Тарихдаги ҳар қандай ҳарбий қудратга асосланган давлат халқини қўрқув ёрдамида бошқарган. Аввалига душманни қўрқитиш ва енгиш учун яратилган ҳарбий қудрат барча ғанимлар енгилгандан кейин, халқни назоратда сақлашга қаратилади ва бунда қўрқитиш усулидан кенг фойдаланилади. Рим империясининг қудрати – унинг халқни қўрқувда тутадиган ҳарбий кучи бўлган. Шарқда бу усулдан Хитой императорлари усталик билан фойдаланишган. Мўғил хонларининг ҳам асосий бошқарув усули қўрқув бўлган.
Механик давлат тузилмаси асосида қурилган ҳукуматлар ҳам қўрқувни асосий бошқарув қуроли сифатида ишлатадилар. Ўз даврида фашистлар Италия, Испания ва Германияда қўрқув ёрдамида ҳокимиятни тутиб турган. Совет Иттифоқининг ички қудрати кўп жиҳатдан халқни қўрқитишга асосланган. Сталин бошлаб берган бу сиёсат иккинчи жаҳон уриши сабаб ўта ҳарбийлашган улкан мамлакатда мустаҳкам ўрнашган.
Табиийки, бу усулнинг бир яққол хавфи бор: қўрқув билан бошқарилган халқ кучсиз шахслардан ташкил топади, чунки қўрқув ҳукмрон бўлган жамиятда ожиз шахслар етишиб чиқади. Бундай жамият таназзулга юз тутишга маҳкум.
Халқни кучли миллий ғурур ёрдамида ҳам бошқариш мумкин. Фақат бунда миллий ғурур табиий усулда шаклланиши, уни ҳеч ким мажбурлаб халққа ўтказишга уринмаслиги керак. Бу усулдан қадимги юнон шаҳар-давлатлари фойдаланишган. Уларда ҳар бир шаҳар-давлат ўз маданияти, диний удумлари, яшаш тарзи ва, энг асосийси – ўз миллий ғурурига эга бўлган. Айнан ана шу бошқаларга ўхшамаган бўлишдан фахрланиш туйғуси уларни ўз давлатларига ва ҳокимларига содиқ бўлишга ундаган.
Инглизлар билан асрий урушлар сабаб французларда ҳам ўта кучли миллий ғурур шаклланган ва аввалига қироллар, кейинчалик республика ҳукумати халқни назорат қилишда ана шу ғурурдан усталик билан фойдаланган. Кичик немис давлатлари ягона Германия таркибида бирлашганда, ҳукумат сунъий равишда немис миллий ғурурини шакллантиришга зўр берган. Кейинчалик ана шу сунъий миллий ғурур таъсири остида немислар икки жаҳон урушини бошлаб, иккисида ҳам ютқазганлар.
Англаб турганингиздек, миллий ғурур устига қурилган давлат бошқа халқлар билан доимий душманликка, ўзларидан бошқа ҳаммани ғаним деб яшашга маҳкум. Бундай жамиятни ташкил қилган шахсларда миллий муҳимлик жуда юқори бўлади ва бу уларга ўзлари ва бошқалар билан келишиб яшашга халал беради.
Учинчи тур бошқарув эркинлик ёрдамида амалга оширилади. Бу бошқарув усуллари ичида энг ёши ва жуда ақлли ташкил қилинган усулдир. Бунда ҳукумат халқни эркин ташлаб қўйиб бошқаради – шахс ўзини эркин ҳис қилиши учун етарли шароит яратилади ва шу билан шахснинг сергаклиги ўлдирилади. Бундай жамият вакили ўзининг бошқарув остида эканини кўп ҳолларда сезмайди.
Қўшма Штатлар ўз тарихи бошида мана шу усулда барпо қилинган. Америкага кўчиб бориб ўрнашган одамлар асосан Европада қўним топа билмаган, эски дунёдаги бошқарув тизимидан норози тижоратчи ва тадбиркорлар бўлган. Улар янги қитъада кучли асос қуриб олгандан кейин, Европа тазйиғидан батамом мустақил бўлиш истаги билан чиққанлар ва эркинликка асосланган жамият тузишга киришганлар. АҚШ ҳукумати эркинлик воситасида бошқариш усулидан ҳозиргача кенг фойдаланади: оддий америкаликларни «шахсий эркинлик» ёки «шахсий ҳуқуқлар» каби жумлалар ёрдамида деярли ҳар қандай мафкурани қабул қилишга кўндириш мумкин.
Албатта, кўп давлатлар бир нечта бошқарув усулларини уйғунликда ишлатадилар. АҚШ ҳукумати ҳам эркинлик билан бошқаришни миллий ғурур билан кучайтиради. Фашист Германияси сунъий миллий ғурурга асосланган бошқарувни қўрқув билан мустаҳкамлаган. Бугун шундай ёндашув Россия ҳукумати томонидан ишлатилмоқда. Француз давлати эса бошқарувда миллий ғурурни шахсий эркинлик билан бир қаторда ишлатишга уринади.