2. Юқорида таъкидланганидек, технология ўқув фани узоқ муддат, яъни биринчи синфдан то охирги синфгача бўлган давр ичида ўқитилади. Бундан кўзланган асосий мақсад – ўқувчиларни ақлий ва жисмоний томондан тўғри ривожлантириш, меҳнат олами ва меҳнат кишилари, меҳнат қуроллари ва амаллари, асосий ишлаб чиқариш соҳалари ва касблар билан таништириш, иш қуролларидан фойдаланиш, оддий буюмларни ясашга оид меҳнат малакаларини ҳосил қилиш, онгли равишда касб танлашга йўналтиришдан иборат. Бу ишларни мактабда шартли равишдв уч босқичда амалга оширилади, бу босқичларнинг ҳар бирини олдига қўйилган аниқ вазифалар мавжуд бўлади. Жумладан, 1-босқичда 1-4-синфлардаги технология фани дарсларида ўқувчиларга кишиларнинг ҳаётида меҳнатнинг тутган ўрни, энг содда меҳнат амаллари ва иш қуроллари, улардан фойдаланишга оид дастлабки маълумотлар берилади. Қоғоз, елим, газлама, ип, пластилин каби материаллардан игна, қайчи, пичоқ каби меҳнат қуроллари ёрдамида содда буюмлар, ўйинчоқлар ясаш, тайёрлаш орқали уларда дастлабки меҳнат кўникмалари шакллантирилади.

2-босқичдаги технология фани дарсларини V—VII синфлардаги технология фани дарслари ташкил этади. Бу босқичдаги технология фани дарслари Технология ва дизайн, Сервис хизмати йўналишларида ташкил этилади (бўлинмайдиган синфлар эса умумлашган йўналиш бўйича ўқитилади). V—VII синфлардаги бу машғулотларда ўқувчиларга ишлаб чиқаришнинг асосий бўғинлари бўлган ёғоч, пластмасса ва полимер материаллар, металл, газламаларга ишлов бериш ва таом тайёрлаш, электротехник ишлар ва таъмирлаш ишларига оид дастлабки умумий билимлар берилади, меҳнат кўникмалари ҳосил қилинади. Булар ишлаб чиқаришнинг энг муҳим кўринишлари бўлиб, деярли ҳамма соҳаларда қўлланилади. Шу сабабли ўқувчиларга бу соҳаларга оид маълумотлар бериш ва меҳнат кўникмаларини ҳосил қилиш орқали улар келгусида бирор касбни онгли равишда танлашга йўналтирилади.

3-босқичдаги технология фани дарслари VIII—IX синфларда олиб бориладиган технология фани дарсларидан иборат бўлиб, бўлиб, бу халқ ҳунармандчилиги технологияси, ишлаб чиқариш ва рўзғоршунослик асослари, электроника асослари, ижодий лойиҳа тайёрлаш технологияси, касб танлашга йўллаш бўлимларидан ташкил топган. Бунда ўқувчиларга асосан касб турлари, уларнинг ўзига хос хусусиятлари, касб танлашда нималарга эътибор бериш зарурлиги ҳақидаги маълумотлар ўргатилади. Бу касблардан қайси бирини танлаш ўқувчиларнинг ўзларига ҳавола этилади [72; 6-б.].

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, 5-9-синфлардаги технология фани дарсларида ўқувчиларга бирор-бир касб тугал ўргатилмайди. Балки бир неча касблар ҳақида умумий маълумотлар бериш, айрим иш қуроллари, механизм ва станоклардан фойдаланиш орқали, айрим деталь ва буюмларни тайёрлаш жараёнларини ўргатиш орқали ўқувчиларда ўша касблар ҳақида дастлабки тасаввурлар ҳосил қилинади, шулар орқали уларни келгусида онгли равишда касб танлашга йўллаш ишлари амалга оширилади. (Умумий ўрта таълим мактабларининг 11 йиллик таълимга ўтказилиши муносабати билан 4-босқич ишлари ҳам юзага келди. Бунда энди ўқувчиларга маълум бир касбларни ўргатиш назарда тутилади. Шунинг учун бу янги масала бўлиб, бунга энди алоҳида тадқиқот ишлари мавзуси сифатида қараш керак).

3. Ҳозирги пайтда технология ўқув фани мазмуни ва моҳияти ишлаб чиқариш соҳаларига мос келади. Бироқ мактабларда мазкур фанни ўқитишни ҳамма жойларда талаб даражасида олиб бориляпти, деб бўлмайди. Чунки айрим мактабларда ўқув хоналари ва ўқув устахоналари етарли даража жиҳозланмаган. Мазкур ҳолатдан чиқишнинг қулай усул ва воситаларидан бири – компьютер техникаси ва ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳисобланади.