бўйин эгмайман» – дебди Иблис. Шунда Тангри «Эй Иблис, сен неники билган бўлсанг мен сенга билдирган нарсаларнигина биласан. Уққан бўлсанг – мен сенга уқиш имконини берган нарсаларнигина уққансан. Шундай экан, менинг чексиз марҳаматим олдида бош эг!» – деб буюрибди. Аммо Иблис қайсарликни қўймабди. Бу ўзбилармонлигига жазо тариқасида Тангри шайтонни Жаннатдан ер юзига сургун қилибди.

Одамзотни эса Жаннатга ҳоким қилибди. У Жаннат боғидаги ҳеч бир маҳлуқотдан қўрқмас экан – чунки Худонинг амри билан барча жонзотлар бир-бирларига меҳрибон ва ғаразсиз эканлар. Унга Беҳиштнинг барча неъматларидан баҳраманд бўлиш эркинлиги берилибди – фақат биргина мевани танаввул қилиш ман этилибди.

Одамга ҳамроҳлик ва дилкашлик қилиши учун Тангри Ҳавони яратибди. Иккиси Жаннатда бахтли яшаётганини кўра олмаган Иблис илон қиёфасида Жаннатга кириб, Одам ва Ҳавога яқинлашибди. «Сизга бу мевага тегиш нега ман этилганини биласизми?» – дебди у, – «Агар сиз бу мевадан еб кўрсангиз, сиз Худо билган нарсаларни билиб оласиз, уникичалик қудратга эга бўласиз. Худо буни истамайди, шунинг учун у сизларга бу мевани ман этган. Ишонмааизми? Ундан бир дона еб кўринг».

Иблиснинг макрига ишонган Одам ва Ҳаво қизиқувчалник қилиб ман қилинган мевадан узиб еб кўришибди. Мева оғзиларига тегиши билан уларга ақл-фаросат битиб, ўз яланғочликларини англаб уялиб, дарахт барглари билан уятли жойларини тўсиб қолишибди.

Одам ва Ҳавога ман қилинган мева – ақл меваси экан…

Ҳар биримизда икки дунё мужассам – қалб ва ақл. Кўпинча иккиси зиддиятда. Тўғрироғи – ақл қалбга қарши чиқиб қолади. Қалб – ўз-ўзича мукаммал дунё. У зиддиятга боришни, ғазабланишни, хафа бўлишни, ёмон кўришни билмайди. У фақат севишни ва эзгуликка интилишни билади.

Бироқ ақл нуқсонлардан ҳоли эмас. У ғаразгўй, аразгўй, манфаатпараст ва калтабин. Ҳа-ҳа – ақл охирини кўра билмай иш қилишга уста. У мудом режалар тузади, ҳисоб-китоб қилади, ишонади, умид қилади, истайди, излайди – аммо унинг айтганлари ҳар доим ҳам тўғри чиқавермайди. Чунки у – қалбчалик мукаммал эмас.

Барчамиз мукаммал қалб билан дунёга келамиз. Чақалоқнинг ақли – оппоқ қоғоздек, унга ҳали ҳеч нарса ёзилмаган. Аммо бу узоққа бормайди – яшаш муҳити ва ота-она дарҳол қўлларига қалам олиб, ўз тушунчаларидан келиб чиққан ҳолда, бу оқ қоғозни ёзув билан тўлдира бошлайдилар. Бу жараён бутун умр давом этади – оила, мактаб, жамият ўз ҳақиқатларини киши онггига дастур тарзида киритиб бораверади.

Сиз-у биз шунчалар ишонган ақл ана шундай шаклланади.

Дунёда бажарилиши шарт бўлган бир қонун борки, унинг олдида барчамиз ожизмиз. Бу, албатта, мувозанат қонуни. Одамзот ҳам ўзига хос қарама-қаршиликлар тўплами – бир ёқда эзгулик маёғи бўлмиш қалб турса, бошқа томонда манфаат таъқибчиси – ақл туради.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз – нима учун ақлсиз жонзотлар Охирзамонда ажрсиз Жаннатга киритилади? Нима учун телба одамни кўпинча бегуноҳ банда дейишади? Чунки уларда ақл йўқ. Биз одамлар ақлимизга ишониб, шу даражага етганмизки, ўзимизни Тангрининг бошқа мавжудот-у маҳлуқотларидан юқори ҳисоблаймиз. Тўғрида, ахир, одамни ҳайвон билан тенглаштириш – гуноҳи азим. Шундаймикан?..

Ақлсиз ҳайвон фақат қорни очса, ёки ўзи ва насли ҳаётига хавф туғилсагина бошқа жонзотни ўлдиради. Онгли инсон эса – шунчаки, мароқ учун ҳам ўлдираверади (овга чиқмаганмисиз?). Ақлсиз ҳайвон фақат мавсуми келиб, насл қолдириш зарурати бўлгандагина жуфти билан қовушади. Онгли одам бўлса истаган пайтда истаганча шаҳвоний лаззатга берилади.

Ҳайвонларнинг, ва умуман – ҳар қандай тирик жонзотнинг ҳам руҳи – қалби бор. Улар ҳам Тангрининг буюк қудрати меваси. Дунёда бир мавжудот қолганларидан юқори қилиб яратилмаган. Муқаддас битикларда бу борлиқдаги неъматлар инсон ҳаётини фаровон этиш учун яратилгани айтилади. Бундай таъкидни ўзини «коинот маркази» деб билган одамзот жуда хато тушунган. Бунда Яратганнинг марҳаматини кўра билиш ва унга шукр келтиришга ишора этилган аслида. Буни қарангки, ўша биз ўзимиздан қуйи деб билган мавжудотлар бизсиз яшай олади (ёввойи табиатни назарда тутсак) – биз эса уларсиз яшай олмаймиз. Улар бизга эмас – биз уларга қай даражададир тобемиз.