Меъморлар ва боғбонлар учун нафақат ана шундай рисолалар ёзилган, балки Х-ХV асрларда меъморлар томонидан тайёрланган чизмалар, «намунавий"лойиҳа ўрамлари ҳатто махсус мураккаб (альбом) лар ҳам мавжуд бўлган. Илк бор Н.Б.Бакланов томонидан ўрганилиб нашр этилган ХVI аср Бухоро меъморининг чизмалари фикримизнинг далилидир. Унда Г. А. Пугаченкова айтганидек, хонакох, сардоба, карвон сарой ва работларнинг бир неча намунавий лойиҳалари, шунингдек, ғишткор безаклар, гирихлар ва муқарнасларнинг чизмалари ҳам акс эттирилган [18.-67 б].
Хуллас, шуни таъкидлаш зарурки, ўрта асрдаги Ўрта Осиё меъморчилиги ва бизгача қолган тарихий ёдгорликларнинг қурилиши ўзининг чуқур назарий асосларига эга бўлган ва бу назарий билимлар ўрта аср муаллимлари томонидан ёзиб қолдирилган асарларда бизгача етиб келган.
Бу асарларни ўрганишда замондош меъморлар, олимларимиз М.С.Булатов, Г.А.Пугаченкова, П. Ш. Зохидов, М.К.Ахмедов ва А. С. Ураловларнинг хизмати катта. Шундай экан бу улкан меросдан замонавий «Архитектура"таълими тизимида унумли фойдаланишимизнинг бўлғуси меъморларни касбга ўргатишимизда бундай назариядан уларни ҳам хабардор килишимиз фойдадан холи иш эмасдир.
«Чор унсур» тушунчаси ва унинг мазмуни
Жаҳон халқларини ўз фалсафаси, дини, эътиқоди, удум ва анъаналари, тили билан бойитиб келган Ўрта Осиё халқларининг нафосат дунёси ва маънавияти ҳам кўп қирралидир. Бу қирраларнинг бири ўрганилган, бошқаси эса энди ўрганилмокда. Шарқ халқлари тафаккурига мансуб мукаддас «Чор унсур «фалсафаси хам ана шундай азалий маънавият маҳсулидир.
Унинг ёши Авестога ва ундан ҳам олдинги узоқ қадимий даврларга тўғри келади. Авесто таълимоти ҳам «Чор унсур» фалсафаси билан суғорилган. Авестога асосланган зардуштийлик дини эса дунёдаги динлар орасидаги энг қадимгиси ҳисобланиб, инсоният тараққиётига бевосита ва билвосита жуда катта таъсир кўрсатган. Бу таълимот Ғарб давлатларига кенг тарқалиб, юнонча"зороасризим» тарзида зикир этилган. Демак «Чор унсур» фалсафаси ушбу дин орқали Ғарб давлатларига тарқалган.
«Чор унсур" жамики фанларнинг асоси, Авесто ва жаҳоний динларнинг пойдевори, Ислом фалсафаси ва Шарқ халқлари имон-эътиқодининг мазмуни ҳисобланган. «Чор унсур» ҳақида китоблар ёзилган. Улардан бири Мирзо Абдулқодир Бедилнинг (1644—1721) айнан шу номдаги асари -«Чор унсур» дир [19.-23 б].
Бедилнинг ёзишича, ҳали Авесто дунёга келмасдан бурун бутун шарқ халқлари, хусусан Ўрта Осиёлик аждодларимиз бутун борлиқ ва тирик жонзотларни чор унсурдан, яъни -тупрок (хок), сув (об), нур (нор), ҳаво (бод) каби яралганларнинг қўшилишидан яратилган деб билганлар [19.-37 б].
Абу Наср Фаробий (VIII—X асрларда) ҳам ўзининг «Илмларнинг келиб чиқиши» асарида ердага барча нарсалар тупроқ, сув, олов ҳавонинг турли миқдорда қўшилишидан ташкил топади, осмон жисмларини ҳам алоҳида, мустақил нарсалар деб эмас, шу тўрт унсурдан таркиб топади, дейди [7. -42 б].
Материкнинг турли минтақаларида ана шундай тўрт унсурнинг миқдори турлича бўлишлиги ушбу минтақаларнинг табиий-иқлим шароитларини ҳам, ҳайвонот ва наботот оламини ҳам, инсонларнинг яшаш турмуши, мижози ва урф одатларини ҳам турли туман қилиб юборган.
Демак, «Чор унсур"ни бутун оламнинг моддий асоси, оламдаги барча ўзгаришлар ва ҳаракатларни эса ушбу тўрт унсурнинг ўзаро турлича бирикувидан вужудга келган воқеликдир, деб тушуниш мумкин.
Чор унсур таълимотининг моҳияти эса ушбу тўрт унсурнинг бирикуви, ўзаро таъсирида ва яхлитлигида муайян қонуниятларнинг ётиши ва уларнинг ҳам ўз навбатида коинот уйғунлигига боғлик эканлигидадир. Зеро чор унсур ана шу уйғунлик бағрида воқедир. Инсон турмуши ва ҳаёти, унинг бунёдкорлик ишларининг асоси ҳам айнан шу уйғунлик ва мутаносибликка алоқадордир.