Мўлжал тўғри чиқди. Беш минг кишидан иборат қўшин ҳар сафаргидек дарёнинг саёз жойидан кечиб ўта бошладилар. Қирғоққа чиқиб олган жангчилар қўққисдан ҳужумга учраб ўлим топдилар. Кечувда бўлганларига йўл йўқ эди, иккала қирғоқни ҳам мудофаачиларнинг жангчилари мутлақ эгаллаб олган.

Бухоро Амири юборган жазо қўшини мутлақо мағлуб бўлди. Асир олинганлардан ташқари барча жангчилар ҳалок бўлишди ёки сувга чўкиб бедарак йўқолишди. Бухоро Амирлигини руҳан синдирган бу воқеа Қўқон хонлигининг ўз кучига бўлган ишончини мустаҳкамлади.

Тарғова, Чанкат қишлоқлари атрофида барпо бўлган салтанат ўз марказини «Кўк тўнли Азизлар» мавзесида қурилган янги қалъага кўчириб, ўзларини Қўқон хонлиги деб атай бошладилар. Салтанат ривожлана бошлади. Ўзларини ташқи душмандан муҳофаза қилиш учун бирлашиш лозимлигини тушунган мустақил Андижон, Наманган, Марғилон каби шаҳарлар Қўқон хонлиги таркибига кира бошладилар. Кейинроқ бориб Ўш, Ўзган, Жалолобод шаҳарлари ҳам уларга эргашдилар. Ободончилик ва қурилиш ишлари ҳам тез суръатлар билан олиб борилди.

Хонликни барпо қилиш жиддий тўсиқларга дуч келишига қарамай ўзига хос ана шундай муваффақиятлар бор эди. Ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп, юрт бехатарлигини таъминлайдиган мунтазам қўшин тузиш, ўз пулини зарб қилиш, ҳудудларни кенгайтириш каби муаммолар кўндаланг эди.

Шоҳруҳбийнинг энг хуш кўрган машғулотларидан бири овга чиқиш бўлса, иккинчиси жангчиларнинг машғулотини кузатиш эди. Водийнинг йигитлари алп қомат, жасур ва жисмонан жуда бақувват эдилар. Буни кўра билган хон кучли мунтазам қушин тайёрлашга киришган эди.

– Дада, – деди Шоҳруҳбий отасига. – Жангчиларимизнинг тайёргарлигини бирга кўрсак ўз фикрларингизни айтар эдингиз.

– Йигитларинг от чоптириш, камон отиш, найза улоқтиришда тенги йўқ, буни биламан.

– Уларни кўпроқ машқ қилишлари учун имконият яратганмиз, айниқса улоқ мусобақалари от чоптириш маҳоратини оширади, қиличбозлик мусобақаси учун алоҳида соврин белгилаганмиз.

– Бу ишларингиз таҳсинга сазовор, лекин нималаргадир кучимиз етмаётганга ўхшайди. Менимча қилич ва камоннинг умри тугаб бормоқда.

– Наҳотки шундай?.

– Ҳа, озгина фурсат ўтади-ю, бу қуроллар ўрнини милтиқ ва замбараклар эгаллайди. Баъзи давлатлар буни тушуниб етишган, бизлар ҳам бирор чора топмасак вақти келиб уларга ем бўламиз.

– ¡ша чорани қаердан излаймиз?

– Ҳозирчалик бу саволларга жавобимиз йўқ. Лекин умидсизликка ўрин йўқ, изласак топамиз. Маърифатни ривожлантирсак, кўпгина саволларга жавоб топишимиз аниқ. Афсуски, ноиттифоқмиз, худбинмиз, ўйинқароқмиз, бундай нуқсонларни даволаш кўп жиҳатдан ҳукмронларга боғлиқ. Улар ўз ҳаловатларидан воз кечиб миллат ҳақида қайғуришлари керак.

– Албатта шундай қиламиз.

– Муаммолар беҳисоб бўлган бу оламда қиладиган ишлар жуда кўп.

* * *

Кутилмаганда Шомастбийнинг вафот қилиши Шоҳруҳхон учун оғир жудолик бўлди. Икки хил исм билан аталадиган (Шомастбий ва Ашурбек) хоннинг отаси халқ ичида жуда катта нуфузга эга эди. Табиатан хушчақчақ, жисмонан соғлом бўлган бу инсон чуқур мулоҳазали, ўзини тўғри бошқара оладиган, кишиларни ўзига тобе қила оладиган кучга эга бўлиб, барча қабиладошларининг ишончига кириб, меҳрини қозона олган. Барча ишларда ўғли Шоҳруҳхоннинг маслаҳатдоши бўлиб, хонликни барпо қилишда жуда катта шижоат кўрсата олган. Хонлик эндигина оёққа тура бошлаган чоғда у дунёдан кўз юмди. Ўз илтимосига кўра уни «Чомочбува» қабристонига дафн қилишди. У ўзининг унча узоқ бўлмаган умрини эл-юрт учун сарфлаб, кишилар қалбида яхши хотира қолдирди.

Шоҳруҳхон отасининг насиҳатларига риоя қилган ҳолда салтанатни бошқара бошлади. Отаси каби кишиларнинг меҳрига кириш билан биргаликда яхшигина сиёсат олиб борди. Шарқ томондаги қўшнилари бўлган қирғиз ва қипчоқларни ўз томонига оғдириб, мустаҳкам иттифоқ тузишга муваффақ бўлди. Хонликнинг ҳудудлари йилдан-йилга кенгайиб борар, ихтиёридаги мунтазам қўшиннинг сони ошар эди, хонликнинг бешинчи йилида Қўқон хоннинг ихтиёрида ўттиз минг кишилик жанговор қўшин мавжуд бўлиб, қўшин нафақат сон балки сифат жиҳатидан ҳам намунали эди. Теварак-атрофдаги давлатларнинг эътиборини ўзига торта олган эди. Хонликнинг гўдаклик чоғида жиддийроқ бир чора топа олмаган Бухоро Амири энди қаттиқ хавотирга туша бошлади. Агарда шундай кетиш давом этаверса Қўқон хонлиги чинакам рақибга айланиши муқаррар. Бунинг устига Амирнинг жосуслик тизими номаълум сабабларга кўра кетма-кет мағлубиятга учрамоқда. Бир томондан Хива хонлиги хавф солса иккинчи томондан кенгайиб бораётган Қўқон хонлиги хавф солар эди. Жиддий чоралар кўрилмаса яна кўпгина вилоятларнинг қўлдан кетиш эҳтимоли йўқ эмас.