Услубий вазифалар. Машғулотларнинг ярим ва бир йиллик иш режаларини тузиш, бунда маҳаллий шароитлар, эҳтиёжлар ва имкониятларни ҳисобга олган ҳолда, касблар таснифи асосида ўқувчиларни яқиндан таништириш мумкин бўлган касб турларини танлаш. Ўғил ва қиз болаларнинг ўзига хос меҳнат машғулотларини ва касб танлашларини амалга ошириб бориш. Машғулотларда замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан, янги дидактик материаллар, воситалардан кенг фойдаланиш, технология фани таълими ва тарбиясининг бирлигини таъминлаш. Ўқувчиларда турли касбларга тегишли дастлабки меҳнат кўникма ва малакаларини, меҳнатсеварликни шакллантириш. Технология фани дарслари жараёнида ўқувчиларни ақлий ва ахлоқий жиҳатдан ривожлантириб боришда уларнинг ёш хусусиятларини, шахсий психологик ва физиологик сифатларини ҳисобга олиш. Ўқувчиларнинг билими, кўникма ва малакаларини рейтинг тизими асосида назорат қилиб бориш [209; 8-9-б.].

Мактабда технология фани таълими ва тарбияси, касбга йўналтириш жараёнини ташкил қилиш ҳамда уни амалга оширишда педагогика, дидактика, психология, физиология, хусусий методика ва бошқа фанларнинг илмий хулосаларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилган. Машғулотлар мавзуи амалиёт билан ўқув мазмуни тарбиявий муаммоларни ҳал қилиш билан уйғунлаштирилган ҳолда бўлишини таъминлаш зарур. Фан бўйича ўқув дастури асосида олиб борилган ўқув-тарбия ишлари натижаларини, ўқувчиларнинг ўзлаштиришларини, аниқлаш ва назорат қилиш Давлат таълим стандарти асосида амалга оширилади. Умумий ўрта таълим мактабларининг 5-9-синфларида ўқувчилар сони 25 ва ундан ортиқ бўлса, технология фани дарслари шу синфлардаги ўқувчиларни икки гуруҳга ажратган ҳолда олиб борилади. Халқ ҳунармандчилигининг айрим нодир касбларини ўрганиш учун уста-шогирд ёки ота-ўғил, она-қиз шаклларидан фойдаланилади. Бундай машғулотларни тегишли халқ усталари билан мактаб ўртасида тузиладиган шартномалар асосида ташкил қилинади. Дастурдаги технология фани йўналишлари бўйича машғулотларни ташкил қилиш ва ўтказиш кетма-кетлиги маҳаллий шароит ва имкониятлар ҳисобга олинган ҳолда ўқитувчи

томонидан ҳал қилинади [209; 10-б.].

Юқоридаги фикрлардан хулоса қилиб шуни айтиш жоизки, технология фанининг вазифалари билан мазмуни мураккаб диалектик боғлиқликда бўлади. Буни тушуниш учун шуни назарда тутиш керакки, технология фани вазифалари турли даражада қўйилади ва ҳал қилинади.

Биринчи даражада технология фани мактаб тизимининг элементи сифатида, яъни умуммактаб вазифаларини бажариш воситаси сифатида қаралади. Масалан, энг муҳим умуммактаб вазифаси ўқувчиларда миллий дунёқарашни шакллантиришдан иборат. Ўқув жараёнларига ҳам, бутун педагогик жамоанинг синфдан ташқари фаолиятига ҳам тааллуқли бу вазифани беистисно ҳамма ўқув предметлари амалга оширади. Таълимни унумли меҳнат билан қўшиш, политехник таълим, меҳнат тарбияси, ўқувчиларни касбга йўллаш каби вазифалар кўпчилик ўқув предметлари, хусусан, технология фани билан биргаликда ҳал қилинади. Бу вазифаларни ҳал қилишда технология фани алоҳида аҳамиятга эга, чунки технология фани машғулотларида ўқувчиларни унумли меҳнатга жалб этиш, ҳозирги замон ишлаб чиқариши асослари билан таништириш, уларда оммавий ишчи касбларига муҳаббат уйғотиш ва шу касблар ҳақида етарлича тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш учун қулай шароитлар вужудга келади. Умумий мактаб вазифаларини ҳал қилишда технология фани ўқитувчиси бошқа ўқитувчилардан ажралмаган ҳолда ишлаши ва ўз фаолиятини уларнинг фаолияти билан бирлаштириб бориши муҳимдир. Шундай қилинганда уларнинг ишлари такрорланишдан ҳоли ва янада мақсадга мувофиқроқ бўлади. Кўрсатилган вазифалардан ташқари яна торроқ вазифалар ҳам қўйилади ва улар асосан технология фани доирасида ҳал қилинади ёки булар умуммактаб вазифалари бўлиб, ўзига хос специфик воситалар билан амалга ошади. Булар