«Менинг ниятимдир эзгу муқаддас.
Миллион одамларни чорлаб у томон
Бир юрт барпо этай янги, беадад.
Гарчи бунда хатар бўлгай ёнма-ён
Эллар ҳур меҳнатдан топурлар мадад»
(489 бет.)

Чин, ҳаётсевар Фаустнинг бутун хаёли шу эзгу мақсадларга банд: курашчан инсон қудратидан бу ер замин жаннати бўлур…

Узоқ ҳаёт йўлини босиб ўтган, қалби мудом юксакларга интилган Фауст ғоят гўзал дақиқаларда ўзи ахтарган чуқур ҳақиқатни, ОЛАМ ҲИКМАТИни тугал англаб етади:

«Ким – эрк, ҳаёт деб жанг қилолса ҳар кун —
Эрку ҳаёт учун ўша муносиб.
Худди шундай меҳнат, кураш ва ҳавас
Банд айласа – ёшу кекса – ҳар кимни,
Шундай кунда кўрсам эдим бир нафас
Озод диёримни, озод халқимни.
Шунда мен айтардим баралла, шаксиз,
Тўхта эй дақиқа, гўзалсан ғоят!»
(489 бет.)

Ҳаётининг энг олий лаҳзасида турганини ҳис этган Фауст одамзоднинг бахт-саодати йўлидаги машаққатли меҳнат самарасидан қониқиш ҳисси туяди ва фоний дунёни тарк этади; унинг жонини фаришталар осмонга олиб чиқиб кетади. Зеро, иблис Мефистофель билан баҳс-мунозара чоғида хитоб қилганидек:

«Мен кимман ҳам нечук бўлурман одам,
Агарда одамзод қилгувчи ҳавас —
Орзулар тожига ета билмасам?»
(73 бет.)

Ҳақиқатан, буюк қаҳрамон Фауст тимсолида буюк Гёте ҳам орзулар тожига етди – салкам олтмиш йиллик заҳмат-машаққатлар, изланишлар поёнига етиб, адиб умрининг мазмунини белгилаб берди. Ҳаётда Гёте қолдирган из абадул-абад ўчмай қолажак!

Фауст» – чуқур драматизм ва психологизмларга тўлиқ, архитектоникаси ғоят мураккаб асар. Гётедай даҳо ижодкорнинг тенгсиз тафаккур кучи бунёд этган мазмунан ва шаклан буюк асарни таржима қилиш фақат айтишга осон. Бу янглиғ шоҳ асарлар мутаржимдан чуқур билим, кенг қамровли тафаккур тарзи, улкан салоҳият, сўз бойлиги, қунт-сабот ва кучли иштиёқ талаб этади. Шу маънода мутаржим Эркин Воҳидов «Фауст» таржимасига бағишлаб ёзган кириш мақоласида таржимаолди қалб кечинмаларини шундай изоҳлайди: «Мен «Фауст”ни жуда улканқасрга ўхшатаман. Унинг умум қурилмасидан тортиб, ҳар бир нақшигача абадият учун мукаммал қилиб яратилган. Ахир Гёте каби улуғ ва заҳматкаш даҳо бу асарни олтмиш йил ёзган! Ўн беш минг мисрага яқин бу мўъжизани инсоният тарихининг мағзи дейиш мумкин… Рости, ҳаяжонландим. «Фауст”дек қаср устунларидан ўзбек заминида тикланадиган иншоот содда ва жўн бўлиб қолмайдими, деган андишани қилдим…» (Ўша нашр, 3-4-бетлар.)

Қарангки, «Фауст”дек ҳайбатли тафаккур қасри устунлари қаршисида андишага борган Э. Воҳидов ўзининг қудратли таржимонлик салоҳияти билан ўзбек заминида улкан сўз иншооти бунёд эта олди! (Асар русчадан таржима қилинган) Даҳо мутафаккирнинг бадиий тафаккури жозибасини сақлай олди; ички, ботиний оламини, таҳайюл кенгликларини очиб беришга муваффақ бўлди; асарнинг полифоник хусусиятини ўзбек тилида акс эттира олди. «Фауст» таржимаси муваффақиятлари калити ҳақида сўзласак, таржимон эътироф этганидек, «Гётенинг Шарқ фалсафасига яқинлиги менинг йўлимниёритиб турди, руҳимга мадад бўлди…» (Ўша китоб, 4-саҳифа.)

Чиндан ҳам, жаҳон адабиётининг чуқур билимдони бўлган Й.В.Гёте Оноре де Бальзак, Виктор-Мари Гюго, Дени Дидро, Франсуа-Мари Аруэ Вольтер, Жорж Гордон Байрон каби жаҳоншумул сиймоларнинг дурдона асарларини узлуксиз мутолаа қилиш баробарида Шарқ адабиётига ҳам мурожаат этган. Манбалардан маълумки, Хожа Ҳофиз девонини мутаржим Жозеф фон Ҳаммер Бургстал ўгирмасида мутолаа этган Гёте фавқулодда кучли таъсир оғушида қолади ва Ҳофиз орқали бутун Шарққа чексиз муҳаббат боғлайди; у руҳ ва ижод манбаи сифатида Жалолиддин Румий, Абулқосим Фирдавсий, Муслиҳиддин Саъдий Шерозий, Умар Хайём, Хожа Ҳофиз Шерозий каби Шарқ адабиётининг буюк сиймолари ижодини қунт билан ўрганади. Шу тариқа «Ғарбу Шарқ девони» деб аталмиш бадиий ганжина дунёга келади.