Баъзида у ўз зулмида шу даражага бориб етадики, сиз ортиқ тоқат қилолмайсиз – эрксевар табиатингиз устун келиб, унга қарши қўзғолон кўтарасиз. Аммо вақт ўтиб, ғалаён босилади, ташвишлар унут бўлади ва сиз тағин ўз туйғуйингизга тобе бўлиб қоласиз.
Ўзингиз ҳақингиздаги яна бир сирдан бохабар бўлишга тайёрмисиз? Эсингизда бўлсин: шахсий муҳимлик туйғуси – сизнинг биринчи рақамли душманингиз.
Шахсий муҳимлик туйғусини икки оғиз гап билан таърифлаш ёки тушунтириш қийин. Айтайлик, сизни кимдир қаттиқ ҳақорат қилди. Ёки сиздан бир нарсани қаттиқ талаб этишди. Ёки сиз ўзингиздан ўзингиз бирор иш учун хафа бўлиб кетдингиз. Бундай ҳолатларда нимани ҳис қиласиз? Ғазаб, гина, араз ёки норозилик туйғуси уйғониши мумкин. Сиз зарда қилишингиз, қасдлашишингиз, ўзингизни ҳимоя қилишингиз ёки бировга ҳужум қилишгача боришингиз ҳам мумкин.
Ана шу хатти-ҳаракатлар ва ички кечинмалар ортида шахсий муҳимлик туйғуси туради. Сиздаги ҳар қандай ички кечинмалар, ўй-фикрлар, сиз айтаётган гаплар – буларнинг бари сизнинг шахсиятингиз атрофида айланаверади. Бир кун давомида «мен» олмошини гап-сўзларингиз ва фикрларингизда неча марта учрашига эътибор бериб кўринг – ваъда бераман, ўзингиз ҳам ҳайрон қоласиз.
Айтайлик, биров сизни хафа қилди. Хаёлингиздан тахминан қуйидагича савол ўтади: «У мени нега хафа қилди?» Бунда сиз маъно урғусини ҳар хил сўзга қўйишингиз мумкин.
«У мени нега хафа қилди?»
Яъни ўзингиздан нега айнан у сизни хафа қилганини сўрайсиз. Хўш, бошқаси хафа қилиши керакмиди? Ёки бошқаси сизга у айтган гапларни айтганда хафа бўлмасмидингиз? Сизга хатойингиз ҳақида, айтайлик, яқин дўстингиз айтса, буни енгил қабул қиласиз. Аммо сиз унчалик суймаган одамдан буни эшитсангиз – тамом! Бу сиз учун охирзамон дегани! Ҳар хил одамдан эшитган гапларга ҳар хил муносабатда бўлиш – одам ажратишдан бошқа нарса эмас. Ахир, сизга душманингиз бўлса ҳам хатойингиз ҳақида гапирса – бу уни тўғрилашга имкон эмасми?
«У мени нега хафа қилди?»
Яъни у нега айнан сизни хафа қилгани. Бу ҳолат – шахсий муҳимлик туйғуси энг жунбишга келган ҳолат. Ростдан ҳам, у нега сиздек беғубор, беозор ва бекам одамни хафа қилди? Мен ҳам бегуноҳ эмасман дейсизми? Унда нимага у сизни хафа қилмаслиги керак? У бошқа бировни хафа қилганда бунчалик куюнмаган бўлардингиз – шундайми?
Тўғри – баъзида биз мутлақо айбсиз бўла туриб, бўхтон қурбонига айланиб қоламиз. Аммо жуда кўп ҳолларда бўлиб ўтган воқеада бизнинг ҳам оз бўлса-да ҳиссамиз бўлади. Қарс икки қўлдан чиқади деб бекорга айтишмаган.
Энг қизиғи, биз бошимизга тушган ташвишда тақдир ва Яратганни ҳам шундай айблаб қўямиз. «Қайси гуноҳим учун?» каби саволлар аслида «Мендек беайб бандангга қилмаган гуноҳи учун нега жазо бердинг?» дегани. Уни қарангки, жуда кам одам бахтга эришганда «Қайси қилган савобларим учун менга бу бахтни ато этдинг?» деб сўрайди. Шунақа – гуноҳларимизни қисқа хотирада тутамиз-у, савобларимиз темир дафтарга ёзилади. Олган жазойимиз сабабини топа олмаслик қуйидагича саволларга олиб келади:
«У мени нега хафа қилди?»
Баъзида биз кутган нарсамиз бўлмаганидан хафа бўламиз. Кимдандир мақтов кутасиз-у, у сизни боплаб танқид қилиб беради. Кимдандир эътибор кутасиз – у сизни танимай ўтиб кетади. Яна кимдандир меҳр кутасиз – у сизга ғайирлик қилади ёки бошқа бировга меҳр кўрсатади. Шунда ўзингизга:
«У мени нега хафа қилди?»
деб савол берасиз. Ахир, ундан бир нарса кутган сиз. Ўша сиз кутган нарсани бермаса – бу у сизга нисбатан ноҳақлик қилгани эмас. Ахир, у ҳам алоҳида шахс, унинг ҳам ўз ниятлари ва режалари бор. Балки, у мутлақо сиз ундан бирор нарсага умидвор бўлаётганингизни билмас. Бу ҳолатда бирор кимдан хафа бўлиш мутлақо ўринсиз.