш бошланади.
Ақлли жонзотлар ташқи кўринишига қараб ирқларга ажратилади. Бу синфлар одамлар ер куррасининг қайси ҳудудида яшашига қараб келиб чиққан тана тузилиши ва тери рангидаги фарқлар орқали аниқланади. Бир жиҳатдан ирқларни табиий синф белгилари дейиш мумкин. Лекин бугунги кунда ирқ тушунчаси ўта ижтимоийлашиб кетган.
Бир ирқ вакиллари ўз навбатида халқларга бўлинади. Булар маълум ҳудудни ўз ватани деб атаб, ана шу ҳудудда истиқомат қилаётган одамлардир. Бир халқ вакилларини умумий тарих ва қонунлар каби ижтимоий омиллар бирлаштириб туради.
Халқлар турли миллат ва элатлардан ташкил топган бўлади. Миллатлар ижтимоий синфлар ичида энг кўп учрайдиган ва таснифланишда кескин тус оладиган фарқли гуруҳлардир. Миллат вакиллари бир маданият, тил ва фикрлаш услуби атрофига бирлашадилар.
Бир миллатдаги одамлар ҳам кичик ижтимоий синфларга бўлинадилар. Миллатни зиёлилар ва саводсизлар, бойлар ва ночорлар, шаҳарликлар ва қишлоқликлар ташкил қилади. Бу ички гуруҳлар ҳам бир-бирларидан кескин фарқ қиладиган жиҳатларини топа биладилар.
Бундан ташқари майда-чуйда бошқа синфлар ҳам борки, уларга бағишлаб бутун бир рисола ёзилса ҳам, адоғи бўлмайди.
Аслида дунёни яхшироқ англаш учун қўлланилган таснифлаш бугунги кунда катта ижтимоий офатга айланиб қолган. Одамлар ижтимоий омилларга қараб бир-бирларини синфларга бўлишга шу қадар кўникиб қолишганки, буни баъзида юксак маънавият белгиси деб билишади.
Зиёли одамларга саводи кам одамлардан кўра кўпроқ эҳтиром кўрсатсам, ким ҳам мени нотўғри иш қиляпти дейиши мумкин? Зиёли бари бир зиёли – ҳурматини қилиш керак. Жуда кўп ҳолларда бошқалардан кўра кўпроқ эътиборга лойиқ эканини ана шу зиёлиларнинг ўзи тўғри деб ўйлайди.
Жуда қизиқ. Мен бир кун келиб, бу дунёни тарк этсам, кимнинг мен учун аҳамияти кўпроқ бўларкин? Саводи бор мулла жонсиз танам устида керакли тиловатни қилмаса – Яратган у дунёда мени қабул қилмаслиги эҳтимоли бор. Лекин саводсиз гўрков менга қабр қазимаса, жонсиз танам шу дунёда хор бўлиши тайин.
Ғоят совуқ мисол келтирдимми? Буни атайин қилдим. Сизнинг одамларни синфларга ажратиш ҳақидаги маҳкам ўрнашиб қолган ҳақиқатларингизни бир оз силжитиш учун шундай кескин мисол келтирдим. Бу ерда қайсидир одам қилаётган хатолар ҳақида эмас – сиз ва мен қилаётган хатолар ҳақида гап кетяпти.
Сиз ўзингизни қайси синфларга мансуб деб биласиз? Шиллиқурт эмас, инсон бўлиб дунёга келганингиздан қанчалик хурсандсиз? Бошқа одамлардан фарқли жиҳатларга эга синфга мансуб эканингиздан қанчалик фахрланасиз? Сиз ва мен бир миллий синфга мансубдирмиз – лекин маҳаллий синфимиз, ғоявий синфимиз, фалсафий синфимиз бошқа-бошқа эканини қанчалик осон қабул қиласиз?
Табиат (ва менинг фикримча Яратган ҳам) бу оламдаги мавжудотларни ҳеч бир синф ва турларга ажратмайди. Табиат ҳамма фарзандларини бир хил яхши кўради ва асраб-авайлайди. Уларга яшаш шароити яратиб беради ва ана шу муҳитда яшашни ҳам ўзи ўргатади.
Табиат ҳатто қаҳр қилганда ҳам ҳеч бир жонзотни бошқасидан устун қўймайди. Ўрмон ёнганда икки йиллик ниҳоллар ҳам, икки юз йиллик дарахтлар ҳам кулга айланади. Сув тошганда меҳнатсевар чумолилар ҳам, ялқов айиқлар ҳам тенг чўкади.
Табиий офатларда одамлар ҳалок бўлса – ичимиз ачийди. Табиатнинг шу офатда нобуд бўлган ҳамма фарзандлари учун ичи ачийди.
Тенглик ҳақида дин ҳам, қонунлар ҳам тинмай бизга уқтиради. Ҳаммамиз бошқалар билан суҳбатларда бу дунёда ҳамма тенг экани ҳақидаги юксак гапларни айтамиз. Лекин маънавият базми тугаб, кўчага чиққанимизда, садақа сўраган ночорга ачиниш ёки жирканиш ҳисси билан қараймиз.