«Мен ўлдириб қўйдим онамни,
Сувга отдим туққан боламни.
У фарзандинг эди сенинг ҳам,
У келтирди толе эмас, ғам».
(193 бет.)

Надоматлар бўлсинким, ўз ошиғи васлига етиш ниятида телбавор ҳаракатлар қилиб, волидасини уйқу дори бериб ҳалок этган, ўзи туққан фарзандини сувга улоқтириб нобуд қилган муҳаббат асираси, шўрлик Маргарита энди тақдир қаршисида энг шафқатсиз жазоларга мустаҳиқ. Алоҳа, қисматидаги кўргуликларни содда юраги кўтара олмаган Маргарита фожиали тарзда ҳалок бўлади. Бу жудоликдан руҳан қаттиқ изтироб чеккан Фауст ғам-аламлар оташида қовурила бошлайди. Мана, у роҳатбахш оқшом чоғида гул-гиёҳлар очилган бир далада ётибди. Вужуди ҳорғин, кўзлари мудроқ, лекин юраги нотинч. Атрофида кичкина руҳлар қўшиқ айтмоқда; майин сабо эсган паллада Ариэль Сабо арфаси (Эоль арфаси) нинг оҳанги остида куйламоқда:

«Сиз унинг бошида бўлинг парвона,
Меҳру шафқатингиз кўргузиб яна —
Хаста бу жонига берингиз ором.
Виждон азобидан юрак бағри хун,
Малҳам бўлсин унга бул осуда шом».

Чин, руҳияти абгор бўлган Фауст энди ором олиши, чарчоқ вужуди тўйиб тин олиши керак. Сўнгсиз қайғулардан жони фориғ бўлиб, нурли дунёга қайтиши керак. Унинг азал қисмати шу…

«Кўксини тўлдириб яна зиёга,
Қайтарингиз уни ёруғ дунёга».
(202 саҳифа.)

Руҳлар ҳам жўр бўлиб, янги кун янги орзулар ҳадя этишини астойдил тилаб, инсон теграсида ҳаётбахш қўшиқ куйлади… Руҳафзо майин сабо эсган паллада тиниб ором олган инсон ҳаёт қаршисига яна шодон пешвоз чиқди. Кўксида яна ёниқ истаклар уйғонди, орзулар кўкида парвоз қилмоқ иштиёқи бутун мавжудиятини қамраб олди; тозарган юрак ҳаёт чўққисига интила бошлади. Бироқ шайтон ва инсон ўртасидаги баҳс-мунозара ҳали давом этарди…

Гаров бойлашган ҳамроҳлар энди император саройидаги муҳташам кошоналарда уюштирилган дабдабали базму жамшидларда иштирок этишади, лекин руҳи фаолият ва қайноқ ижодга мойил Фауст бундаги лаззатлардан кўнглида заррача қаноат ҳисси туймайди. Ўйлай-ўйлай, энсаси қотган Мефистофель Фаустнинг қалбини гўзаллик билан мафтун қилиш мақсадида уни қадимги Юнонистонга сайр эттиради. Фауст у ерда Спарта маликаси, подшоҳ Менелайнинг ҳуснда беназир хотини Еленага ошиқу шайдо бўлиб қолади. У соҳибжамол аёлнинг ҳар қандай истагини бажо келтиришга ҳозиру нозир…

«Менга бу поёнсиз мамлакатингда
Бирга ҳоким бўлиш ҳуқуқини бер.
Бўлай сенга содиқ хизматкор, қулинг,
Асиринг, қўриқчинг… не десанг, бўлай».
(398 бет.)

Чин, бешафқат тақдир Еленани эркаклар қалбининг офати қилиб яратди…

«О бешафқат тақдир, не учун мени
Эркаклар қалбининг офати қилиб,
Бошларига бало қилиб яратдинг?
Неча баҳодирлар, Тангри, иблислар
Беомон жанг қилиб бир-бири билан,
Бир-бирини алдаб, сўйиб, банд этиб,
Бир-биридан мени олиб қочдилар».
(394 бет.)

Юнон афсоналарида ёзилишича, Троя шаҳзодаси Парис садоқатли дўсти Эней билан Спарта подшоҳи Менелайнинг саройига меҳмон бўлиб келади. Шоҳ Менелай азиз меҳмонларни бағоят иззат-икром ва очиқ чеҳра билан кутиб олади. Саройда ҳашаматли зиёфатлар, тантанали базмлар уюштиради. Зиёфат пайтида Парис Еленанинг илоҳий ҳуснига маҳлиё бўлиб қолади. Келишган қадди-қоматига эгнидаги ҳашаматли Шарқ либослари янада кўрк бағишлаган Парис ҳам Еленани мафтун этади. Шу кунларда Менелай шошилинч равишда Крит оролига жўнаб кетади. Тақдир туҳфа этган имкониятдан фойдаланган Парис Афродита ёрдамида ширин-шакар сўзлар билан Еленани авраб, кемасига хуфиёна олиб чиқади; меҳмондўст Менелайнинг гўзал хотинини, бутун хазинасини Трояга ўғирлаб олиб кетади. Парисга мафтун бўлган Елена қадрдон Спарта диёрини ҳам, эри ва қизи Ҳермионани ҳам унутиб юборади…

Мусибатдан огоҳ этилган Менелай дарҳол Спартага қайтиб келади. Париснинг кўрнамаклиги ва Еленанинг хиёнатидан дарғазаб бўлиб, азоб-уқубат чекади. Юрагида дам сайин интиқом олови гуркирайди. Зудлик билан оғаси Агамемнон ҳузурига боради ва қандай интиқом олиш хусусида маслаҳат сўрайди. Интиҳо, бутун Юнон ўлкасидаги подшоҳлар машварат қуриб, жабрдийда шоҳнинг акаси, Микен подшоҳи Агамемнонни бош саркарда тайинлаб, сафарга шай қилинган кемаларда Троя устига бостириб борадилар. Шу тариқа, Еленанинг Парис томонидан ўғирланиши бевосита Троя муҳорабасига сабаб бўлади…