Ҳўш, сиз қайси синфга мансубсиз? Кимлар билан синфдошсиз? Кимлардан бу дунёда тутган ўрнингиз юқорироқ? Кимникидан пастроқ?

Ўзимизни у ёки бу синфга мансуб ҳисоблаш – шахсиятимизни чеклаш дегани. Бой одамнинг шахсияти бадавлатлик қолипига солинган, ўқимишли одамники – зиёлилик қолипига. Бу каби чекловлар ҳар қандай интилувчан шахсни ҳам ўсишдан тўхтатиш қудратига эга.

Буюкликка борувчи йўл – синфларга ақлан тобе бўлмаслик орқали ўтади. Мен ўзини билимлилар синфига даҳлдор билсам, билимларим доирасидан ташқарига чиққанимда имкониятларим тугайди. Мен саводсиз одам қила оладиган ишни қила олмаслигим тайин.

Ўзимни зиёли санашдан воз кечдим дейлик. Энди мен ўқимишли қишлоқи ёки саводсиз қишлоқи эмас – шучаки қишлоқиман. Қишлоқда яшайдиган одам қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ишни қилишим мумкин. Бир кун келиб мен яшаш жойим бўйича синфга мансуб эканимдан воз кечаман. Энди мен қишлоқи ёки шаҳарлик эмас – шунчаки ўзбекман. Энди мен шаҳар ҳаётига ҳам, қишлоқ ҳаётига ҳам осон кўникаман, шу икки муҳитда ҳам фаровон яшай оламан.

Шахсиятимни ўз миллатим доирасида тутишим ҳам менинг бошқа миллатларга ҳурматсиз назарда қарашимга сабаб бўлади. Бу чекловдан воз кечаман ва бошқа миллатлар маданиятида ҳам жуда кўп бунёдкор жиҳатлар борлигини кашф қиламан. Янги тилларни ўрганаман. Дўстларим сафида турли миллат вакиллари пайдо бўлади. Энди мен ўзимга ўзбек сифатида эмас – шунчаки инсон сифатида қарайман. Энди инсон қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ишни мен ҳам қилишим мумкин.

Дунёда шундай одамлар борки, улар ўзларига шучаки тирик мавжудот сифатида қарайдилар. Улар оддий одам қила олмайдиган ишларни қила олишади, оддий одамда учрамайдиган қобилиятларни ривожлантиришади. Кўршапалак каби атроф дунёни товуш орқали кўрадиган, баъзи йиртқичлар каби инфрақизил нурларини пайқайдиган одамлар бор. Улар ўзларини шартли равишда одамлар синфига мансуб деб ҳисобламайдилар.

Барчамизни умумлаштириб турган бир ягона белги бор: бу дунёдаги ҳар бир жонзот Яратганнинг чексиз қудрати махсули. Унинг қудрати ҳар бир майса ва илдизда, ҳар бир нафас, ҳар бир киприк қоқишда, биз ташлаган ҳар бир қадамда намоён бўлаверади. Ҳар бир ҳужайрамиздаги тириклик жараёнлари олий қудрат белгилаб қўйган қонунларга бўйсунади.

Биз ана шу жиҳатдангина бир синфга мансубмиз. Қолган ҳамма тур ва синфга ажратишлар – шунчаки шартли ифодалар, холос. Ўз имкониятларини ана шу шартли ифодалар доирасида баҳолаган одамнинг шахсияти ҳам шартлидир.

Расм дафтар вароғидаги митти одамчалар, гуллар, капалаклар – ҳаммаси турли ҳаёт тарзига эга. Аммо уларнинг барини бир болакай битта қаламда чизган. Уларнинг барига жон киритган куч ягона ва бўлинмас. Яхлит оламни алоҳида синфларга ажратиш, уларнинг бирини бошқасидан устун қўйиш – Яратганнинг бўлинмас қудратини парчалашга интилиш демакдир.

Шахсий эркинлик

Инсон ўзлигини англаши – олий бахт. Лекин ана шу олий бахтга эришишда бизга тўсқинлик қиладиган омиллар борки, уларни яхши танимай туриб, кучли шахс бўлиш қийин.

Кучли шахс эгаси бўлишнинг якуний мақсади – шахсий эркинликка эришиш. Кўпчилигимиз ўзимизни шундоқ ҳам эркин шахслар деб биламиз. Аммо бизни фикрлашимизда, ҳаёт ва ўзимизга муносабатимизда чеклаб турувчи омиллар бор. Улар ички (ёки психологик) ва ташқи (ёки ижтимоий) чекловлардир.

Психологик чекловлар, ўз номи билан психологик: улар одамнинг ақлида қўним топган бўлиб, йиллар давомида тарбия ва дунёқараш натижасида шаклланади. Ўз имкониятларига шубҳа билан қараш, ўзини у ёки бу ишга қодир эмасман деб ҳисоблаш кабилар ички чекловлардир.

Ташқи чекловлар – одам яшаб турган жамият ва табиий шароит хусусиятларидан келиб чиққан чекловлардир. Ижтимоий андозаларга тобелик, модага тобелик, пулга тобелик ана шулар жумласидан.