Қадимги шарқ архитектура назарияси
Ўрта Осиёда фанлар тарихини ўрганиш соҳасидаги ютуқлар талайгина. Бироқ, ХХ- асрнинг 60-йилларига қадар меъморшунослик фанига ўзларининг ҳиссаларини қўшган. Ўрта Шарқ мамлакатларида яшаб ижод этган ўрта аср олимларининг меъморчиликка доир асарлари фанга маълум эмас эди. Бу эса ўз навбатида, Ўрта Осиё меъморчилик санъатининг ўтмишда назарий асослари бўлганми ёки йўқми? деган саволни келтириб чикарган эди.
Аксарият Ғарб олимлари бу саволга жавоб излаб нафақат Ўрта Осиё, балки Ўрта Шарқ мамлакатлари архитектурасининг ҳам назарий асослари бўлмаган, деган фикрга келиб колган эдилар. Бирок бу тушунчага ўрта аср Шарқ олимларининг ишлари ўрганилгач, чек қўйилди. Биз қуйида ана шундай тарихий манбаларнинг айримларига тўхтаб ўтамиз.
Бизга маълум бўлган қомусий асарлар орасида ХV асрда яшаб, асилзодалар авлодига мансуб бўлган катта амалдорлардан бири Вожид Алининг «Матла ул-улум ва мажма ул-фунун» («Фаннинг келиб чикиши ва техника билимларининг тўплами») номли асари муҳим аҳамиятга моликдир. Китобнинг 31-бобидаги меъморлар санъати қисмида иморат қуришнинг қуйидаги 14 моддадан иборат қоидалари берилган [5.– 42 б]:
1. Қурилиш учун жой танлаш (1-модда). Ер қатлами зич ва қаттик бўлиши керак, лекин асло қумлик ва таги бўш бўлмаслиги лозим.
2. Ер майдони (4, 10-моддалар). Ер майдони тўғри чизиқли бўлиши керак. Агарда уй қурулиши кўзда тутилаётган ер майдони учбурчак шаклида бўлса, иморатни шундай жойлаштириш керакки, ҳовли тўғри бурчак шаклини олсин. Учбурчак ромб ва параллелограмм шакллари хўнук кўриниб, дидга мос эмас. Номувофиқ қисмларини бартараф қилган ҳолда квадрат, тўғри бурчакли, олти бурчакли ёки саккиз бурчакли ҳовлига эга бўлиши мумкин.
3. Пойдевор (2-модда). Бино пойдеворининг кенглиги ва чуқурлиги унинг катта -кичиклигига муносиб бўлиши керак. Агар иморат бир қаватлик бўлиб, унчалик катта бўлмаса, пойдеворнинг эни 1 ёки 1,5 газ чуқурлиги эса шунга муносиб бўлиши лозим. Агарда иморатнинг баланд бўлиши 2 ёки 3 қаватга кўтарилиши кўзда тутилса, унинг пойдеворини шунга муносиб бўлиши ҳисобга олиниши керак. Бу ҳолда ғиштларни шундай териш керакки, бино пойдеворига сув киришнинг барча ҳолларидан мустасно бўлсин.
4. Иморат курсиси (13-модда). Бино курсиси баланд бўлиши керак. Шунда бино ҳашаматли ва салобатли кўринишга эга булади.
5. Деворлар ҳакида (8-9- моддалар).Бино деворининг эни пойдевори энидан камрок бўлади. Биринчи қаватнинг охиригача девор қалинлиги бир хилда қолса иккинчи қават деворларининг қалинлиги пастки қаватдаги деворга нисбатан озрок камайтирилади. Бунда девор қалинлигини камайтириш усули кейинги қаватга кўтарилган сари ортиб боради. Девор бурчакларини шундай бириктириш керакки, токи ундан ғишт бирикмаларида ҳосил бўлган излар кўринмасин (1-расм).
6. Устини ёпиш (7-14- моддалар). Иморат шипидаги тўсинлар сони ток бўлиши керак, чунки жуфт сон ёмон белги деб ҳисобланган. Иморат томи мустаҳкам ва сув ўтказмайдиган бўлиши керак.
7. Иморат режаси ва мутаносиблиги (3-5-6-12-моддалар). Хонанинг баландлиги унинг кенглигига мувофиқ тушиши керак. Масалан агар йўлак ёки ёпилган йўлнинг кенглиги 4 газга тенг бўлса унинг гумбази ёки томонининг баландлиги кўпрок бўлиши керак. Акс ҳолда номутаносиблик вужудга келади ва бинонинг кўриниши ёмон таасуротга эга бўлади.
Хонанинг йуналиши қайси томонга қараган бўлишига қарамасдан, бўйи энига қараганда кенг бўлиши керак. Иморатнинг ташки дарвозасини ҳовлининг бўйига нисбатан паралель жойлашган деворига қуриш керак, шунингдек, дарвозанинг олд томонини жанубга каратмаслик керак, бу гуёки бахтсизликларни тўсолмас эмиш. Ёпик йўллардаги дарвозаларни кенг ва баланд қилиб қуриш керак.