Болаликдан қолган дастурлардан фарқли ўлароқ, ўсмирлик ва катталикда орттирилган зарарли дастурлардан қутулиш анча осон. Бунинг учун одамдан озгина жасорат ва сергаклик талаб этилади. Шахсиятдаги турли зарарли комплекс ва қўрқувлардан ҳалос бўлиш учун, одам юқорида таърифланган икки усулдан бирини қўллаши мумкин. Бунда биринчи усул (яъни муаммо билан очиқ юзлашиш) қўрқувларни бартараф этишда кўпроқ самара беради. Қўрқувлардан батамом қутулмагунча, уларнинг таъсиридан ҳоли бўлиш мушкул – шунинг учун ҳам эмлаш усули бу ерда самара бермайди.
Иккинчи усулни комплекслар билан курашда ишлатса бўлади. Масалан, нуқсонлилик комплексига қарши киши ўз шахсиятини бошқаларга солиштирмаслигини таъминловчи янги дастур киритиш мумкин. Бунда янги шифодастур комплекс зарарини бартараф этади ва одам ҳаётини енгиллаштиради.
Янги дастур яратиш тамоили, аввал айтилгандек, жуда оддий – одам маълум муддатгача қисқа хотирасида янги дастур қоидасини тутиб туради ва онгли равишда уни қайта-қайта ҳаётда қўллайди. Вақт ўтиб, бу қоида дастур сифатида доимий хотирага ёзилади – яъни одам ўзига буни одат қилади. Одатга айланган дастурлар эса диққат назоратисиз ҳам ўз ишини бажараверади.
Мана, сиз ўз онгингизни кераксиз дастурлардан тозалаш ва уни янги фойдали дастурлар билан бойитиш сирлари билан танишиб олдингиз. Бу жараёндаги энг катта ёрдамчингиз – сизнинг сергаклигингиз бўлади. Онгингиз устудан назоратингиз кучли дегани – ўз шахсиятингиз устидан ҳукмингиз катта деганидир. Кучли шахсиятни тарбиялашни онг дастурларини тафтиш қилишдан бошлаш лозим.
Сохта шахсият
Онгимизга турли хил дастурларни киритувчи қурол – бу, албатта, ақл. У сизнинг ягона дастурчингиз деса ҳам бўлади. Тўғри – онгимизда ақл киритмаган дастурлар ҳам бор. Булар туғма дастурлар ва улар бизга табиатдан ато этилган. Бахтимизга, ақл уларга даҳл қила олмайди – улар ақлдан аввал яратилган.
Турли дастурлар қатори ақл онгимизда бизнинг шахсиятимизни белгиловчи дастурларни ҳам шакллантириб боради. Улар бизнинг у ёки бу нарсага ёки, умуман, ҳаётга муносабатимизни, ўзимизга бўлган ишонч ва ҳурмат ҳиссини, шахс сифатида атрофдагилар билан муносабатларимизни ва бошқа жихатларни белгилайди. Ана шу дастурлар йиғиндиси – одам феъл-атворини ёки характерини ташкил қилади.
Афсуски, ақл номукаммаллиги сабаб, бу дастурлар орасида ҳам «чала» ёки зарарлилари мавжуд. Ақл тузган шахсият кўп ҳолларда асл шахсиятдан анча йироқ бўлади. Буни одам турли ҳаётий вазиятлар таъсирида ақл ҳукмидан вақтинча қутулганда сезиш мумкин. Масалан, қаттиқ қўрқитилган ҳолатда ёки ўта иложсиз қалтис вазиятларда одамнинг ақл ясаб берган сохта табиати яшириниб, унинг ҳақиқий характери юзага чиқади.
Одамнинг асл табиати уч хил сабабга кўра юзага чиқиши мумкин. Биринчиси – ўлим ҳавфи: одам ўлим билан юзмаюз келганда ақл бошқарувидан айрилади. Бунда одам онгига табиат киритиб қўйган дастурлар одамни ҳавфли вазиятдан омон олиб чиқиб кетиш учун ақлни атайлаб «ўчириб» қўядилар – ўлим ҳавфи туғилган ҳолда ақлга фикр ўйинини давом эттиришга имкон берилса, тана вақтида керакли ҳаракатларни бажаришга улгурмай қолиши мумкин. Ўлим билан юзмаюз келган ҳар қандай одам бу лаҳзани «фикрсизлик» ҳолати деб атайди – диққатни бир фикрга қаратиб турувчи ақл чекингач, бирданига ҳамма хотиралар диққат доирасига кириб қолади ва одамга ҳудди бутун умри кўз олдидан ўтгандек туюлади.
Катта ҳавф таъсирида ақл бошқарувни қўйиб юборган ана шу ҳолатда одамнинг асл шахсияти намоён бўлади. Кучли шахс бунда бошқача, ожиз одам мутлақо бошқача йўл тутади. Ваҳоланки, кучли шахсият эгаси бутун умри давомида ақлининг гапига ишониб, ўзини ожиз деб билган бўлиши, ожиз шахсият эгаси эса ўзи ҳақида асоссиз юқори фикрларга бориб юрган бўлиши мумкин.