Мен илм дўконимни очиб, бисотимдаги бор молларни расталарга териб қўйяпман – кимга нима ёқса, олаверсин деб. Бу моллар турлича – бири кимгадир мос келади, бошқаси – яна кимгадир. Бунда ҳаридорнинг кўнгли ўзи танлаб олаверади. Бироқ агар мен фақат ўзим ишлатадиган молларнигина дўконга қўйсам, расталарнинг ярми ҳам тўлмайди. Мен бу билан ҳаридорни танловдан чеклаб қўйган бўламан. Ундан кейин, бу бир жихатдан манманлик бўлади – фақат ўзим ишлатган молларни таклиф қилиш «менга ўхшаб, мендан ўрнак олиб яшанг» дейиш бўлмайдими? Ундан кўра, энг сифатли молларимнинг барини тортиқ этай – ҳар ким ўз диди, дунёқараши, эътиқоди ва шахсий кучига қараб ўзига мосини, айнан унинг учун фойдалисини танлаб олаверсин.

Илм ҳақида яна бир гапни айтиб ўтишим жоиз. Бошқаларнинг яшаш тарзи ва тамоилларини танқид тарозисига солиб кўриш – илмлилик белгиси эмас. Балки, бу билим кўплигидандир – лекин зинҳор илм кўплигидан эмас. Илмли одам ким ҳақу, ким ноҳақлигини ажратиш учун моддий билимлар етарли эмаслигини яхши англайди.

Менга кўпчилик илм ўргатишни илтимос қилиб мурожат қилади. Лекин уларнинг аксари илм эгаллашга моддий манфатни кўзлаб интиладилар. Шуни билган ҳолда мен уларга рад жавобини бераман – илмнинг асл мақсадини аниқлаганингизда таклифингизга рози бўламан деб уларни қайтараман. Табиийки, улар бу таъкидимни тушунмайдилар – бунга уларнинг илм ва шахсий куч даражалари етмайди.

Билим кўплиги ҳам жахолатга олиб келиши мумкин. Агар одам ўз муҳимлигини мустаҳкамлаш учун билим тўплаган бўлса, у борган сари кўп ва етарли нарса билишига ишониб қолади – бу эса янги билимлар унга келишини қийинлаштиради. Олаётган маълумотларини фойдали-фойдасизга ажратиш учун етарли билимга эгаман деб ўйлашлари уларни кўп ҳолларда энг фойдали билимлардан маҳрум этиб қўяди. Шунинг учун, ҳар доим билимларингиз сақланадиган омбор эшигини очиқ қолдиринг – уни ёпмасангиз ҳам, сизнинг билимларингиз у ердан чиқиб кетиб қолмайди. Қайтамга, янги билимлар ҳеч бир тўсқинликсиз сизнинг измингизга кириб келади. Янги билимлар баъзи эски билимларнинг нотўғри ёки номукаммал эканини кўрсатиб бериши мумкин – шунда бу эски билимларни очиқ эшикдан хотиржам кизатиб қўяверасиз. Бунинг номи очиқ фикрлилик дейилади.

Энди сиз моддий билим ва маънавий илм ўртасидаги фарқни биласиз. Ўз шахсиятингизни маънавий юксакликка кўтарадиган илмлар ортидан қувиш тадбирини ўз ихтиёрингизга қолдираман. Илмнинг ҳам ўзини ўзи ошириш хусусияти бор – унга шундай қилишга имкон берилса бўлгани.

Онг дастурлари

Биз тўплаган билимларни онгимиз хотирамизга дастурлар сифатида киритиб боради. Ҳар қандай янги маълумот билим сифатида хотирага киритилишидан аввал бир неча марта такрорланиши лозим. Қайта-қайта амалда қўлланилиб, хотирага дастур сифатида киритилган билимларгина – ҳақиқий билимдир.

Мендан кўпчилик тил ўрганувчилар бир муаммони ҳал қилишда маслаҳат сўрайдилар – улар чет тилидаги янги ёд олган сўзларини эслаб қола олмаётганларидан шикоят қиладилар. Бунинг сабаби жуда оддий – улар ўша янги сўзларни, шунчаки, маълумот сифатида ёдлайдилар, амалда эса уларни кам қўллайдилар. Бунда маълумот билим сифатида доимий хотирага киритилмайди – у маълум муддатгача қисқа хотирада тутиб турилади ва сўнг унутилади.

Қисқа хотира – янги олинган маълумот билим сифатида доимий хотирага ёзилгунча уни такрорлаш учун маълум муддат тутиб турадиган онг қисми. Баъзида биз уни муддатли маълумотларни сақлаш учун ҳам ишлатамиз. Масалан, ишдан уйга қайтаётганда йўлда дўконга кириб, нон ҳарид қилишни ўйлаб қўйдингиз. Бу маълумот қисқа хотирага ёзилади ва сиз режалаштирилган ишни бажаргунингизгача сақланади. Дўкондан нон сотиб олгандан кейин эса, уни тутиб туришга ҳожат қилмайди ва у ўчирилади.