Кенг миқёсда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, бунёд- корлик ишлари олиб борилди. Академия биноси билан ёнма-ён аллома- лар ҳиёбони, амфитеатр барпо этилмоқда. Боғ, гулзорлар яратилди. Фавворалар ўрнатилди. Чиройли панноларда Республикамизнинг мустақиллик йилларидаги ютуқлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳонаро нуфузи намоён бўлиб турибди.
Хоразм Маъмун Академияси юбилейи муносабати Хивада «Компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи» қурилиши жадал олиб борилмоқда.
Қадимий ва ҳамиша навқирон Хива меҳмонларга мунтазир. Ўтмиши шарафли, бугуни саодатли, келажаги абадий шаҳар, миллати- миз фахри, Шарқ гавхари бўлган Хива бағрида яна бир улуғ байрам- Хоразм Маъмун Академиясининг 1000 йиллиги тантаналари шукухи қалбларимизни яйратади, дўстлигимизни мустахкамлайди, меҳнат ғалабаларига, ижодга ундайди.
Истагимиз-бундан буён ҳам Ўзбекистонимиз довруғини ошириш йўлида ҳормай-толмай фаолият кўрсатиш, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга, буюк келажагимизни яратиш ишига муносиб ҳисса қўшиш! Бу борада республикамиздаги нуфузли илм ва касб-ҳунар даргоҳларидан бири бўлган бизнинг Урганч қурилиш касб-ҳунар даргоҳимиз ҳам қизғин ва жўшқин фаолиятини изчил давом эттирмоқда. Буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларини тайёрлаш учун бутун куч-имконият, тажриба ва билимларимизни ишга соламиз.
Аҳил жамоамиз педагоглари, мутахассислари, талабалари чуқур ҳис қиладилар, яхши биладиларки бизнинг беқиёс воҳамиз, гўзал, табаррук, муқаддас юртимиз азалдан ўзининг бунёдкорлик ишлари намуналари, муҳташам иморатлар, иншоотлар, ноёб меъморчилиги билан жаҳон аҳлини лол қолдириб келмоқда. Бу бежиз эмас албатта. Қурилиш ва меъморчилик ривожланиб, юксак чўққиларга чиқиши, оддий иморат ёки иншоот эмас, балки нафис санъат асарига айланлиги аждодларимиз илм-фан сирларини чуқур билганлигидан далолат беради.
2006 йилда инсоният тарихидаги илк илм маскани – Хоразм Маъмун Академиясининг 1000 йиллиги кенг нишонланади. Ана шундай хайрли ишга ўқув юртимиз жамоаси ўзининг муносиб тухфалари билан ўз ҳиссасини қўшмоқда. Юбилей арафасида нашрдан чиққан «Шаҳар мухити ва уни ташкил этиш» номли рисола бу йўлдаги қадамлардан бири бўлган бўлса, 2006 йил 28 апрель куни коллеж педагогик жамоаси ва Урганч Давлат университети билан ҳамкорликда ўтказилган илмий- амалий анжуман материалларини ўзига жамлаган ушбу тўплам ёшларга, олий ва ўрта махсус таълим юртларида таълим олаётган талабаларга ва илм изловчи ҳар бир кишига Ватанимиз бой тарихини ўрганиш ва келгуси авлодларга етказишда амалий аҳамиятга эга бўлиб қолишига ишонч билдираман.
Таниқли олимлар билан бир қаторда эндигина ҳаётга қадам қўяётган ёш талабаларнинг ёзган илмий мақоласи, ишлаган портретлари ҳам ушбу тўпламга киритилгани уларни келгусида буюк аждодларимиз изидан бориб, илм-фан чўққиларини эгаллашларига ёки мукаммал санъат асарлари ярата оладиган меъморлар, рассомлар бўлиб етишишларига умид уйғотади.
Хоразм Маъмун Академиясининг 1000 йиллиги тантаналари шукуҳи ҳар биримизга катта умид, келажакка ишонч, мустақиллиги- мизни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш туйғуларини уйғотади.
И. С. БАЙДЖАНОВ,
Урганч қурилиш касб-ҳунар Коллежи
директори, меъморчилик фанлари номзоди
Давлетов Санжарбек Ражабович, т. ф. н.
(Урганч Давлат университети)
Хоразм маъмун академияси ташкил топишининг тарихий негизлари
Давлетов Санжарбек Ражабович, т. ф. н. (Урганч давлат университети)
Кўҳна Хоразмнинг бой ўтмиш тарихи минг йилларга бориб тақалади. Бу табаррук замин дунёга Мусо ал-Хоразмий ва Абу Райхон Беруний, Маҳмуд Замаҳшарий ва Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд ва Огаҳий сингари буюк зотларни берган. Бундан минг йил аввал шу муқаддас заминда «Дорул ҳикма ва маъриф» ёки «Мажлиси уламо» номи билан машҳур бўлган Шарқнинг қадимий илмий марказини вужудга келганлиги Марказий Осиё халқлари ҳаётида катта воқеа бўлди. Дарҳақиқат, XI аср бошида Хоразмшохлар пойтахти Гурганжда Хоразмшоҳ Али Ибн Маъмун ва Маъмун ибн Маъмуннинг саъй харакати ҳамда қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг бевосита раҳнамолигида «Дорул ҳикма ва маъриф» ташкил қилинган эди. Фаннинг долзарб муаммолари билан шуғулланган бу илм даргоҳи шундан икки аср аввал Боғдодда фаолият кўрсатган «Байтул ҳикма» ҳамда Ўрта Осиё, хусусан Хоразмда шаклланган қадимий илмий-маърифий анъаналарни давом қилдириб, жаҳон илм-фани тараққиётида муносиб ўринни эгаллади. Бу илмий жамоа Хоразмшоҳлар шуҳратини орттириш мақсадини кўзлаган бир гуруҳ олим, адиб, шоирларнинг тасодифий йиғини эмас эди. Бошқача айтганда у қуруқ ерда тасодифан вужудга келмади, аксинча ўзининг мустаҳкам тарихий негизларига эга эди. Маъмун Академияси аввало кўхна Хоразмнинг узоқ ўтмишдаги илм-маърифат илдизлари билан бевосита алоқадор, шунингдек, у илк ўрта аср Уйғониш даври маданий юксалишининг қонуний натижаси бўлди. Зеро кўҳна Хоразмда айниқса, фалакиёт (астрономия), риёзиёт (математика) ва бошқа илмларга бўлган қизиқиш анча эрта вужудга келган.