Бундан ташқари, ҳар биримизда оила, мактаб ва жамият таъсирида «яхши» ва «ёмон» нарсалар ҳақида тушунча шаклланиб қолган. Ақлимиз бу тушунчаларни қонун даражасига кўтариб, улар воситасида дунёни борича кўришимизга ҳалал беради.

Айтайлик, бизга ёшлигимиздан ичкиликбозлик жуда ёмон эканлиги уқтириб келинади. Натижада ақлимиз спиртли ичимликни ёмонлик белгиси деб қоида қилиб қўяди. Сиз ароқ дўкони олдида турган одамни кўриб қолсангиз, у ҳақида яхши хаёлга боришингиз қийин. Агар у чўнтагидан пул олиб санаб қўйса – у ғирт ароқхўр эканига ишонасиз қўясиз. Ваҳоланки, у ароқ дўкони олдида бошқа мақсадда турган, пулни эса касал ётган фарзандига дори олиш учун дўкон эгасидан шошилинчда олган қарзини тўлаш учун санаётган бўлиши мумкин.

Юқоридаги каби мисолларни минглаб келтириш мумкин. Хулоса эса аниқ – дунёни ақлимиз ўрнатган қоидалар асосида баҳолаш, атрофингизда аслида кечаётган жараёнларни кўра билмаслик дегани.

Аммо энг катта муаммо бундамас ҳали.

Энг ачинарлиси, ақлининг гапига эргашишда ўта чуқурлашиб кетган одам шахсий, яъни маънавий ўсишдан тўхтаб қолади. Бунинг энг яққол мисоли – ҳамма нарсани билишга даъво қилган одамдир. У ўз билим ва тушунчаларига шу қадар тобе бўлиб қолганки, ўзгалар фикри ва қадриятлари унинг учун хато бўлиб кўринаверади.

Албатта, сиз бундай одам эмассиз. Бу китоб ундай одам қўлига тушса эди, у энсаси қотиб ёки масхаромуз кулиб, китобни елкасидан ошириб ташлаган бўларди. Тўғрида – у шундоқ ҳам қандай яшаш кераклигини билади, бунда унга дарслик керак эмас.

Бироқ ҳар биримизда ана шундай ўзбилармонлик иллати озми-кўпми бор. Буни тан оламизми-йўқми, ҳар биримиз ўзгалар фикрини ҳар доим иккинчи даражага қўямиз. Ақлингиз ҳозир «Нима унда бошқаларнинг фикрига қараб яшашим керакми?» деб ғазабланаётганини сезиб турибман. Унга қарши мен ҳеч нарса демайман – чунки ақлингиз ҳар қандай гапимни инкор қилишда давом этаверади.

Умуман, мен сизнинг ақлингиз эмас – қалбингиз билан сирлашсам дегандим. Аммо, аввал айтганимдек, ақлингиз қалбингизни етти эн девор билан ўраб, қамал қилиб олган. Кўнглингиз дарвозаларига калладек қулф осиб, унинг калтини қайсар посбонга топширган. Шу боис кўнглингизга йўл топиш учун мен сизнинг ақлингиз билан сулҳга бормасдан иложим йўқ. Калитдор посбонга аниқ мантиқий исботлардан пора бериб, уни авраб дарвозани очиб беришга кўндиришга уриниб кўраман. Агар ақлингиз тоқатсизлик қилиб, мени қувиб юбормаса – қалбим айтган сирлар қалбингизга етиб боришига ишонаман.

Инсон ақли у ҳаётида шу кунгача олган билимлардан фойдаланиб иш кўради. Болаликда бизнинг ақлимиз билимга чанқоқ, янгиликка интилувчан бўлади. Шунинг учун катталарни турли-туман саволлар билан қийнаб қўямиз. Баъзида катталар ёш боланинг саволига жавоб бера олмай қолади – бунда саволнинг жавоби улар билим доирасига кирмайди.

Улғайиб борар эканмиз, биз билган нарсалар кўпайиб боради. Аввал айтганимдек, ақлимиз билган нарсаларини қонун қилиб ўрнатиб қўяди. Бориб-бориб, бундай қонунлар шу даражада кўпайиб кетадики, улар янги билимга интилиш истагини енгиб кетади. Киши ўз ҳаётий тажрибасига шубҳа қилмайди ва ҳаётни ҳозиргача билган нарсалари доирасида таҳлил қилиб яшайверади.

Аммо ўйлаб кўринг. Ахир, дунё – бу чексиз ҳақиқатлар макони.

Сатҳи футбол майдонига тенг оқ қоғозни тасаввур қилинг. Мана сиз унинг устида юрибсиз. Қўлингизда қалам. Қани, шу қалам билан қоғозга тангадек айлана чизинг. Бўлдими? Яхши. Энди унинг ёнига коптокдек айлана чизинг. Буни ҳам уддаладингизми? Офарин. Энди катта дошқозон оғзидек айлана чизинг. Бу ҳам жуда осон – шундай эмасми? Энди учала айланага қаранг – диққат билан қаранг.