Пахтани қайта ишлаш ускуналарини ишлатишда ажралиб чиқаётган зарарли модалар миқдори, иш зонаси ҳавосида шу зарарли моддалар концентрациясини меъёрий ўрнатилган йўл қўйиладиган концентрациясидан ошиб кетишига олиб келмаслиги, нормал шароитларда ҳам, шунингдек табиий атроф муҳитни турли омиллари (юқори ва паст ҳароратда, ҳаво намлигида, қуёш радиациясида ва ҳ.к.) таъсирида ҳам ускуна хавфсиз бўлиши, табиий атроф муҳитни ўрнатилган меъёрлардан ортиқ ифлослантирмаслиги, ёнғин ва портлаш хавфи бўлмаслиги керак. Зарарли моддаларнинг иш зонаси ҳавосидаги йул қўйиладиган концентрацияси, уларнинг қаерда жойлашишидан қатъий назар (очиқ майдонда, ишлаб чиқариш биноларида, транспорт воситаларида ва ҳ.к.), барча иш жойлари учун риоя этилиши мажбурийдир.
Пахтани қайта ишлаш ускуналарини жойлаштирилиши уларни ишлатишда ишлаб чиқариш бинолари ва иш жойларида хизмат кўсатувчи персоналларнинг ўтиб қайтиши учун хавф туғдирмайдиган бўлиши ҳамда бўлинмаларда ўтиш жойларининг кенглиги камида: магистрал ўтиш жойлари учун 1,5 м; ускуналар орасидаги ўтиш жойлари учун 1,2 м; ишлаб чиқариш бинолари деворлари билан ускуналар ораси учун 1м; ускуналарни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган ўтиш жойлари учун 0,7 м; иш жойларидаги ўтиш жойларининг кенглиги эса ўтиш ва юриш жойларида бир томонлама иш жойи бўлганда камида 0,75 м га ва икки томонлама иш жойлари бўлганда камида 1,5 м га тенг бўлади.
Ўтиш жойларининг кенглиги лентали конвейерларга хизмат кўрсатиш учун 0,7 м, монтаж қилиш ва таъмирлаш учун эса 0,4 м дан кам бўлмаслиги ва ишлатиш давомида ўтиш жойлари доимо ёпиқ бўлади ҳамда конвейерлар олдидаги ўтиш жойларининг баландлиги ишлаб чиқариш биноларида камида 2,2 м, галареялар ва эстакадаларда эса камида 1,8м бўлади.
Технологик ускуналарнинг иш пайтида чанг ажралиб чиқадиган жойлари зич беркитилади (герметизация қилинади) ва қобиқлар туйнуклари чангланган ҳавони маҳаллий сўриш учун аспирация тизимига уланади.
Пахта тозалаш машиналари ва технологик ускуналари конструкциясида ҳимоялаш воситаларининг қўлланилиши – ҳозирги пайтда машиналар ва ускуналар хавфсизлигини таъминлашнинг асосий йўналишларидан биридир. Ҳимоялаш воситалари сифатида: чегараловчи (ёпгичлар), сақловчи ва тўхтатувчи ҳимоя воситалари; автоматик назорат ва сигналлаш воситалари; шунингдек, хавфсизлик белгилари ва масофадан бошқариш фойдаланилади.
Пахтани қайта ишлаш ускуналари ва машиналари ҳимоялаш воситаларига қўйиладиган умумий талабларга: ишловчиларга ишлаб чиқаришнинг хавфли омили таъсир қилиш эҳтимолини бартараф этиш ва зарарли ишлаб чиқариш омили таъсирини камайтириш; қўлланилаётган ҳимоялаш воситаларида ускуналар, асбоблар, қурилмалар ва технологик жараёнларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиш; ҳимоя воситалари билан биргаликда машина ва механизмларнинг бутунлай ишончлилиги, мустаҳкамлиги ва хизмат кўрсатишнинг қулайлиги киради. Чегараловчи қурилмалар хавфли зонага одамни тушиб қолишига тўсқинлик қилади ва улар конструкциясига (қобиқлар, айвончалар, эшикчалар, шитлар ва б.қ.), тайёрланиш шаклига (бут-бутун, сеткали, аралашма), ўрнатилиш услубига (кўчмас ва кўчадиган) кўра синфланади. Чегараловчи қурилмалар машиналар ва агрегатларнинг юритмалар тизимини, ускуналарнинг маҳсулотларга ишлов бериш зонасини, ялонғочланган ток ўтказувчиларни, ҳавога зарарли чанглар ажралиб чиқиш зонасини ва бошқаларни ёпишда қўлланилади. Кўчадиган тўсиқлар вақтинчалик бўлиб, улар таъмирлаш ва созлаш ишларини бажаришда ток ўтказувчан қисмларга бехосдан тегиб кетишдан, механик жароҳатлар олиш ва куйишлардан ҳимоялаш учун ҳамда пайвандловчиларнинг иш зонасида (пайванлаш постлари) атрофдагиларни электр ёйи ва ультрабинафша нурланиш таъсиридан ҳимоялаш учун қўлланилади.