Хўш, ижодкор шахсни таркиб топтириш нимага боғлиқ? Албатта, бу

масала педагогларга, устозларга бориб тақалади, чунки изланувчан, билимли, ўз касбининг устаси бўлган мутахассисгина ҳақиқий кадрни тарбиялаши мумкин. Ўқувчиларнинг яхши таълим-тарбия олиши учун соғлом муҳит, қулай шарт-шароитлар ҳам яратилиши лозим. Бу борада мамлакатимизда бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари барпо этилгани ва айни пайтда уларни модернизация қилинаётганлиги, янгидан касб-ҳунар мактаблари ва техникумларни ташкил этилаётганлиги, мактабларни мукаммал таъмирлаб, замонавий техника ва жиҳозлар билан таъминланиши, замонавий дарсликлар, электрон дарсликлар яратилиши юқоридаги фикрларимизнинг исботидир. Демак, мана шу қулайликлардан фойдаланиб, малакали кадрлар етиштириш албатта педагог ходимларнинг вазифасидир.

Бугунги кунда республикамизда таълим-тарбия соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар барча фанларни ўқитилишида бир қатор вазифаларни бажаришни мақсад қилиб қўймоқда. Шу билан бир қаторда умумий ўрта таълим мактабларида технология фанини ўқитишни яхшилаш, касбга йўллаш ишларини такомиллаштириш учун ҳам бир қанча амалий ишларни амалга ошириш кераклиги, бу борада олдимизда ечилиши зарур бўлган муаммолар талайгина эканлиги яққол кўринмоқда.

Республикамиз давлат мустақиллигига эришгандан сўнг бир қатор чет эл давлатларининг инвестициялари мамлакатимизга олиб кирилмоқда, бир қанча ҳорижий мамлакатлар билан қўшма корхоналар фаолияти йўлга қўйилди, чет эл дастгоҳлари олиб келиниб корхоналарга ўрнатилмоқда, бир қанча ишлаб чиқариш саноат зоналари яратилди ва яратилмоқда. Шу сабабли мана шундай жойларда фаолият юритиш замонавий, малакали кадрлар тайёрлаш бугунги куннинг долзарб масаларидан ҳисобланмоқда. Бу масалани ҳал қилиш учун албатта касб-ҳунар коллежлари, ҳунар мактаблари ва техникумларга катта масъулият юклатилади. Касб-ҳунарга йўллаш масалалари эса аввало умумий ўрта таълим мактабларида технология фанини ўқитишга катта аҳамият қаратилишини талаб қилади. Чунки биз фақат касб-ҳунар эгаларини эмас, балки ижодкор шахсларни тарбиялашни ҳам олдимизга муҳим масала қилиб қўймоғимиз зарур. Шуларни ҳисобга олган ҳолда ижодкор шахсни тарбиялашни мактабларда технология фани машғулот-ларини ўқитишдаги мақсад ва вазифаларнинг мезони қилиб белгилаб олмоғимиз зарур.

Технология фани дарслари ўқитувчи раҳбарлигида ўқувчилар

томонидан бажариладиган ақлий ва жисмоний ҳаракатлар – меҳнат фаолияти машғулотлари жараёнидан иборат бўлиб, якуний натижада уларнинг меҳнат қуроллари, воситалари ва жараёнлари ҳақида билимларини ҳамда маълум соҳадаги ишлаб чиқариш меҳнатини бажариш учун зарур амалий кўникма ва малакаларини эгаллашларига, онгли равишда касб танлашга ҳамда жамият ва шахс фаровонлиги йўлида меҳнат фаолиятига қўшилишларига имкон берувчи шахсий сифатларини ва тафаккурларини ривожлантиришга қаратилган ўқув фанидир [209; 5-б.].

Умумий ўрта таълим мактабларида ўтиладиган технология фани дарслари узоқ муддат, яъни биринчи синфдан то охирги синфгача бўлган давр ичида ўқитилиши билан ўқувчилар фаолиятида ва мактаб ҳаётида ўзига хос муҳим аҳамиятга эгадир. Бунда технология фани машғулотлари дарслари уч босқичда ташкил этилиб, улардан кўзланган мақсад ўқувчиларни ақлий ва жисмоний томондан тўғри ривожлантириш, меҳнат олами ва кишилари, меҳнат қуроллари ва амаллари, асосий ишлаб чиқариш соҳалари ва касблар билан таништириш, иш қуролларидан фойдаланиш, оддий буюмларни ясашга оид меҳнат кўникмаларини, малакаларини ҳосил қилиш, онгли равишда касб танлашга йўналтиришдан иборат. Бунда 5-9-синфлардаги технология фани дарсларида ўқувчиларга бирор-бир касб тугал ўргатилмайди. Балки бир неча касблар ҳақида умумий маълумотлар бериш, айрим иш қуроллари, механизм ва станоклардан фойдаланиш орқали буюмлар тайёрлаш жараёнларини ўргатиш орқали ўқувчиларда ўша касблар ҳақида дастлабки тасаввурлар ҳосил қилинади, шулар орқали уларни келгусида онгли равишда касб танлашга йўллаш ишлари амалга оширилади. Умуман олганда мазкур технология фани дарсларини ўқитишда олдинга қўйилган асосий иш ўқувчиларнинг ақлий ва жисмоний томондан тўғри ривожланишини таъминлаш, ижодий қобилиятларини ўстириш ва амалий иш бажариш малакаларини таркиб топтиришдир. Бундан қуйидаги мақсад ва вазифалар келиб чиқади.