Барча жонзотлар ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида сезгилари етказаётган маълумотларни билим қилиб тўплайди, бу билимларни ўз турини мукаммалроқ қилиш учун ишлатади. Шу билимлар сабаб, атроф муҳитга мослашувчанроқ бўлади, яшовчанлиги ошади. Бир сўз билан айтганда, ривожланишдан тўхтамайди.

Бошқа мавжудотлардан кўпинча ўзини юқори ҳисоблайдиган одамзот эса минг йиллардан бери ўз наслининг сезгилари ўлишига, турли хил ҳатарларга қарши туриш қобиляти, иммунитети сусайишига – одамзот деган турнинг табиий ривожланишда орқага қараб кетишига эришмоқда, холос. Ёввойи табиатда ҳеч бир жонзот ўз турига тажоввуз қилмайди – лекин табиий илдизларидан узоқлашган одамзот тарих давомида бир-бирини қириб келади. Бу ҳам бўлса, ақл ҳукмронлиги остида биз тараққиётда орқага қараб кетаётганимиздан дарак эмасми?

Табиий билимлар – яшаб қолиш учун етарли, холос. Тараққиётда илдамлаш учун кўпроқ орттирилган билим даркор. Бунинг учун эса онгимизни ақл ясаб берган олтин қафасдан чиқариб, унга ҳар бир лаҳзадан билим олишга имкон беришимиз керак. Ақл анойи эмас – у ўз тахтидан осонликча воз кечмайди. Лекин, унутманг, уни ҳам биз орттирганмиз – демак, жиловлаш ҳам ўз қўлимизда. Табиий ривожланишда илгари силжишга хизмат қиладиган билимлар – илмдир. Ақлнинг билим устидан тўлиқ ҳукми бор – лекин илм устидан унинг ҳеч бир ҳукми йўқ. Шундай экан, кучли шахс бўлишнинг энг самарали усули – илм орттиришдир.

ОИТС

«Орттирилган Илм Танқислиги Синдроми ёки ОИТС – одам шахсиятидаги унинг тўғри ва баркамол ривожланишига тўсқинлик қулувчи жихатлар фаолияти натижасида келиб чиқувчи ижтимоий зарарли ҳолат»

(шахсий изоҳли луғатимдан)

Тан олиш керак – иммунитет тизимига зарба берувчи ОИВ (одам иммунитети вируси) ўтган асрнинг энг ҳавфли касаллиги «унвони”ни олишга тўла ҳақли. Бу вирус организмнинг энг муҳим таркиби – химоя воситасига зарар етказади. У ҳудди қамалда тутилаётган шаҳарга яширинча кириб, унинг дарвозаларини босқинчиларга ичкаридан очиб берган жосусларга ўхшайди: у танага тушиб, унда бошқа касалликларнинг кириб келиши ва ривожланиб кетишига қаршилик қиладиган «аскар» қон доначаларига зарба беради. Натижада одам оддийгина грипп ёки бошқа енгил юқумли ҳасталикдан ҳам ҳалок бўлиши мумкин.

Аммо бу бўлимда биз унинг оғаси бўлган илм танқислиги синдроми ҳақида суҳбатлашамиз. Иммунитет танқислиги каби илм танқислиги ҳам алоҳида шахс ва бутун жамиятга катта ҳавф туғдиради.

Келинг, аввал билим ва илм тушунчаларини фарқлаб олайлик. Биламизки, одам икки метафизик дунёни ўзида жамлаган – моддият ва маънавият. Моддий дунёга ақлимиз, маънавий дунёга қалбимиз ҳукмрон. Бундан келиб чиқадики, моддий дунёни бойитиш учун тўпланадиган маълумот ва тушунчалар – билимдир. Маънавий юксалиш учун зарур тушунча ва қадриятлар – илмдир. Ҳар қалай, мен шундай тушунаман. Уларни моддий билим ва маънавий билим деб ҳам аташ мумкин.

Бугунги кунда моддий билимдан тақчиллигимиз йўқ, Худога шукр. Нима бўлса ҳам, маълумот асрида яшаймиз – бутун бир кутубхоналарни бармоғимиздек келадиган ускунага солиб юрса бўлади. Ўзимизда борини ўзимизда оляпмиз – ўзимизда йўғини замон имкон бергани учун чет элларга бориб эгаллаб келяпмиз. Хуллас, замон талабидаги моддий билимларни эгаллаяпмиз.

Аммо бу билимлар, ўз таърифига кўра моддий дунёни бойитишга хизмат қилади. Иқтисодчи миллатнинг моддий бойликларини кўпайтириш сирларини ўрганяпти, мухандис моддий жиҳоз ва ускуналар яратяпти, меъмор моддий бинолар қуряпти. Тиббиёт сирларини ўрганиб, жисмоний соғлигимизни мустаҳкамлаяпмиз – кимё ва физика орқали моддий дунё сирларини кашф этяпмиз.

Бироқ маънавий билимлар ҳақида ҳам шу даражада қайғуряпмизми? Маънавий билим учун дунё кезяпмизми? Илм учун ҳаётнинг бошқа фароғатларидан кечяпмизми? Талаб ва таклиф, элементар зарралар, шифобахш гиёҳлар ҳақидаги билимларга чанқоқмиз – инсонийлик, бунёдкорлик, ватанпарварлик каби хислатларга эга бўлишга етарлича ошиқяпмизми?