Кийикнинг эшитиш қобиляти анча кучли – у атрофида бирор кескин товуш эшитса, орқа-кетига қарамай қочади. Бунда унинг эшитиш сезгисидан келган маълумот тўғридан-тўғри унинг онгига боради ва у эҳтимолдаги ҳавфдан узоқлашишга қарор қилади. Ваҳоланки, бу товушни кийик учун беозор бирор жонзот келтириб чиқарган бўлиши мумкин. Ёки, айтайлик, қуриган дарахт шоҳи синиб тушган бўлиши ҳам мумкин.
Одамнинг эшитиш қобиляти кийикникичалик эмас. Бироқ атрофида бирор товуш эшитса, у дарҳол қочишга тушмайди – унинг қулоқлари илғаган товушни аввал унинг ақли таҳлил қилиб беради. Кейин шу таҳлил натижалари онгга қарор қабул қилиш учун етказилади. Бу жараён жуда тез кечади – шунинг учун ақл эшитилган товушни ҳавф белгиси деб баҳоласа, онг керакли чораларни кўриш учун танага буйруқ беришга улгуради.
Инсон ақли ривожланиб боргани сари, у ўзига хос муаммоларни ҳам келтириб чиқарган. энг биринчи, ақл турли сезги органларига турлича аҳамят бера бошлаган (шу ерда ҳам муҳимлик!) – у ўзи учун қулай бўлган сезгиларни юқори қўйган ва онг эътиборини шу сезгилардан келган маълумотларга қаратган. Масалан, одам атрофдан маълумот олишда кўпроқ кўзларига таяна бошлаган. Бунга сабаб кўриш орқали олинган тасвирий маълумот қайта ишлаш учун осон эканидир. Одамзот бошқа сутемизувчилар каби тўрт оёқда эмас, икки оёқда қаддини тик тутиб юра бошлаган. Бу атрофни узоқроқ масофада кузата олиш имконини берган. Кўпроқ маъсулият кўриш қобилятига топширилгандан кейин, бошқа сезгилар кам ишлатила бошлаган ва вақт ўтиши билан улар яна ҳам сусайган. Масалан, бошнинг ердан узоқлашиши сабаб, ҳид билиш қобиляти деярли керак бўлмай қолган.
Бугунгача биз асосан икки сезги аъзога тобемиз – кўз ва қулоқ. Бошқа сезгилар сусайиши ёки йўқотилиши бизда кўриш ёки эшитиш қобилятини йўқотиш каби катта ҳавотир уйғотмайди.
Одамзотда ҳам, бошқа тирик мавжудодларда ҳам табиатдан берилган бошланғич билим бўлади. Бу табиий билимлар дунёга энди келган жонзот тирик қолиши учун заур. Чақалоқ ҳам оч қолса ёки бирор жойи оғриса, йиғлаш кераклигини билади, қаттиқ товушдан ва йиқилишдан қўрқади. Бундай табиий билимлар хотиранинг ҳар қандай таъсирдан ҳоли қисмида сақланади ва улар ҳеч қачон бизни тарк этмайди.
Ҳаёт давомида эса тирик мавжудод турли вазиятларга дуч келади, уларга онгли равишда муносабат билдиради ва шу муносабатларини хотирасига киритиб боради. Шу йўл билан у ўзига қўшимча билим орттиради – ва бу орттирилган билимлар кейинчалик ишлатиш учун хотирага ёзилади. Аммо улар қандайдир омил таъсирида йўқотилиши, янгиланиши ёки ўзгартирилиши мумкин.
Ҳайвон ва ўсимликлар хотираларидаги орттирилган билимга вазият тақазо этганда мурожат қиладилар. Бошқа пайт уларнинг бунга, шунчаки, вақтлари бўлмайди. Улар мунтазам сергак турадилар – атроф дунёдан барча сезгилари орқали маълумот олишдан тўхтамайдилар. Чунки уларнинг ҳаёти шунга боғлиқ.
Одамзот эса ўзини турли хил йўллар билан мудофа қилиш чораларини олдиндан кўриб қўйишни ўрганган. Шу боис у мудом атроф дунёдан хабардор бўлиб туриши шарт эмас. Бундай бекорчиликдан нима қиларини билмай қолган ақл сезгилардан келаётган маълумотларни тўхтатиб қўйиб, хотирадаги эски маълумотларни қайта таҳлил қилишга тушади. Шунинг учун ҳаёлларига чуқур кириб кетган одам ёнига биров келганини ҳам сезмай қолиши мумкин.
Сезгилар – деҳқончилик ускуналарига ўхҳайди. Улар бизнинг ихтиёримизга фойдаланиш учун берилган. Ҳудди ишлатилмай турган меҳнат қуроллари занглаб қолгандай, улар ҳам қанча кам ишлатилса, шунча ўтмаслашиб, ожизлашиб боради. Шундан, минглаб йиллар мобайнида ақл ўсгани сари, одамзот сезгилари сусайиб келган.