Кишилик цивилизациясининг қадимий бешикларидан бири бўлган Хоразм Ислом Каримов таъбири билан айтганда, илк ўзбек давлатчилигининг тамал тоши қўйилган муқаддас ўлкалардан биридир. Инсониятнинг маънавий бойлиги бўлган зардуштийлик дини ва муқаддас «Авесто» китоби айнан шу гўзал заминда яратилган, Қадимий Шарқнинг дастлабки комусий асари «Авесто» – аждодларимизнинг инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган минг йиллик диний- фалсафий, илмий-маърифий қарашларини ўзида мужассам қилган. Бундан уч минг йил аввал шу муқаддас заминда сунъий суғоришга асосланган юксак деҳқончилик маданияти, ноёб ирригация иншоотлари, гўзал шахарлар ва махобатли меъморий қурилишлар бунёд этилганки, негизида ўз ёзувларига эга бўлганлиги уларнинг саводҳон ва маърифатли кишилар бўлганлигини кўрсатади. Ўтган аср ўрталарида Хоразмнинг Тупроқ қалъа, Аёз қалъа, Қўйқирилган қалъа, Хазорасп ва бошқа антик қалъаларида акад, С.П.Толстов, Я.Ғ.Ғуломов, И.Ю.Якубовский ва бошқа қадимшунос олимлар томонидан топилган қадимги ёзув намуналари, рўзғор буюмлари, заргарлик ашёлари, нозик дид билан ишланган хайкаллар, сарой деворларига ясалган рангдор тасвирлар, Қўйқирилган қалъадаги қадимги расадхона ва илк астрономик асбоблар, буларнинг барчаси Хоразмда антик даврда маданий юксалишнинг юксак даражада бўлганлигини кўрсатади.

Берунийнинг гувоҳлик беришича қадимги хоразмликларда деҳқончилик ишлари билан алоқадор ўзларининг тақвим-календар тизими бўлган. Қишлоқ хўжалиги ишларини даврий режалаштириш эхтиёжи Хоразмда математика ва астрономия илмини кучли тараққий этишда муҳим рол ўйнаган.

Қишлоқ хўжалигининг асоси бўлган йирик канал ва суғориш иншоотлари қурилиши, гўзал шаҳар, сарой ва бошқа меъморий қурилишлар ҳам математика, геометрия, топография илмларининг ривож топишини талаб этади.

Ноёб заргарлик буюмлари ва рангдор тасвирий санъат намунала- ри бу ерда кимё ва минерология илмларининг юқори даражада бўлганли- гидан гувоҳлик беради. Хоразмликларнинг хорижий мамлакатлар билан олиб борган савдо ва маданий алоқалари география, картография ва этнография илмларининг эртаданоқ тараққий этишга таъсир кўрсатди. Демак Хоразмда қадимданоқ аник ва гуманитар илмларнинг яратилиши ва ривожланиши учун моддий ва маънавий замин мавжуд бўлган.

Хоразм Маъмун Академиясининг шаклланиши ва тараққий қилишида юқоридаги омиллардан ташқари антик юнон олимларининг асарлари ҳамда IX асрда Боғдоддаги «Байт-ул хикма»да фаолият кўрсатган элдошимиз Мухаммад ал-Хоразмий, Ахмад ал-Фарғоний, Ахмад ал-Марвазий, Аббос ал-Жавхарий каби олимларнинг илмий кашфиётлари ҳам мухим рол ўйнайди.

Дархақиқат, Муҳаммад ал-Хоразмий (783—850) «Байт- ул-ҳикма» нинг етакчи олими, илмий рахбари, фанда янги йўналиш ва мактаб яратган алломаларидан эди. У астрономия, математика, география, тарих ва бошқа фанлар сохасида ўнлаб асарлар мерос қолдирган. Унинг «Ал – жабр вал-муқобола» китоби жаҳонда биринчи бўлиб алгебра фанига асос бўлган асарлардандир. Олим математика фанида ўнлик позицион хисоблаш системасини яратди. Шу асосда у қўшиш, айириш, кўпайти- риш ва бўлиш амалиётининг қулай ва осон йўлларини кашф этиб, Шарқ ва Европани илғор ҳисоблаш тизимига ўргатди. Ал-Хоразмий «Зижи Хоразмий» асари билан фан оламида биринчи астрономик жадвални яратган олимдир. Мазкур илмий марказнинг таниқли олими Ахмад ал-Фарғоний (787—861) нинг астрономия, математика, механика илмлари сохасидаги хизматлари беқиёсдир. У Шарқда биринчи бўлиб астрономик асбоблар ихтирочиси сифатида танилди. Ўзи ихтиро қилган астрономик асбоблар ёрдамида бир мингдан ортиқ юлдузларнинг жойлашуви, харакати хақида қимматли маълумотларни ёзиб қолдирди. Айни вақтда у Шарқда илк бор математик география илмига асос солган олимлардандир.