Бундай қарашлар орқали ижодкорлик масласига ёндашиш қулайдир ва бу одатда ҳисоблашда, назорат қилишда, солиштиришда ва баҳолашда соддаликни таъминлайди. Аммо доктор Ранко ижодкорликнинг ушбу икки тури, яъни «намойиш қилиш ва ясаш-ихтиро қилишга асосланган қарашлар инсондаги потенциал (бошланғич) ижодкорликни аниқлашда оқсоқликка учрайди» дейди. Чунки, унинг айтишича, кўпинча ёшларнинг бошланғич ижодини намоён қилишга кўникмалари етишмаслигига аҳамият берилмайди. Шу сабабли ёшлардаги ижодкорлик фаолияти ҳақида гап кетганда, доктор Ранко ўқитувчиларни санъаткорлик ва ишлаб чиқариш-ясаш (яратувчанлик) соҳаларидаги қарашларда ҳушёр бўлишга чақиради, уларнинг потенциал яратувчанлиги – яъни ёшларнинг илк ижодкорлик кўникмаларини ривожлантиришга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлайди.
Мазкур ғояларни ижодий давом эттирган ҳолда кейинги пайтларда ҳам бир гуруҳ америкалик тадқиқотчилар томонидан ўқувчиларнинг ижодкорлик қобилиятларини ривожлантириш масалалари ўрганиб келинмоқда. Жумладан Колорадо давлат университети тадқиқотчиси М.А.Моррель ўзининг илмий ишида ёшларда ижодкорлик кўникмаларини шакллантириш ҳақида фикр юритиб, женевалик психолог Жан Пиажанинг интеллект назариясига асосланган ҳолда «Ўқувчиларнинг ижодкорлик кўникмалари уларнинг когнитив ривожланиб боришига боғлиқ» деб, ҳисоблайди. Яъни Жан Пиажанинг интеллект назарияси бўйича болалар билимларни ўзларининг шахсий тажрибиларини тушуниш орқали эгаллай бошлайди. Бола ўсган сари унинг ўз тажрибаларидан олган билим ва кўникмалари ҳамда тушунишларига бўлган қобилиятига кўра ўзгариб, ривожланиб боради. Ҳар бир бола ўзининг тажрибаси билан англаб етиш қобилиятининг интерфаол алмашинуви натижасида улғайиб боради. Ж. Пиажа болаларнинг ёшларини ҳисобга олган ҳолда бу жараённи 4 босқичга бўлган:
1-босқич. Бу босқич сенсомотор даври деб аталади. Бунда бола туғилгандан бошлаб 2 ёшгача бўлган даврдаги шаклланиш жараёнида маълумотларни нарсаларга тегиниш орқали ўрганиб боради.
2-босқич. Бу босқич операциялардан олдинги тафаккур даври деб номланган бўлиб, бунда болада 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган даврда символли маълумотлар, белгилар ёки шунга ўхшаш ишоралар билан ишлаш қобилияти шаклланади.
3-босқич. Бу босқич аниқ операциялар даври бўлиб, бунда болада 7—8 ёшдан 11—12 ёшгача бўлган даврда аниқ маълумотлар устида мантиқий фикрлаши ошиб боради.
4-босқич. Бу формал (расмий) операциялар даври бўлиб, бунда 11—12 ёшдан бошлаб, яъни ўсмир ёшдаги болалар энди нафақат аниқ маълумотлар устида, балки тасаввуридаги ёки абстракт маълумотлар устида ҳам ишлай бошлайди [233; 78-б.].
Босқичлар ўртасида фарқлар болаларнинг ёши, уларнинг фикрлаши ва билим эгаллаш қобилиятига қараб ўзгариши мумкин. Болалар фақат ўзлари тушуниб еча оладиган маълумотлардан фойда олишлари мумкин. Бу маълумотлар уларнинг билимини ошишида ва уқиб олишида етакчи восита ёки манба бўлиб хизмат қилади.
Бошқа бир тадқиқотчи – Лиза Майер эса (Виржиния политехника университети, АҚШ) PhD доктори илмий даражасини олиш учун ёзган диссертациясида ўқувчиларга бериладиган амалий топшириқларни реал ҳаётда учрайдиган муаммолардан олиш кераклигини таъкидлаб ўтган [230, 97-б.]. Бинобарин кундалик турмушда учрайдиган амалий топшириқларни ечиш ўқувчиларнинг ижобий натижаларга эришишида энг муҳим воситалардан бири ҳисобланади. Таълим масканлари дарсликларида эса мураккаб ва аниқ қонун-қоидаларга асосланган топшириқлар берилади. Бу топшириқлар кундалик турмушда учрайдиган муаммоларга ўхшамайди. Бу ҳолат эса ўқувчиларни чалғитиши, зериктириши ёки уларда қизиқиш уйғотмаслиги мумкин. Шунингдек, ҳозирги пайтда АҚШнинг бошқа ўқув юртларида (Princeton university), бундан ташқари Япония (AICHI university of Education), Ҳиндистон (National Institute Of Technical Teachers Training And Research), Хитой (Shaansi Normal University), Германия (Belfield pedagogical university), Англия (National Advice on pedagogical technology), Россия (Таълим академияси), Ўзбекистон (ТДПУ, ҚДПИ) каби мамлакатларнинг олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларида ижодкорлик фаолиятини ривожлантириш масалалари бўйича тадқиқотлар, илмий изланишлар олиб борилмоқда. Жумладан россиялик тадқиқотчилардан Г.С.Альтшуллер [24], П.Н.Андрианов [25,26], А.В.Андриенко [27], Ю.Г.Бельмач [34], О.А.Белякина [35], Р.У.Богданова [38], Д.Б.Богоявленская [39], Г.Я.Буш [41], В.А.Горский [52], Д.П.Ельников [58], В.И.Коваленко ва В.В.Куленёнок [151], Д.М.Комский [153], В.Г.Разумовский [184], Н.С.Сайниев [190], Ю.С.Столяров [195], И.А.Торопов [205], Е.Е.Туник [207], О.В.Шелякина [223]; ватанмиз тадқиқотчиларидан Б. Адизов [17], В.Е.Алексеев [21], А. Алиев [22], Н. Алимов [23], Н.А.Бекмуратова [33], А.П.Худойберганов [212], Ш.С.Шарипов [216, 217, 220] ва бошқаларнинг илмий тадқиқот ишларида ижодкорлик, хусусан ўқувчилар ижодкорлик фаолиятини ташкил этишнинг турли томонлари очиб берилган. Булардан, айниқса, Ш.С.Шариповнинг «Ўқувчилар касбий ижодкорлиги узвийлигини таъминлашнинг назарияси ва амалиёти» мавзусида ёзган докторлик диссертацияси бизда катта қизиқиш уйғотди [220]. Диссертант мазкур илмий ишида ўқувчиларни ижодкорликка ўргатишни мактабдан бошлаб, уларнинг бу фаолиятини мактабдан кейинги таълим муассасаларида – КҲКларида ҳам давом эттириш керак, деган ғояни илгари суради. Яъни ўқувчиларнинг ижодкорлик ишларини узлуксиз давом эттириш зарурлигини таъкидлайди. Шу мақсадда диссертацияда зарур кўрсатмалар ва тавсиялар берилган.