Бир соатдан сўнг кўришамиз.
Қамалдаги шахсият
Келинг, сизга бир эртак айтиб берай.
Қадим-қадим замонларда бир шаҳар бўлган экан. Унинг бир золим подшоҳи бўлиб, у фақат ўз билганича иш тутар, на вазирларининг маслаҳатларига ва на шаҳар аҳолисининг арзларига қулоқ солар экан.
Узоқ ўлкалардан келувчи савдогарлар шаҳарликларга бошқа мамлакатларда одамлар қандай эркин яшашлари, маданий ривожланишда катта ютуқларга эришгани, ўз табиатларини маънавий юксак қилиб тарбиялашгани ҳақида айтиб берар экан. Шаҳарликлар бу гапларни ҳавас ва надомат билан эшитар, борган сари ўз шоҳларидан норози бўлиб қолишар экан.
Аҳоли орасида бундай норозиликни бартараф этиш ва бўлғуси ғалаёнларнинг олдини олиш учун маккор шоҳ ўз шаҳри дарвозаларини батамом беркитиб, шаҳарни ташқи дунёдан узиб қўйишга қарор қилибди.
Бу қарори шаҳарликларнинг кучли норозилигига сабаб бўлишини билган шоҳ вазиятдан чиқиб кетишнинг жуда айёр йўлини топибди. У ўз аскарларининг бир қисмини тунда яширинча шаҳар ташқарисига олиб чиқиб, уларни ўзга мамлакат аскарларидек кийинтирибди. Уларга тонг отиши билан шаҳарга ҳужум қилиб, уни қамалга олишни буюрибди.
Эртасига сохта лашкар шаҳарга ҳужум қилибди. Шоҳ ҳимояланиш важи билан шаҳар дарвозаларини мустаҳкам беркитишни буюриб, ҳар бир дарвозага қаттиққўл соқчи қўйибди. Кимки шаҳардан чиқишга ҳаракат қилса, у душманга сотилган хоин сифатида қатл этилиши эълон қилинибди.
Шу тариқа шаҳар аҳолиси қамал остида эканига ишонтирилибди. Йиллар ўтибди ҳамки, подшоҳ ҳийласи бўлган «душман» қамални ечмабди.
Ўсиб бораётган шаҳар аҳолисига турар жой ва озиқ-овқат етишмай қолибди. Устига-устак, шаҳарда турли касалликлар тарқай бошлабди. Натижада аҳоли ўсишдан тўхтабди. Озиқ-овқат ва яшаш муҳити учун рақобат кучайгани сари, одамлар ваҳшийлашиб, тубанлашиб борибдилар.
Атроф дунё ривожланишда давом этаверибди. Аммо қамалдаги шаҳар бузғунликка дучор бўлибди. Ўттиз йилдан сўнг шаҳар аҳолиси икки баробарга қисқариб кетибди. Ярим асрдан кейин эса шаҳарда золим шоҳ ва унинг яқин соқчиларидан бошқа ҳеч ким қолмабди…
Эртакнинг охири аянчли – унинг якунини ўйлаб топишни сизга қолдираман. Аммо унда жуда муҳим сабоқ яширин.
Китобхон, мен очмоқчи бўлган навбатдаги сир сизга мутлақо ёқмаслиги мумкин. Лекин очиқ қалб ва очиқ фикрлиликни сақлай билсангиз – мен ҳақ эканимга амин бўласиз.
Ҳар биримизнинг дунёйимизда ана шундай шаҳар мавжуд. Бу – сизнинг шахсиятингиз шаҳридир. Уни сизнинг ақлингиз қамал қилган. Нега деб ўйларсиз? Худди эртакдаги золим шоҳ каби сизнинг шахсиятингиз устидан тўлиқ ҳокимиятга эришиш учун. У сизнинг ҳар бир қарорингиз ва хатти-ҳаракатингизни бошқаришга, ҳаётингизни ўз хоҳишига кўра қуришга интилади.
Билим – бахт калити. Аммо, афсуски, кўпинча билим – сизнинг шахсий ўсишингизни тўхтатиб қўядиган, маънавий юксалишингизга қаршилик қиладиган «сохта душман». У, албатта, сизнинг ақлингизга бўйсунади. Фақат у шу ақл буйруғига кўра душман кийимини кийиб олган ва сизнинг қалбингизни қамалда сақлайди.
Ишонмайсизми? Айнан сизнинг хатти-ҳаракатларингиз бунга исбот. Сиз бирор нарсада хато қилсангиз, уни осонгина тан оласизми? Йўқ. Биров сизга тўғри маслаҳат берса-ю, у сизнинг ақлингиз интилган нарсаларга мос келмаса – бу маслаҳатга қулоқ соласизми? Йўқ. Сиз кўпи билан ўзингизни у одамнинг маслаҳатини олгандек қилиб кўрсатасиз – аммо барибир ўз билганингиздан қолмайсиз.
Бизнинг ақлимиз шу даражада айёр ва уддабуронки, у тамоман атроф-дунёни қандай кўришимизгача таъсир қилади. Агар ақлингиз чиройли кийинган одам бадавлат бўлади деб қонун чиқарган бўлса, сиз кийиниши чиройли бўлган одамни ўзингиз билмаган ҳолда олийнасафлар тоифасига қўшаверасиз. Агар сизни, айтайлик, қора кўзойнак таққан одам алдаб, чув тушириб кетган бўлса, сизнинг ақлингиз қора кўзойнак таққан бошқа ҳар қандай одамга шубҳа билан қарайверади.