Бироқ юқорида айтилган тадқиқотчилар томонидан технология фани дарслари жараёнида ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришда ўқитиш технологиялари (гуманитар технологиялар) билан ишлаб чиқариш технологиялари (техник технологиялар) нинг ўзаро узвий боғланган – уйғунлашган ҳолатидан фойдаланиш масалалари ўрганилмаган. Бошқа кўпгина адабиётларда ҳам бу мазкур масаланинг ўзига хос хусусиятлари етарли очиб берилмаган. Худди мана шу ҳолатлар юқорида номланган мавзуни танлашга асос бўлди.
«Ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ривожлантиришнинг уйғунлашган технологиялари» деганда биз умумий ўрта таълим мактабларида ўқитиладиган технология фани дарсларида ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ривожлантиришда гуманитар ва техник технологияларнинг имкониятларидан ўзаро боғланган, бир-бири билан уйғунлашган ҳолда фойдаланишга қаратилган шарт-шароитларни, методларни назарда тутамиз [103; 102-105-б.]. Чунки технология фани дарслари асосан амалий кўринишдаги машғулотлардан ташкил топган. Бунда ўқувчи бирор буюм тайёрлашда техник технология тизими бўйича фаолият кўрсатади. Унинг мана шу фаолиятини самарали бўлиши учун эса аввало унга мазкур буюмнинг тузилиши, ишлатилиши ва уни тайёрлашга оид назарий тушунча беришга тўғри келади. Худди мана у ҳолатда ўқитиш (гуманитар) технологияларидан фойдаланилади. Демак, технология фани дарсларида ўқувчиларнинг иш фаолиятини ташкил этиш бевосита ўқитиш ва техник технологияларни қўллаган ҳолда амалга оширилади. Шу билан бирга макур технологияларни ўзаро узвий боғланган, уйғунлашган ҳолда қўллаш ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш учун қулай имкониятларни юзага келтиради [103; 102-105-б].
§2.2. Технология дарслари жараёнида ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришнинг умумий масалалари
Республикамизда таълимнинг асосий мақсади бизнинг демократик эркин давлат қураётганлигимиз, бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш йўлига кирганлигимиз билан бевосита боғланади. Давлатнинг буюк келажаги фуқароларимизнинг маълумотлилигига, маданиятига, бунёдкорли-гига таянади. Зеро, эски таълим-тарбия асосига янги жамиятни қуриб бўлмайди. Шу муносабат билан таълим қуйидаги мақсадларни кўзда тутади:
– мустақиллигимизни, истиқлолимизни ҳис эта биладиган, ўзлигини англаб етган кишиларни тарбиялаш;
– республикамизнинг ақл-заковат ва илм борасидаги куч-қувватини ривожлантириш; оила, жамият, давлатимиз олдидаги масъулиятини англайдиган, ҳар жиҳатдан баркамол шахсни шакллантириш;
– ахлоқий пок, жисмоний бақувват, Ватан туйғуси билан суғорилган фидойи инсон, изланувчан, ташаббускор соғлом авлодни шакллантириш;
– фақат маълумот олиш, савод ўрганиш билан чегараланиб қолмайдиган, ўрганганларини ҳаётга татбиқ эта биладиган шахсни тарбиялаш;
– янги жамиятни қуриш, унда яшаш ишларини биладиган ёшларни тарбиялаш [209; 3-4-б.].
Бу мақсадларни амалга ошириш учун узлуксиз таълим тизимининг асосий бўғини ҳисобланган умумий ўрта таълим мактабларидаги таълим-тарбия масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, мактаб – жамият кўзгусидир. Биз мактаб яратганда ҳам шундай мактаб яратишимиз лозимки, бу қадимда бобокалонларимиз Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Абдулла Авлоний, Фитрат, Абдулла Қодирийлар яратган илму-маърифат ўчоғи сифатида ном қозониши даркор [128; 3-4-б.]. Бу илм ўчоғи миллат руҳи билан уйғунлашган даргоҳ бўлмоғи лозим. Миллатнинг келажаги – миллий мактабдир. Инсон дунёга икки бор келади, деб айтишади, яъни биринчи бор дунёни тушуниши ва идрок этиши лозим бўлган гўдак бўлиб, иккинчи бор эса беқиёс, кенг билимларни эгаллаган, ёрқин ҳаётий мақсадга эга ва энг мушкул вазиятдан ҳам чиқа оладиган мустақил инсон бўлиб яралади. Мана шундай мустақил шахсларни камол топтиришда умумтаълим мактаблари пойдевор бўлиб хизмат қилади. Мана шу пойдеворни мустаҳкам бўлиши учун билимни кўникма, малака билангина эмас, балки ижодкорлик билан ҳам қориштириш лозим. Пойдеворнинг мустаҳкам бўлиши, албатта уни қурувчиси бўлган ўқитувчиларга ҳам боғлиқдир. Бугунги бозор иқтисодиётига ўтиш даврининг асосий талаби малакали кадрлардир. Биз тарбиялаётган кадрлар тиришқоқ, талабчан, изланувчан, янгиликка интилувчан бўлмас экан, биз келажакка илдам қадам ташлай олмаймиз. Чунки бозор иқтисодиёти бир нуқтада тўхтаб қолмасдан, тез фурсатда ривожланишни талаб қилади. Бунинг учун биз тарбиялаётган кадрлар яратувчан, ижодкор шахслар бўлмоғи лозим. Бу кўникма ва малакаларни ўқувчилар умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган вақтларидаёқ эгаллашлари лозим. Умумтаълим мактабларида бошқа фанлардан фарқли равишда технология фани машғулотларида ўқувчиларнинг ижодкорлик қобилиятларини шакллантиришда катта имкониятлар мавжуд. Сабаби, технология фани машғулотларида назарий таълим амалий таълим билан узвий боғлаб олиб борилади. Бу ўқувчиларнинг мустақил ишлашини, имконият даражасида ўз қобилиятини намоён этишни таъминлайди.