Икки хоналик уй, ошхона деворига гул қоғозлар эътибор билан ёпиштирилган, дераза пардалари гул тувакдан сал баландроқ қилиб, ҳошиялар қўйиб тикилган. Дераза олдида ўтирган одамга, кўчадаги ёш келинлар йўлакларини супираётганлари, болалар майдончаларида кичкинтойларнинг қийқириб, бир-бири билан нарса талашиб йиғлашлари, янги машина олган рўпара йўлакдаги қўшниниг завқланиб, қўшиқ ҳиргойи қилиб машинасини юваётганигача яққол кўриниб турарди. Стол устида эса иккита шиша идишда конфет, вазада олма ва битта хурмо. Хурмони суви қочиб қолганига қараганда, уйда ёш бола йўқ. Онахон ошхонанинг у бошидан бу бошига бориб келиб, анча эскириб қолган газ плитасидаги қозондан косаларга овқатни сузарди. Атрофга аланглаб ўтирган Анвар ундан:

– Қанақа укам? – деб сўради.

– Ие-е! мени ўғлим-да, сен ҳам менга боламдексан ахир. Сени ўқитганман-ку, сенга ука бўлади-да. – кулиб қўйди онахон. Анвар бошини эгиб, – Кампир мени танибди-да, – деб ўйлади изтироб билан. У бир пайтлар ўқитувчисига нисбаттан қилган ишларидан уялиб кетди. Шу пайт эшик тақиллаб, онахоннинг ўғли кириб келди. Анвар соқол- мўйлабини олгани билан, йиллар давомида ичкилик яратган турқи унинг кимлигини шундоққина фош қилиб турарди. Искандар хонасига кираётган чоғида, ошхонадан эркак кишини овозини эшитиб ортига қайтди. Нотаниш эркак унинг халатини кийиб ўтирганини кўриб, бир онасига, бир Анварга қараб қолди. Бўй басти ҳақиқатдан ҳам Анвар билан бир ҳил, фақат бир икки ёшга ундан кичикроқ. Танасининг тузилиши худди жангда пишган, мускуллари анча ишлов берилган спортсменни эслатарди. Ўртаси билан ёйилиб кетган қоши чимирилганидан худди пешонасигача ўсиб кетгандек туюларди. Сочлари тақир қилиб олинган, жаҳлдан мушт қилинган қўлининг томирлари бўртиб, кўкариб турарди. Уканг, дегани бекормас шекилли кўзлари Анварга жуда ўҳшарди. Умуман олганда билмаган одам уларни ака-ука деб ўйлаши тайин. У қўлидаги иккита ёпган нонни на қўйишни ва на отишни билмай гаранг эди.

– Ойи, ким бу? – жаҳл билан сўради у.

– Аканг болам. Келдингми, айни вақтида келдинг, овқат Сузаётгандим бўлақол, ечиниб, юз қўлингни ювиб чиқ! – деди косадаги иссиқ овқатни қўллари куйиб, столга қўяркан. Худди неча йиллар излаган, ёшлигида йўқотиб қўйган боласини топган онадек Анварга қараб тўймасди.

– Ойи… нима диганиз… қанака акам? – у нима қилишини билмай, онасига пешонасини тириштириб қараб турарди. Бегона кишини ёқасидан олиб кўчага улоқтирсаммикан деб хаёлидан ўтказди, аммо онасиннинг юраги кўтаролмаслигини ўйлаб ўзини аранг босди.

– Мен бу болани ўқитганман, ўқувчим, – деди қаттий оҳангда. Бу гапни эшитиб, Искандарнинг таранг тортилиб турган мускул-лари сал бўшади. Худди анчадан бери ташлаб қўйган ишини яна бошлаган одамга, энди сени нима қилсам экан, дегандек онасига ўқрайиб қаради-да, уни четроққа тортди.

– Ойижон, яна бошландими меҳрибончилигиз? Ахир унга яхшилаб қаранг, у энди сизни ўқувчингиз эмас! – деди у ўзини базўр босиб.

– Ундай дема. Одамзод мушкул чоғда бир-бирини қўлламаса бўлмайди болам.

– Унда ҳамма ўқувчиларингизни етаклаб кела қолинг! – энди жаҳлини яширолмай, икки қўлини икки ёнига ёзганча, мана кенг уй дегандек бақириб юборди. Онаси бир муддат ўғлига қараб жим турди-да, худди ёш боладек кўзларига ёш қалқиди, – Онанга тик қарагани уялмадингми болам? Сенга шундай тарбия берганмидим? – Искандар дарров онасини бағрига босиб уни овута бошлади.

– Онажоним, кечиринг билмасдан… жаҳлим чиқиб кетди-да. – кейин овозини пасайтириб деди, – ахир унга яхшилаб қаранг, ким-лигини билиш қийин эмас-ку, кўча бангиларидан. Ниятини билиб бўлмайди, биринчи синф боласимас ҳар ҳолда.