– Ўтирмайсизми? сиз емайсизми? – деди оғзидаги овқати билан. Ая йўқ дегандек, бошини сарак-сарак қилиб бир четда тураверди. Анвар овқатини еб бўлиб, энди турмоқчи эди. Ая секин унинг қаршисига ўтирди, – Болам, овқатланиб бўлдингми?
– Ҳа раҳмат, жуда мазали бўлибди. Нега ўзингиз емадингиз? Ёки овқатланиб олганмидингиз? – деди кекириб. Ая чуқур хўрсинганча, Анварнинг саволига жавобан:
– Йўқ, мен ҳамма ўтирмагунча емайман. Бир куни Пайғамбари мизнинг (С.А.В.) олдиларига бир киши келиб, – мен овқатга ҳечам тўймайман, – дебди. Шунда Пайғамбаримиз (С.А.В), – овқатни ўзинг ейсанми ёки жамоат бўлибми? – деб сўрабдилар.
– Бир ўзим ейман, – дебди бояги одам. Шунда Пайғамбаримиз
(С.А.В), – овқатни оиланг, яқинларинг билан егин, жамоат бўлиб овқатланишда барака бор деган эканлар. Яъни, якка тановул қилади-ганларни Аллоҳ суймайди деганлар.
Аянинг бу гапидан Анвар дарров ўзига тегишли ҳулосанини олиб, уялиб бошини эгди. Искандар ваннадан чиқиб, Анвар билан ойисини кўриб, дарров бояги киссаси эсига тушди. Бориб қараса, пули жойида. «Ҳали улгурмабди, ёки кўрмаган. Кисовур, қўлимга тушасан барибир» деган хаёлда бошини сочиқ билан артганча улар ёнига ўтирди. Ая учта коса овқат сузиб келтирди, Анвар унга ҳам овқат сузилганини фаҳмлаб:
– Мен емайман тўйдим, —деди. Ая эса худди синамоқчи бўлган-дек, уни дастурхондан турмасликка ундади:
– Ўтир, биз билан озгина бўлса-да, егин болам.
Анвар ҳайрон бўлиб, ая Пайғамбаримиз (С.А.В.) нинг ҳадисларига амал қилмоқчи шекилли, майли бир-икки қошиқ есам бўкиб қолар-мидим, деган хаёлда қошиқни овқатга урганди, Искандар шартта уни қўлини тутди.
– Нима қилаяпсан?
– Овқат еябман.
– Ҳали уйни каттаси ўтирмади-ку, еяверасанми? – деди Искандар худди ўғрини воқеа жойида тутгандек. Анвар нега овқат қайта сузилганини, ая нега бошқатдан уни дастурхонга чақиргани, энди тушунди. Қараса, ая қўлини артиб, Анварга қараб жилмайиб турган экан. У аста стулга ўтириб, – Бисмиллаҳир раҳмоннир роҳим, – деб нонни ушатди. Косадаги овқатдан қошиқни учида олиб, оғзига солди ва йигитларга ҳам, олаве-ринг, мен бошладим, – деди. Анвар бир қўлини мушт қилганча столга қўйиб, иккинчи қўлида қошиқни қаттиқ сиқиб, кутиб турган экан. Ҳайратланиб, – Бўлдими? Шуми? Кинода кўрганман, олдин нимадир ўқилади, кейин таомга ҳамма бирданига қўл уради, – деди. Искандар, Анварга худди жиннига қарагандек қаради-да бир ғазаб, бир ихтиёрсиз кулги билан, – Сен христянмисан? – деди.
– Йўқ.
– Мусулмонмисан? Ўзбекмисан? Ёки ойдан тушганмисан?
Ая Искандарнинг зардали, мўмин мусулмоннинг одобига зид, муомаласидан ғалати бўлиб кетди, шоҳига урсанг туёғи зирқирайди деганидек, қўлидаги қошиқни коса ичига енгилгина ташлаб юбор-ганини ҳам сезмай қолди. Маюс ютинганча, йигитнинг мўминлардан кўнгли қолмасин деб, Искандарнинг сўзини бўлди.
– Қўй болам, унақа дема, мўминнинг бир ажиб ҳислати бўлади.
Яъни ҳеч маҳал биродарини, нафақат биродарини, умуман ҳеч кимни камситмайди, силталамайди. Бошқа ҳеч бир миллатда учрамайдиган ҳушмуомулалик билан, бировнинг айбини юзига солмасдан йўл кўрсатади. Билмаслик айб эмас, ўрганмаслик айб, – у ўғлига дакки бериб Анварга ўгирилди. – Болам у сен айтаётган, бизнинг, мусулмон динининг одатларидан эмас. Улар олдиндан шукрона келтиришади, ўзига яраша дуоларини ўқишади. Аммо аслида, таомга еб бўлганидан сўнг фотиҳа тортиш керак. Боиси, насиб бўлса ейсан, насиб бўлмаса йўқ. Сониялар ичида нима бўлиши фақат Аллоҳнинг ўзигагина аён.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга икки мушриқ келиб, «қўлимдаги ризқимми ёки йўқми?» – дебди. Ризқинг десалар, ташлаб юбормоқчи, аксинча сенинг ризқингмас, деганларида еб ташламоқчи бўлиб турган экан. Шунда саллоллоҳу алайҳи ва саллам, – есанг ризқинг, мабодо улгурмасанг, ёки истамасанг демак ризқинг эмас дебдилар, – деб ҳадисдан мисол келтирди ая. – Биз мусулмонлар «Бисмиллаҳир раҳмонир роҳийм» деб иш бошлаймиз, ҳамма ишимизда. Искандарнинг энсаси қотиб, ўнг қўли муштумини бетига тираб ўтирганди: