Бу йўлдаги энг катта ютуғимиз – «яхши» ва «ёмон» сифатларини ўйлаб топганимиз бўлган. Бу икки сўзнинг асл қудратини биз ҳар доим ҳам билавермаймиз – аммо бу икки сўз бизнинг ҳаётимизга жуда кучли таъсир қилади.

Биргина «яхши» ёки «ёмон» сифатига эргашиб, биз қарорлар қабул қиламиз. «Яхши» ёрлиғи илинган одамлар, буюмлар ва ғояларга эргашамиз – «ёмон»ларини ўзимиздан нари тутишга уринамиз. «Яхши» деб билган ишларимизни қиламиз, «ёмон»ларидан тийинамиз. Буларнинг барини биз ўзимиз «яхши» бўлиш учун – ўзимизга «яхши» бўлиши учун қиламиз.

Нима деб ўйлайсиз: қўлингиздаги китоб яхшими? У сизни яхши инсон бўлишга чорлаяптими? Яхшилик қилишга ундаяптими? Уни ўқиб, ўзингизни яхши ҳис қиляпсизми?

Бу саволлар ичида чалкашиб қолмай туриб, сизга аввал айтган гапни эслатай: яхши ва ёмон тушунчалари – одамзотнинг бахтли бўлишига қаршилик қиладиган энг катта ёлғондир. Ҳа – дунёда яхши ва ёмон одамлар, нарсалар ва ҳодисалар йўқ.

Тарбия билан онгингизга сингдирилган қоидалар ҳозир талвасага тушган бўлса керак. Лекин бунга ишониш қанчалик қийин бўлмасин – яхшилик ва ёмонлик бор-йўғи нисбий ҳақиқатлар. Уларни одамзот ўз-ўзини бахтдан айириш учун билмасдан ўйлаб топган.

Яхшилик ва ёмонлик – ижтимоий тушунчалар. Табиатда бундай тушунчалар мавжуд эмас. Табиат бундай сунъий тушунчаларни тан олмайди, уларга қараб яшамайди. Қўрқоқ ва оқкўнгил қуёнлар-у, кучли ва ёвуз бўрилар фақат эртакларда бўлади. Табиатда эса қуёнлар ҳам, бўрилар ҳам бир хил ўринга эга.

Айтайлик, шоқол кийиклар тўдасидан айнан нимжон кийик боласини танлаб, ҳужум қилди ва ўлжасига эришди. Хўш, шоқол ёмон иш қилдими? Унинг тўдадоши қари ва касалванд, ҳеч нарсага ярамай қолган кийикни ўлдирди. Хўш, буниси-чи?

Иккала шоқол яхши ҳам, ёмон ҳам эмас – улар оддий. Улар яхши иш ҳам, ёмон иш ҳам қилмадилар – улар табиий иш қилди. Иккиси ҳам ортиқча куч сарфламай, ўлжага осон эришиш йўлидан борди. Чунки бугун кучини тежаса, эртага ҳам кучукларини боқишга қуввати етади.

Бу воқеани четдан кузатиб турган одамзот эса дарров «яхши-ёмон» ўйинини бошлаб юборади. У дарров ожиз кийикчага ҳамла қилган шоқолни қоралашга тушади. Боласини қаровсиз қолдирган она кийикни ҳам айблаб қўяди орада.

Яхши ва ёмон сифатлари бизга аслида бизники бўлмаган «қозилик» ҳуқуқига даъво қилишга асос бўлади. Биз нафақат табиатдаги жараёнларни – балки бир-биримизни ҳам ана шу элакдан ўтказамиз. Бировни яхши, бировни ёмон, бир ишни яхши, бошқасини ёмон дейишдан олдин чуқурроқ ўйлаб кўрмаймиз.

Биз ҳатто ўз танамизни яхши ва ёмон нимталарга ажратамиз. Ўнг қўл – яхши, чап қўл – ёмон. Ўнг қўл билан қилинган иш – яхшилик, чап қўл билан қилингани – қинғир. Бундай яхши-ёмон ёрлиқлари мақол ва удумларимизгача сингиб кетган. Фарзандларимизни ёшликдан ўнг қўлда овқатланишга, ёзишга, чизишга ўргатамиз.

Аммо соф табиий жиҳатдан бу жуда зарарли. Одам танасининг ўнг ярмини миянинг чап ярми бошқаради. Миянинг чап ярми эса мантиқий ва танқидий фирклашга жавобгар. Танамизнинг ўнг ярмига кўпроқ эътибор бериб, уни кўпроқ машқ қилдирсак – миямизнинг ҳам фақат чап ярми ривожланади. Яни, болангизга «яхши» бўлган ўнг томонни кўпроқ тарбиялашни айтиб, сиз унинг фақат бир ёқлама ривожланишига туртки берасиз.

Миянинг ўнг ярми – мавҳум фикрлаш ва ижодий фаолиятга жавобгар. Мона Лиза ва Шашмақомларни буюк даҳоларнинг айнан ўнг мия қисми яратган. Инсоният барпо қилган барча гўзал нарсалар – мия ўнг ярми маҳсулоти.

Кўпчилик иқтидорли одамларнинг чапақай бўлгани бизга маълум. Аммо бунда улар иқтидорли бўлганлари учун чапақай бўлиб қолмаганлар – аксинча, улар болаликдан чап қўлларини ҳам тарбия қилганлари учун, уларнинг ўнг мияси яхши ривожланиб, улар истеъдодли бўлиб етишишган.