– Йўқ. Айнан аёлим! Биз кеча турмуш қурдик.
Иосиф Сталиннинг бошидан бир челак сувни ағдариб юборгандек, кўл оёғи бўшашиб, ўзига нисбаттан ҳурматсизликни қабул қила олмай, Якобга кўзларини ўқдек қадади-ю, қўлида ушлаб турган ҳужжатларни қаттиқ ғижимлади. Ва бор ғазаби билан уни ўғлига отди.
– Йўқол кўзимдан нонкўр. Ўғлим эмас, исқирт ҳайвонсан! Отанг ким-
лигини унутдингми аблаҳ. – деганча, ғазаби қўзиб бор овозда ўкира бошлади. Якоб қочган бўлиб, ортга бир икки қадам ташлади-да, отасига:
– Афсуски унутганим йўқ. Ва истасам ҳам унутолмасдим. Нега бу во-
қеа сизни шунчалик ғазаблантирди? Негалигини айтайми? Чунки бутун СССРни титратган золим, бугун ўз пушти камарига кучи етмаяпти. Ҳа, ҳа етмади, мен сизни доғда қолдирдим ота. – деди нафрат тўла табассум билан. Бопладим дегандек қаҳ-қаҳ уриб кулди. Гапирарди-ю, худди қўрқоқ чиябўридек бир у бурчакка, бир кресло ортига қочарди. Қўрқаниданми ёки ҳаяжонланганиданми бир жойда туриб гапиролмасди. Сталин эса ғазабдан, иш столига икки қўлини муштлаганча ундан кўзини узмай ўқрайиб туради.
– Йўқол. Бўлмаса…, – деб унга эшикни кўрсатди.
– Нима бўлмаса? Эшик ортидаги итларингизга мени отиб ташлашни
буюрасизми? Айтинг отишсин. Айтинг нега жим турибсиз? – олдинга мардларча қадам босди-да, кўксини очиб, – дарвоқе, сиз ўқни қоқ мияга жойлашни яхши кўрасиз-а, унутибман. – деб яна кулганча ортига тисланди.
– Олиб чиқинг уни ва бошқа кремлга Қўйманг, —деди Сталин қаттий
оҳангда. Ўғлини шу қадар яхши кўрганидан, балки сиёсий мавқейидан-ми, унга озор беришга ўзида куч топа олмагандир.
ГУГБ ходимлари Якобни икки қўлидан судраб боришаркан, токи кремлдан чиқиб кетгунча отасига асаббузар гаплар қилиб бораверди. Унинг отасига нафрати шу қадар чексиз эдики, нима қилиб бўлмасин отасидан, бир замонлар Иосифни топиб берасан деб, княз соқчилари онасини қамаб қўйишганида, зиндонда сил касалини орттириб ўлиб кетган онасининг қасдини олишга ҳаракат қиларди. Ўзи шундоқ ҳам мустаҳкам бўлмаган ота ўғил ораси, бугун бутунлай бузилди. Сталин юрагини ушлаганча, кимсасиз хонада ёлғиз қолди. У деразадан Якобнинг ортидан қараб қоларкан, – Сен, аблаҳ ота нималигини қаердан биласан Якоб? Буни мана мендан сўра. Балки мен феъли тор, буйруқ беришни яхши кўрарман. Аммо отамдан фарқли ўлароқ, оилам ҳаққини емаганман. Ҳа балки сени баъзи бир сабабларга кўра вақтинча ташлаб кетгандирман, балки онанга яхши қарай олмагандирман. Аммо севганман, чин юракдан севганман Якоб. Исмингнинг маъноси нималигини билсанг эди. Ҳамманинг назарида бу дининий исм, Якуб исроил пайғамбарининг исми деб ўйлашади. Йўқ, асло ундай эмас. Я коба, яъни мен кобанинг ўғлиман, мен янги кобаман деган манони кўзлаб қўйганман ўғлим. Сендан умидларим катта эди, аммо сен менга эмас онанга тортдинг. Ҳаётда мақсадинг йўқ. Дўст билан, душманнинг фарқига бормайсан. Ўта меҳрибон, ўта ишонувчансан, худди менинг марҳума Катойимга ўхшаб. Онангни, айнан унинг меҳрибончилиги бу дунёдан олиб кетди. Унинг ишонувчанлиги. Оҳ, сен ўғлига чоғ қазиган оталарни кўрмагансан-да ўғлим.
У отаси Висарион Жугашвилли уйга кеч келиб, онасини урганини, Сосо (Иосиф Сталинни ёшлигида шундай чақиришарди) ёшлигида от араванинг тагида қолиб кетганида, отаси «сендан ўлим ҳам ҳазар қилибди-да, сен нафақат менга балки ўлимга ҳам керак эмассан» деган сўзларини эслади. Онаси Сосонинг даволаниши учун ҳўжайинидан қарз олганида, отаси шу пулларни ичиб қўйганини эслади. Ва оёғидаги пайпоғини ечиб, ёшлигида мажағланиб кетган, ва бир умр ҳаммадан беркитиб юрган панжасини силади. Ўша фалокатда «Сосо юролмайди» деган гапни эшитиб, шу мажағланган оёқ билан, кўзларини чирт юмганча юришни ўрганганини эслади, – Сен нимани кўрибсанки мени айблайсан. Онангни жонини олганим йўқ. Шунчаки, уни асраб қола олмадим холос. – Деб ўғли Якобнинг аччиқ сўзларини унутишга уринди.