Душанба куни мажлис. Ўзи шундоқ ҳам ҳар душанба бўладиган мажлисларни кўргани кўзим йўқ, бу сафаргиси айниқса ортиқчалик қилаётган эди. Камига ўша куни кечаси деярли ухламаганман, зўрға кўзимни очиб, ишга учиб етиб келдим, апил-тапил формамни кийдим. Мажлис аниқ белгиланган вақтда бошланади, кечикиш мумкин эмас.
Ланж бўлиб ўтирибман, кўзлар киртайган, қовоқларим шишиб кетган. Қўмита раисининг гаплари қулоғимга бир кириб, бир кирмайди. Қарасам, ҳар гапида ўринбосарига мурожаат қиляпти. У-бу таклиф бериб, кейин Гадоевнинг фикрини сўрайди. Гадоев одоб билан, чиройли қилиб ғояни пучга чиқаради.
Шу пайт кутилмаганда Парпиев столга бир мушт туширди. Чойнак-пиёлалар учиб кетди, ҳамманинг кўзи мошдай очилди.
– Эркин Файзиевич, сиз мени аҳмоқ деб ўйлаяпсизми? Нима топширсам, «йўқ» дейсиз! Таклифларимни йўққа чиқаряпсиз, барча ислоҳотларимга тўсқинлик қиляпсиз!
Раис жаҳл билан ўрнидан турган эди, стули бир чеккага учиб кетди. Қўлидаги қалам чирсиллаб синди, униям улоқтириб юборди. Ҳамманинг ўтакаси ёрилиб, зал жимжит бўлиб қолди.
– Мана, Алламжоновни олайлик! – вазир залга қараб, мени топди. Ўтирган жойимга ёпишиб қолдим, бирдан ҳожатга боргим кепқолди. – Мен унга китоб чиқаришни топширгандим, сиз эса ҳайдаб солибсиз. Нега бу китоб керакмас, дедингиз?
– Мен унақа демадим, унақа деганим йўқ… – ўзи-ни оқламоқчи бўлди Гадоев. Унинг қаттиқ қўрқиб кетгани билиниб турарди.
Парпиев кўзойнагини ечиб, столнинг устига отиб юборди-да, залдан чиқишда эшикни шунақа қарсиллатиб ёпдики, деворда ёриқ пайдо бўлди.
Мен эса стулга ёпишганча ичкарида қолиб кетдим. Гадоев ҳаммага бир-бир кўз ташлаб, секингина: «Мажлис тугади», – деди. Йиғилганлар жимгина тарқала бошлади.
Кейин у менинг ёнимга келди.
– Бир дақиқага мумкинми? Кабинетинг қаерда эди?
Икковимиз хонамга кирдик. У саволлари билан мени бурчакка тиради:
– Сенга нима ёмонлигим тегди? Нега устимдан шикоят қилдинг?
Мен жонимни қутқариш учун, жойида оғзимга келган баҳонани тўқидим:
– Эркин Файзиевич, Ботир Раҳматович сўраганига айтдим-да… Сизни «Китоб тўрт кунда ўхшамаса-чи», – деб куйиб-пишяптилар, дедим… Фалон гапига пистон деб жавоб бердим… Мени бошқача тушунибди…
Табиийки, Гадоев айтганларимга ишонмади.
Уни қанчалик ёмон аҳволга солганим бир неча дақиқадан кейин маълум бўлди. «Ҳамма ўз жойида ўтирсин, ҳеч ким ҳеч қаёққа чиқмасин» деган буйруқ келди. Ўша куни ярим кечагача ҳамма хонасидан чиқмай ўтирди. Раис эса қаёққадир кетди. Кейин билсам, ҳеч қаерга хабар чиқиб кетмаслиги учун кўрилган чора экан бу. Гадоев ўзининг одамларини, танклари ва артиллериясини тортиб келишга улгурмасин деб шундай қилинибди.
Эртасига мажлисга Бош вазир Шавкат Миромонович Мирзиёе11в келди. Гадоев лавозимдан олинди. Лекин у ҳам шунча йилдан бери бекорга биринчи ўринбосар бўлмаган экан, барибир танкларини ишга солибди. Ўринбосар бўлиб қолди, фақат академиянинг12 ректори сифатида. Қўмитадан кетиб, ички ишларга аралашмайдиган бўлди.
Унинг ўрнига ҳозирги Бош вазир ўринбосари Беҳзод Анварович Мусаев келди. Сиёсатимизнинг либерал қаноти. У билан ишлаш анча осон эди.
Кейин ДСҚ ва умуман давлат хизматидан кетиш навбати менга етди. Мен бу қарорга калта ўйлаб ёки тўсатдан келмадим. Бошқа иложим қолмаганди.
Ботир Раҳматович раҳбарлик қилган ҳамма идораларда ҳафталик мажлисларнинг кун тартибини ўзи тузарди. Бу одатдагидек кимдир зерикарли ҳисобот берадиган, ҳамма «қачон тугаркин шу», – деб тезроқ уйга кетгиси келадиган мажлислар эмасди. Ҳар сафар катта синовдан ўтгандек бўлардик. Раис ёрдамчилари бўлимлар учун алоҳида саволлар тайёрлаб қўйишарди. Бу бўлим раҳбарларини боши берк кўчага киритиб қўядиган саволлар эди. Парпиевга мажлисда кўтариладиган масалалар бўйича олдиндан маълумот тўплаб берилар, минбарга чиққан ходим кўпинча қалтис аҳволга тушар эди. Бўлим бошлиқлари калтак тагида қолмаслик учун зўр йўлни ўйлаб топишди. Дилшод Тўрахоновдан «Бизнинг хизматни кун тартибига қўйманг», – деб илтимос қиладиган бўлишди. Билмадим, балки қуруқ илтимос билан иш битмагандир. Хуллас, кўпинча ҳамма қолиб, минбарга битта мен чиқадиган бўлдим. Генерал мени аяб ўтирмас эди. Котибият бош-лиғи Дилшод Тўрахонов мени ўлгудай ёмон кўриб қолган, ҳар сафар оёғимдан чалишга ҳаракат қиларди.