Иккинчи ойлигим ҳам худди шунақа қилиб ҳавога совурилди. Ёши катта, азамат икки ҳарбийга нима ҳам дея олардим?
Кейинги гал айёрлик қилдим. Пулимни энг охирида, ҳаммадан кейин берасиз, деб кассир опа билан келишиб қўйдим. Ойлигимни олдиму ғаройиб бошлиқларим, оғайниларим мени тутиб олмасидан уйга қараб қочдим.
2005-2006 йй.
Парпиев Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимини эгаллаганида унинг биринчи ўринбосари Эркин Файзиевич Гадоев эди. Ислом Абдуғаниевич «бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил» деган сиёсатни олиб борар, вазир ўринбосарлари раҳбарига нисбатан доим киши билмас оппозицияда бўларди. Каримов шу йўл билан ўзига керакли маълумотни йиққан бўлиши мумкин, лекин бу нарса жамоавий ишни ўлдирар, фақат ички фитналарни келтириб чиқарарди. Тизим иерархияси бўйича ҳар бир ходим кимнингдир одами эди: Парпиевнинг одами, Гадоевнинг одами, Азимовнинг одами… Бунақа шароитда ишни бошқариш учун раҳбар ўз тактикасига эга бўлиши керак. Парпиев солиқ қўмитасига ўтганида ҳаммага ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишни таклиф қилди. Янги жамоа тузишини айтди. Ҳамма ариза ёзди. Кейин Ботир Раҳматович хотиржам ўтириб, бўлаётган қўнғироқларни, ким ким учун илтимос қилиб чиққанини ёзиб олди ва кучлар тақсимотининг тўлиқ жадвалига эга бўлди. Қойилмисиз?
Парпиев берган ҳамма топшириқларни унинг ўринбосари ўша заҳоти йўққа чиқариши мени доим ҳайрон қолдирарди. Мен – «Парпиевнинг одами» бу пайтда ДСҚ матбуот хизматида ишлардим.
– Нимага олдимга кираверасан? Нима кераги бор шуни? – бирор таклиф, қандайдир зарур иш билан хонасига кирсам, Гадоев ҳар сафар норози бўлиб кутиб оларди. Ёрдам беришни хаёлига келтирмасди.
Мустақилликнинг ўн олти йиллигига бағишлаб махсус альбом чиқарадиган бўлдик. Солиқ соҳасида эришилган ҳамма ютуқларни, янгилик ва ўзгариш-
ларни кўрсатмоқчи эдик. Ишчи гуруҳ тузилди. Бош жавобгар менман, лекин ҳеч қандай ваколатим йўқ. Яъни, югур-югур қиласан, ахборот тўплайсан, одамлардан статистика маълумотларини йиғишга ҳаракат қиласан, аммо ҳамма сенга эшикни кўрсатиб юборади, биров гапингга қулоқ солмайди, мабодо маълумот беришса ҳам, бир тийинга қиммат бўлади.
Парпиевнинг олдига кирдим. Китоб деярли тайёр, баъзи маълумотлар етишмаётган эди, холос.
– Китобни тезроқ чиқаринглар! Яқин кунларда Президентга кўрсатаман, – деди у. Кейин Гадоевга қўнғироқ қилиб, менга ёрдам беришни топширди. Телефонда ўринбосарнинг «Хўп!» дегани эшитилди.
ДСҚнинг навбатдаги коллегия йиғилишида.
Гадоевнинг олдига кирдим.
– Қаердан олдинг бу гапни? Тўрт кунда китоб тайёр бўлармиш! Ким тўрт кунда китоб чиқараркан?!
– Эркин Файзиевич, китоб деярли тайёр, менга фақат…
Менга нима кераклигини Гадоев эшитиб ҳам ўтирмади, ҳар доимгидай жавраб-жавраб насиҳатини бошлади. Хуллас, маълумот ололмадим.
Икки ўт орасида қолдим. Раҳбарлар-ку кейин бир-бири билан келишиб ҳам кетар, ўртада айбсиз айбдор мен бўламан. Кичкина одам бўлсам…
Очиғи, қўрқиб кетдим. Ўзимни икки каттакон китнинг ўртасида мажақланиб, овози чиқмайдиган майда балиқчадек ҳис қилдим. Парпиевнинг бир хислати бор эди, ҳеч қачон ҳеч нимани эсидан чиқармасди. Айтган иши қилиняптими, йўқми – ҳар соатда текшириб турарди. Ҳар сўраганида «Ишлаяпмиз», дейман, лекин аслида ҳеч нарса қилинмаётган эди.
Яна қабулига киришга мажбур бўлдим.
– Ботир Раҳматович, китобни вақтида топшира олмайман. Эркин Файзиевич уришиб, кабинетидан ҳайдаб солди. Бекорчи иш билан шуғулланма, деди. Нима қилай?
Было видно, что генерал сильно разозлился. Но промолчал, коротко бросил: «Иди…»
Генералнинг ёмон жаҳли чиққани кўриниб турарди. Лекин менга индамади, гапни чўзмади, «Боравер», – деб қўйди.