Хўш, ҳали ҳам шубҳаланяпсизми? Майли, мана сизга навбатдаги исбот.

Физиологлар, яъни одам танаси тузилиши ва хусусиятларини ўрганувчи олимлар, жуда қизиқарли тажриба ўтказишган. Бир аёлни одам миясидаги жараёнларни кузатиб турадиган ускунага жойлаштириб қўйишган.

Шундан сўнг олимлар аёлга «Ҳозир биз сизнинг бармоғингизни муздек сувга соламиз» деб айтишган. Бироқ улар аслида аёл бармоғини хона ҳароратидаги сувга солишган, фақат бунда аёлнинг қўлига совутилган металл парчасини яқинлаштиришган. Кейин, улар аёлга «Энди биз сизнинг бармоғингизни қайноқ сувга соламиз» дейишган. Бироқ улар тағин аёл бармоғини хона ҳароратидаги сувга солишган – фақат бу сафар аёл қўлига қиздирилган темир яқин келтирилган.

Биринчи ҳолатда аёл миясида совуқликни сезиб, унга реаксия берадиган ҳужайралар кенгайган – яъни аёл ростдан ҳам яхдек сувни сезган. Иккинчи ҳолатда эса аёл бармоғи сувга тегиши билан уни тортиб олган – аёл оғриқни сезган ва бармоғини куйдириб олганига ишонган…

Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Аммо буларнинг бари нимадан далолат беришини англаш – ҳаммасидан ҳам қизиқарли.

Сиз – бу сиз ишонган ҳақиқатлар жамламаси. Сиз ўзингизни ким деб билсангиз – танангизни ташкил қилган ҳар бир квант шунга монанд ҳаракат қилади. Сиз ишингизни билиб қилишингизга ишонсангиз – демак, сиз ишбилармонсиз. Сиз унча-мунча касалликларга қарши тура олишингизга ишонасизми – демак, сиз соғлом ва тетиксиз. Сиз ўз иммунитетингизга унча ишонмайсизми – демак, сиз мудом беморсиз. Сиз омаднинг ортидан қувасизми – демак, сиз шундоқ ҳам омадли эканингизга ишонмайсиз, омадни тутиб олишим керак деб ўйлайсиз ва омадсиз ҳаёт кечираверасиз. Сиз тўғри маслаҳатлар бера олишингизга ишонасизми – демак, сизга қулоқ тутадиганлар талайгина. Ва ҳоказо, ва ҳоказо.

Сиз – бу сиз ўзингиз ҳақингизда тасаввур қилган шахс. Фақат сиз бу тасаввурингизни шубҳа-ю ишончсизлик билан булғаб қўясиз. Сиз учун ҳаяжонли ҳолат бўлганда ҳаяжонланишга, хафа бўлиш керак бўлган ҳолатда хафа бўлишга программалаштирилгансиз. Буни тан оласизми йўқми – сиз жамият ва ўзингиз сиз учун тузиб берган дастурлар жамламасидан бошқа нарса эмассиз.

Аммо бу ҳолатни ўзгартириш мумкин. Бунинг учун бир оз очиқ фикрлилик ва сабр талаб этилади. Сабр сизга аввалига керак бўлади – кейинчалик ўзингиз ҳақингизда янги кашфиётлар қилишга шу даражада қизиқиб кетасизки, сизда бунга иштиёқ пайдо бўлади. Иштиёқ бор жойда эса сабрга ҳожат йўқ.

Эгизак дунёлар

Мен сизга аввалги бўлимда келтирганим – сизнинг шахсиятингизга берилган юзаки таъриф эди, холос. Келинг, энди чуқурроқ кириб кўрамиз.

Ҳар бир шахсият бир-бирини тўлдириб турадиган икки дунёдан иборат. Уларнинг иккиси ҳам ташқи кўринишдан сизга жуда ўхшайди – бу маънода улар эгизак. Аммо уларни астойдил ўргансангиз – улар бир-биридан тубдан фарқ қилишига амин бўласиз.

Қанақа мужмал нарсалар ҳақида гапиряпти деб ҳайрон бўляпсизми? Бироз сабр қилинг – мен сизга бу икки эгизак дунёнинг яралиш тарихини айтиб бераман. Шунда ҳаммаси ойдек равшан бўлади.

Жуда кўпчилигимиз болаликдан эшитиб келган бир ҳикоя бор. Бу, албатта, Тангри инсонни яратгани ҳақидаги ривоят. Мен сизга айнан шу ҳикоятни эслатмоқчиман – фақат эътибор беринг.

Худо ер-у осмон, ой-у қуёш, ўсимлиг-у ҳайвонларни яратгач дунё мукаммаллиги учун яна бир мавжудотни яратмоқни ният қилибди (ҳамма эзгу амаллар тагида эзгу ният туриши ана шундан бошланган). У тупроқдан Одамнинг жисмини яратибди ва унга жон ато этиш учун ўз нафасидан руҳ яъни қалб киритибди.

Шунда Тангри фаришталарни ҳузурига чорлаб, «Барчангиз Одам қаршисида таъзим қилингиз!» деб буюрибди. Барча фаришталар Яратганнинг чексиз қудрати меваси – Одам қаршисида бош эгибдилар. Биргина Иблис ўз мағрурлиги боис бундан бош тортибди. «Мен оловдан (нурдан) яралганман, бу эса қора тупроқдан бинога келган. Мен