Хоразм тарихчилик мактабига асос солган ҳукмдорлардан бири ҳам Абулғозий Баҳодирхондир. У 1661 йилда «Шажараий тарокима», орадан уч йил ўтгач, яъни 1664 йилда ёзган «Шажараий турк» асрларида ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, туркман ва бошқа туркий ҳалқлар тарихини чуқур тадқиқ этди.

«Шажараий тарокима» да туркларни афсонавий ҳукмдори ҳисобланган Ўғизхон, унинг авлод-аждоди, туркман уруғларининг келиб чиқиши ихчам ва ёрқин ёритилган. «Шажараий турк» асарида эса Одам атодан то ўз замонасигача бўлган тарихий воқеалар, айниқса Чингизхон, ундан кейинги давр тарихи ҳар томонлама изчил қаламга олинган.

Ҳукмдор тарихчи томонидан битилган асарлар ҳаяжон билан ўқилади. Китобхоннинг кўз ўнгида ўтмиш лаҳзалари жонланади. Ота-боболаримизнинг нимага қодир эканлиги ёққол намоён бўлади. Тарихий шахслар ҳақида фикр юритар экан, китобхонни зериктирмаслик, аксинча уни асарга янада яқинлаштириш учун бадиий воситалардан кенгроқ фойдаланилади. Мен ҳам бу китобларни қайта-қайта мутолаа қилганман.

Абулғозий Баҳодирхон асарлари Шарқ, рус ва Ғарбий Европа тарихчи олимларини ҳам диққат эътиборини тортган. Бу асарлар бошқа тилларга қунт билан таржима қилинган. 1993 йилда хизмат юзасидан Германия сафарида бўлганимда Манхайм шаҳридаги кутубхонада Абулғозий Баҳодирхоннинг немис ва инглиз тилларига ўгирилган ўша машҳур икки асарини кўрганимда фахрга, қувончга тўлганман.

Бу адолатпарвар, элпарвар элдошимиздан ҳозирги даврда ҳам, бундан кейин ҳам ибрат олса арзугулик фазилатлар бисёр. Чунончи у Шовот Ғознобод, Полвонёп, Қиличбой каналларини қайта таъмирлашга ўзи бош-қош бўлди. Янги ариқлар қаздирди. Бу билан ХУ1 асрнинг 70 йилларида Амударё оқимининг ўзгариши билан Хоразмнинг шимолий қисмида юз берган сув танқислигининг ҳам олди олинганлиги тарихдан маълум. Хуллас, бу ҳукмдор ҳиммати билан қилинган хайрли ишлар Хоразм воҳасининг тараққий топа бориши, гуллаб яшнашига ҳисса бўлиб қўшилди.

Абулғозий Баҳодирхон ўз бошидан жуда кўп ранж-алам, қийинчилик, ҳаётнинг бешавқат ташвишлари, азобларини кечирган инсон. Бир сўз билан айтганда ҳаёт қозонида қайнаб, пўлатдек тобланган, кучли иродали шахс. У бор – йўғи 60 йил умр кўрган бўлса шунинг қарайиб 20 йилини муҳожирликда жуда қийинчилик билан ўтказди, ҳатто ўз акалари томонидан 10 йил Эрондаги Исфахон турмасида ҳам азоб чекади. 1639 йили бу турмадан қочиб Манғишлоқ орқали Оролбўйи ўзбеклари ҳузурига келади. Катта қўшин тўплаб, олдин Қўнғирот, кейинчалик Хивани эгаллайди. Хивада хонлик даврида (1643—1663 йиллар) хонликнинг жанубий-ғарбий чегараларини кенгайтириш, ташқаридан бўлаётган ҳавф-ҳатарларни даф этиш учун барча зарур чора тадбирларни кўради. Буюк ипак йўли орқали Бухоро, Эрон, Туркия, Астрахан, Ҳиндистон Россия мамлакатлари билан ўзаро алоқаларни ривожлантиришга аҳамиятни кучайтиради. Хусусан, савдо – сотиқ, тижорат ривожлантирилди. Агар тарих саҳифаларини варақлаб, бир нарсага жиддий эътибор билан қаралса, Абулғозий Баҳодирхон тахтга ўтирган кунидан бошлаб маъмурий ислоҳот ўтказишга асосий эътибор қаратганлигининг гувоҳи бўламиз. Хонликнинг марказий бошқарув тизимини ерли аҳолининг нуфузли, илмли, эл юртда катта эътибор қозонган вакиллари ҳисобига мустаҳкамлашга эришган. Бу эса сиёсий ва иқтисодий таназзулни олдини олишда, ҳалқнинг фаровонлик сари етаклашда муҳим аҳамият касб этганлиги шак-шубҳасиздир.

1646 йилда Абулғозий Баҳодирхон томонидан янги Урганчга асос солинганида ҳам бошқарув лавозимларида энг оқил, доно, тадбиркор инсонлар фаолият кўрсатишган. Шу боис янги Урганч яна қаддини тиклаб, Хоразмнинг кўркам, чиройли шаҳарларидан бирига айланиб, қурилиш бунёдкорлик, савдо-сотиқ соҳаларида кўплаб ҳайрли ишлар амалга оширила бошлаган, ҳунармандчилик ривожлантирилган. Абулғозий хоннинг бу йўналишидаги хайрли ва савоб ишларини унинг вафотидан кейин тахтга ўтирган ўғли Анушахон давом эттиради…