пухта эгаллашларига эришиш лозим.

Ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ривожлантириш орқали уларда ижодкорлик кўникмаларини шакллантиришда, табиийки, устозлар, педагогларнинг ўрни катта. Психологик нуқтаи назардан олганда аслида ҳамма инсон қобилиятли, истеъдодли бўлиб дунёга келади. Болани ёшлигиданоқ нимага мойиллиги, қобилияти борлигини ўз вақтида англаб, аниқлаб, уни ривожлантирсак, у ҳақиқий туғма истеъдод эгасига айланади. Агар вақтида буни ангалаб етмасак ва унинг қизиқишларига беэътибор бўлсак, ундаги истеъдод сўниб, худбин шахсга айланади. Шунинг учун педагоглар зиммасига катта вазифалар юклатилади. Педагог ходимларимиз ижодкор шахсларни тарбиялаш учун, ўқувчиларда ижодкорона ёндашишни шакллантириш учун қуйида ёритиладиган бир қатор педагогик талабларга жавоб беришлари, яъни таълим жараёнида қўлланиладиган айрим ўқитиш усуллари ва шаклларидан унумли фойдаланишга эътибор қаратишлари лозим. Бошқа предметлар қатори умумтаълим мактабларида технология фани машғулотларида бунга жиддий эътибор қаратилмоғи лозим. Чунки технология фани машғулотларида ўқувчиларда ижодкорлик фаолиятини ривожлантириш учун қулай имкониятлар мавжуд.

Умумий ўрта таълим мактабларида технология фани машғулотлари нисбатан мустақил, аммо ўзаро алоқада бўлган қисмларга бўлинади. Бу асосан назарий ва амалий ишлаб чиқариш таълими жараёнидир. Назарий таълим ўқувчиларни билимлар тизими билан қуроллантиришга қаратилган. Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг учинчи босқичида таълим-тарбия тизимининг сифатини ошириш кўзда тутилган. Шу нуқтаи назардан қараганда таълим беришнинг фаоллаштирувчи шаклларидан бири бўлган модулли ўқитишни технология фани жараёнига жорий этиш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Биз бу ҳақда мулоҳаза юритиб, модулли ўқитиш нима, у анъанавий дарс турларидан нимаси билан фарқланади, деган масалага эътиборни қаратамиз.

Маълумки, анъанавий дарс турларида таълим-тарбия жараёни марказида ўқитувчи туради. У ўқув материалини тушунтиради, сўрайди ва баҳолайди. Ўқувчилар эса ўқитиш жараёнининг суст иштирокчиси бўлиб, улар ўқитувчи тушунтиришини эшитадилар ва унинг саволларига жавоб бериш билан кифояланадилар. Модулли ўқитишда эса ўқувчилар мустақил равишда, билим, кўникма, малака эгаллаш билан бирга ўз фаолиятларини баҳолаш даражасига кўтариладилар. Модулли ўқитишнинг ижрочиси ўқувчидир. Ўқитувчи бунда таълим олишнинг ташкилотчиси, ўқувчининг ёрдамчиси сифатида қатнашади. Модулли ўқитишда ўқитувчининг кўпгина функциялари ўқувчиларга ўтади. Ташкилотчи сифатида ўқитувчининг функцияси аввал модулли ўқитиш дастурини яратишда намоён бўлади. Модулли ўқитишни амалга ошириш учун бундай дастурлар ўқувчиларга олдиндан тарқатилиши керак. Ҳозирги бозор иқтисодиётига ўтиш даврида кўпгина таълим муассасаларида модулли ўқитиш дастурларини тайёр ҳолатда ҳар бир ўқувчига тарқатиш мушкул. Шуни назарда тутиб, технология фани дарсларининг ҳар бир мавзусини ўтишдан олдин унинг мазмунидан келиб чиққан ҳолда ўқувчиларга вазифа бериш лозим. Бундай вазифаларни ўқувчилар томонидан мустақил бажарилиши модулли ўқитишни амалга оширишда қисман дастур ролини бажариши мумкин.

Модулли ўқитишни айрим мавзулар ёки боблар бўйича олиб бориш мумкин. Модулли ўқитишни ташкил этиш одатда технологик карта тузишдан бошланади. Унда ўқувчилар фаолиятининг мақсади аниқ кўрсатилади. Масалан газламаларга бағишланган мавзуни модулли ўқитишда ўқувчиларнинг фаолияти газламаларнинг тузилиши, хиллари, келиб чиқиши, аҳамияти, қандай соҳаларда ишлатилиши ҳақидаги билимларни эгаллаш, газламалардан ўз манфаатларида йўлида фойдаланиш, қўшимча адабиётлар билан ишлаш кўникмасига эга бўлишга қаратилади. модулли ўқитишда мақсадга эришиш учун ўқувчилар матн, ундаги расмлар билан танишишлари, айрим муаммоли масалалар, чунончи газламалар тайёрлаш тўғрисидаги тахминлар бўйича мунозара қилишлари, саволларга жавоб беришлари, тест топшириқларини бажаришлари лозим. Бу модулли ўқитишнинг биринчи босқичи ҳисобланади. модулли ўқитишнинг иккинчи босқичи қўйилган мақсадни амалга ошириш билан боғлиқ ўқувчиларнинг мустақил фаолиятини ташкил этишга бағишланади. модулли ўқитишнинг учинчи босқичида ўқувчилар ўзларининг билим ва кўникмаларини қай даражада эканлигини баҳолайдилар. Модулли ўқитишнинг тўртинчи босқичида ўқитувчи модули дастурига, унда бажарилган ишларга якун ясайди.